Важоҳатли ёзувчи


Сақлаш
14:09 / 15.09.2021 0 1086

Майли-да, энди...

Кунлардан бир кун Шукур Холмирзаев кўчада кетаётган экан, олдидан шоир, ёзувчи, беғубор инсон  Омон Мухтор чиқиб қолади. Салом-аликдан сўнг Омон ака қайсидир бир ёзувчининг янги чиққан асарини ўқидингизми, деб сўрайди.

– Йўқ! – дейди Шукур ака ҳамсуҳбатига жиддий тикилиб.

– Ўқинг, жуда зўр! – дейди Омон Мухтор.

Шукур ака пинак бузмай тураверади.

– Рост айтаяпман, яхши нарса экан.

Шукур ака яна важоҳатини ўзгартирмайди.

– Балки унчалик зўр эмасдир, ҳарҳолда менга ёқди-да, – дейди Омон ака сал ўнғайсизланиб.

Ҳамсуҳбати эса ўша-ўша тап тортмай, юзига жиддий тикилиб тураверади.

– Ҳай, майли-да энди, Шукийжон! – дейди Омон ака чучук тилда, муросага ундаб.

Шукур ака шундагина ролдан чиқиб, кулиб юборади. Аканинг яхшигина артистлик истеъдоди бор эди.

 

 

Қайтиш йўқ

Шукур ака ёзувчи Зоҳир Аълам билан нозикроқ бир жойга боришади. Кутилмаганда худди ошга пашша тушгандек даврада иккита хира барзанги пайдо бўлади-ю сурбетлик қилавериб, ҳаммани безор қилади. Ахийри Шукур аканинг тоқати тоқ бўлади, аста хезланиб ўрнидан туради.

– Энағарларни сўйворайми, Зоҳиржон!

– Сўйинг! – дейди Зоҳир ҳам тап тортмай.

– Ўлигини қаерга қўямиз? – дейди Шукур ака гўё шу муаммо ҳал бўлса, “энағарлар”ни ростдан ҳам сўйворадигандек.

 

 

Вахший... шоир

Дўрмондаги ижод уйи ошхонасида овқатланиб ўтирган эдик, гурунг асносида кимдир шундай деб қолди:

– Ҳиндистонда биз томонлардан бориб қолган бир шоир бор экан. Тахаллуси ҳам ғалати – “Урфий” эмиш. Урф дегани модний маъносида бўлса керак-да, қизиқ...

– Аслида кўпчилик туғилган юртини ўзига тахаллус қилиб олади, деди яна кимдир. Масалан, Хоразмий, Самарқандий, Андижоний дегандек...

Шу тарзда гурунг давом этаётган эди, Шукур ака бирдан “пиқ” этиб кулиб юборди. Ҳаммамиз “ялт” этиб унга қарадик. Шукур ака кулгининг сабабини изоҳлаб, шундай деди:

– Мабодо, Вахшлик одам шоир бўлиб қолса, тахаллуси... Вахший бўларкан-да?

 

Хурмо бўлмаганда

Кунлардан бир кун Шукур аканинг Дўрмондаги боғига журналист мухлислари – Бахтиёр Олломурод билан Эгам Дўст йўқлаб келишади. Дастурхонга меҳмонлар олиб келган хурмо ҳам қўйилади. Йигитларнинг қорни оч эканми, мезбон чой-пой қўйгунча хурмони ўзлари паққос еб битиришади, ҳатто мезбонга бир дона ҳам қолдиришмайди.

Шукур ака хурмодан бўшаб қолган идишга қараб туриб шундай гап қотади:

 – Яхшиям хурмо олиб келибсизлар, акс ҳолда мениям еб қўярдинглар!..

 

“Намунча ақллисиз”

Хумсондаги далаҳовлимда бир гуруҳ шоир, ёзувчи дўстлар билан гурунглашиб ўтирувдик. Таниқли публицист Зуҳриддин Исомиддиновнинг “Тафаккур” журналида босилган суҳбатини биримиз олиб, биримиз қўйиб роса мақтадик. Суҳбат менга ҳам маъқул бўлувди, аммо сал бошқачароқ, бироз ҳазиломуз муносабат билдиргим келди.

– Зуҳриддин, – дедим, – ўша сизнинг суҳбатингиз тугаган саҳифадан кейин каминанинг Шукур Холмирзаев билан қилган суҳбатимга (шахсий архивимда қолган суҳбат эди − Ш.О.) кўзингиз тушгандир. Мабодо Шукур ака ҳозир ҳаёт бўлиб, Сизнинг ўша суҳбатингизни ўқиганда нима дер эди, биласизми?

– Йўқ, билмайман, – деди Зуҳриддин саволимдан андак таажжубланиб.

– Раҳматли Шукур ака “Намунча ақллисиз!” деган бўларди.

Жўралар бу гапимга жилмайиб қўйишди. Дарҳақиқат, Шукур ака даврада ўзига маъқул, жўялироқ бир гапни эшитса, шундай лутф қиладиган одати бор эди. Бунақа ғаройиб қочирим фақат Шукур акага хос эди. У бу гапни мутлақо киноясиз, самимий, беозор бир оҳангда айтар эдики, даврадагилар бундай ҳазилдан беихтиёр завқланиб кетарди.

 

Сиз гапираверинг, мен...

Таниқли адиб Хуршид Дўстмуҳаммад бир куни ёзувчиларнинг Дўрмондаги ижод уйига йўли тушиб, шу ерда яшаб ижод қилаётган Шукур аканинг хонасига йўқлаб киради. Кирса Шукур ака ароқ ичаётган экан. Хуршиднинг ногоҳ энсаси қотади. Устозга ҳадди сиғиб шундай дейди:

Э бас қилинг энди шу зормандани, сизни тамом қилади-ку!

Шукур ака эътироздан ўзини йўқотмайди.

Хуршиджон, Сиз бемалол гапираверинг, мен ичавераман...

 

                                                Шодмон ОТАБЕК

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

14:01 / 16.01.2025 0 90
Қуриб кетсин музейинг!..

Қатра

12:01 / 13.01.2025 0 84
Муаллимдан таёқ еган султон



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 7447
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 5039
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4681
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4110
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3457
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 3031
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2948
Туғилган кун

//