Биласизми?
Жаҳон адабиётининг дурдоналарини яратган, асарлари нафақат ўз даври, балки барча замонларда ҳам катта мунозара ва қизиқишларга сабаб бўлган, адабиёт ва сўз оламининг заргарлари саналган айрим ижодкорларнинг умри қашшоқликда ўтгани ёхуд ҳеч вақоси қолмай вафот этгани аччиқ ҳақиқат.
Ўзини қашшоқлик бағрига ташлаган Толстой
Ёзувчи танлаган қашшоқ ҳаёт аслида унинг ўз истаги эди, десак янглишмаган бўламиз. Лев Николаевич Толстой бадавлат оиланинг фарзанди бўлишига қарамай ўқишни тамомлагач камбағал қишлоқ аҳолиси сафига қўшилади. Чунки рус қишлоқларининг ночор, умидсиз, аянчли аҳволи уни ташвишга соларди.
Ёзувчи оиласидан мерос қолган барча ерларни ночорларга тақсимлаб беради, қимматбаҳо буюмларини сотиб пулини муҳтожларга ҳадя қилади. Ҳатто асарлари учун топширилган мукофотдан ҳам бош тортиб, оддий қишлоқ одами бўлиб яшашни танлайди.
“Анна Каренина”, “Уруш ва тинчлик” каби бир қатор буюк асарлар муаллифи бор бисотини тарқатиб бўлгач, камбағаллик домига тушиб қолади, ўзи кийим-кечак, поябзал тикади. Шу баробарида ёзади, уй юмушларини ҳам ўзи бажаради. Бироқ ижодкорнинг асл қашшоқлиги сабаби муваффақиятсиз никоҳида эди...
Уйини ҳам муҳтожларга совға қилиб, дарбадарликка отланган ва Остапово станциясида оламдан ўтган адибдан барча даврларнинг энг машҳур асарлари қолди.
“Худойим, бечора руҳимга мадад бер!”
Ўзига хос шеърлари ҳамда ғаройиб ҳикоялари билан Америка адабиётининг машҳур ёзарига айланган Эдгар Аллан По ўта қиморбоз ва пиёниста сифатида ҳам танилган эди.
Ўз асарларини бир бурда нон ва бир товоқ овқатга алмашган По ўн йил давомида ёзган “Лигея” романини ҳам бор-йўғи 10 долларга пуллайди. Жами 3 долларлик ижара ҳақини ҳам тўлай олмаган ёзувчининг ҳаёти ачинарли экани кўпчиликка маълум бўлмаса керак. Ёзувчи ҳатто очлик ва сил касаллигидан вафот этган рафиқаси Виржинияни дафн этишга ҳам пул топа олмайди.
Қўшнилари келтирган овқатлар билан жон сақлаётган По тўрт кунлик хасталикдан сўнг 40 ёшида дунёдан кўз юмади. Ёзувчидан бизга бетакрор асарлар ва қуйидагича сўнгги сўз қолган: “Худойим, бечора руҳимга мадад бер!”
Ўлимидан сўнг унинг бор-йўғи 8 саҳифалик қўлёзмаси 10 минг долларга сотилади.
Қашшоқликда якун топган умр
Бутун дунё бўйича энг кўп сотилган тарихий романлар муаллифи ҳисобланган Александр Дюманинг 200 минг саҳифалик роман, драма ҳамда тарихий китобларининг умумий қиймати 5 миллион долларни ташкил этади. Бу кўрсаткичга у билан бир даврда яшаган бирорта ижодкор эриша олмаган.
Бироқ ёзувчининг яхши ҳаёт тарзига бўлган қизиқиши ачинарли якунга олиб келади. Умрининг сўнгги йилларини қашшоқликда ўтказган Дюма ўз таржимаи ҳолида уни очликдан ўлишга йўл қўймаган ҳамда қарзларини тўлаган яқинларига миннатдорлик билдиради.
У бутун умрини қарздорликда яшаган
“Том Сойернинг саргузаштлари” ва “Геклберри Финннинг саргузаштлари” номли машҳур болалар романлари муаллифи Марк Твен Американинг энг машҳур ёзувчиларидан бири ҳисобланади.
Ҳаёти давомида пул топиш илинжида турли ишларга сармоя киритган Марк Твен ҳамиша муваффақиятсизликка учрайди. Жумладан, 1885 йилда ташкил этилган нашриёти банкрот бўлади, 58 ёшида бўйнигача қарзга ботади.
5 йил давомида китоб ёзиб, Австралиядан Ҳиндистонгача, Жанубий Африкадан Англиягача бўлган кўплаб мамлакатларда анжуманлар ўтказиб, қарзларини тўлайди.
Рафиқаси Оливия камбағаллика чидолмайди, соғлиғи ёмонлашади ва Флоренцияда вафот этади. Ёзувчи эса олти йилдан кейин 75 ёшида дунёдан ўтган.
Қамоқхонадаги аянчли ўлим
Оскар Уайлд суд жараёнида ахлоқсизликда айбланиши туфайли бутун ҳаёти барбод бўлади. Ичкиликка берилган ёзувчининг касаллиги оғирлашади, қамоқда ўтган кунлар эса дард устига чипқон бўлади.
Чидаб бўлмас азоблар исканжасида қолган Оскар Уайлд 1890 йил 30 ноябрда вафот этади. Йиллар ўтиб ҳоки Франциядаги машҳур Пер-Лашес қабристонига кўчирилади.
Чўнтагида 28 тийин чақа билан кўз юмади
Машҳур турк шоири Ўрхон Вели ўз ҳаётини қисқача шарҳлайди: “Мен 1914 йилда туғилдим. 1 ёшимда қурбақадан қўрқдим. 9 ёшимда китоб ўқишга, 10 ёшимда эса ёзишга қизиқиб қолдим. 13 ёшимда Ўқтой Рифатни, 14 ёшимда эса Малик Жовитни танидим. 17 ёшимда қовоқхонага йўл олдим. 19 ёшимда эса дарбадарликда ҳаёт кечира бошладим. 20 ёшдан кейин эса пул топиш ва қашшоқликда яшашни ўргандим. 25 ёшимда автоҳалокатга учрадим. Севиб қолдим. Бироқ уйланмадим. Ҳозир эса аскарман...”
Шоир овқатланаётганда бирдан полга йиқилади, миясига қон қуйилиши оқибатида жон беради... У ўша кунларда ичкиликбозликдан даволанаётганди.
Ўша кечадаёқ жон берган шоир бор-йўғи 36 ёшда эди. Дунё билан видолашаркан юрагида севган аёли, чўнтагида эса 28 тийин чақаси бор эди, холос...
Раҳмат Бобожон таржимаси
Биласизми?
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ