Биласизми?
Ўзбек замини қадимдан ўзининг бой маданий мероси, боқий анъаналари, халқ амалий санъати билан жаҳонга машҳурдир. Айниқса, ҳунармандчиликнинг ёғоч ўймакорлиги йўналишида яратилган дурдона асарлар неча асрлардан бери ўз қадр-қимматини йўқотгани йўқ. Ҳунарманд Акмал Азларов ёғоч ўймакорлигида турли буюмларни тайёрлашда ва уларга мураккаб нақш туширишда асосан ёнғоқ дарахти ёғочидан фойдаланади. Устанинг айтишича, ундан ясалган лавҳ, қаламдон, қутича, лаган, шунингдек, рўзғор ва эсдалик буюмлари харидоргир ва сифатли ҳисобланар экан.
1. Ёғоч ўймакорлиги ҳунари устадан бир қанча соҳаларни мукаммал ўрганишни талаб этади. У ёғоч сифатини яхши билувчи технолог, тажрибали дурадгор, маҳоратли наққош, математикадан етарли билимга эга бўлиши керак. Ёғоч ўймакорлигида бирор буюм тайёр ҳолга келгунича ёғоч бир нечта мураккаб босқичлардан ўтади.
2. Ушбу санъатда қайрағоч, арча, ёнғоқ, тут, ўрик, чинор, тол, терак дарахтлари ёғочидан кўпроқ фойдаланилади. Чунки уларнинг таркибида смола (қатрон) кўп бўлиб, тезда чиримайди, тахтаси тўғри ва узун, силлиқ бўлиб, ишлов бериш осон. Айниқса, ёнғоқдан ясалган жиҳозлар сувга, турли об-ҳавога чидамлилиги сабабли узоқ йиллар хизмат қилади. Одатда тажрибали усталар ишлов бериш учун кунгай жойда ўсган ва кам бутоқли дарахтни танлашади. Бутоғи(кўзи) катта ёғочлардан тайёрланган буюмлар йиллар ўтиб ёрилиб кетиши мумкин.
3. Ёғоч икки хил услубда: ғўла ёки махсус ускунада ўлчаб кесилган ҳолда бўлади. Ранги бир хилда кўриниши, турли чиқиндилардан тозаланиши учун ёғоч уч ойдан олти ойгача сувда сақланади. Сўнгра олти йилдан ўн йилгача шахмат кўринишида соя жойга тахлаб қўйилади. Ўймакорликда энг муҳими, ёғочни эътибор билан қуритиш ҳисобланади. Бугунги кунда баъзи ҳунармандлар ёғочни хориждан келтирилган махсус печларда қуритишмоқда.
4. Меъёрида қуритилган ёғочдан буюм ясаш учун керакли ўлчамдаги тахталар кесилади ва улар бириктириб елимланади. Сўнгра ярим тайёр буюм юзаси майда қумли жилвир қоғозда силлиқланади ва бахмал мато билан артилади. Ёғочлар оралиғида қиринди ёки бўшлиқ қолмаслиги керак. Ишнинг мураккаблигига қараб, ҳунарманд битта санъат асарини яратиш учун икки ҳафтадан икки ойгача вақтини сарфлайди.
5. Дастлаб, уста қаттиқ ва қалин қоғозга мўлжалланган буюм ўлчами асосида нақш андозасини чизади ва эскизни махсус хитой қоғозига кўчиради. Сўнгра нақшлар устидан игна ёрдамида бирма-бир нуқта тешади. Хитой қоғозини буюмга ёпиштириб, матога ўралган кўмир кукунини унинг устидан ишқалаб чиқади. Натижада ёғоч юзасида нақш ҳосил бўлади. Ўймакорлик ишлари ниҳоясига етгач, буюм икки марта локланади.
6. Ёғоч ўймакорлигида “ислимий” (ўсимликсимон яъни барг, гул, новда тасвирларидан ҳосил қилинган композиция), "паргори" (ёғочга циркуль ёрдамида чизилиб, кейин ўйиладиган нақш тури), "бағдоди" (турли геометрик шакллар йиғиндисидан иборат нақшлар жамланмаси) услубида эшик, устун, панжара ва хонтахталарга безак берилади. Нақш қанчалик эҳтиёткорлик ва дид билан ишланса, буюм нафис ва бежирим чиқади. Нақш мужассамотида гириҳ ва ислимий нақшлар ҳамоҳанг ишлатилади, мустақил равишда гириҳ камдан-кам ҳолларда қўлланилади.
7. Ёғоч ўймакорлиги санъатида 50 дан ортиқ махсус асбоблардан фойдаланилади. Жумаладан, куракча искана, нова искана, тўғри искана, замин исканалар, чекма искана, ховза искана, морпеч искана, гурзи ва бошқалар. Нақш замини ўйиб бўлингандан сўнг гурзи билан чакичлаб чиқилади.
8. Юртимизда ёғоч ўймакорлигининг ўзига хос йўналишлари мавжуд. Масалан, хивалик ҳунармандлар ясаган буюмларда ёғочнинг табиий ранги сақлаб қолинади. Юзаси ва замини лок ва зиғир ёғи билан бўялади. Бухоро ўймакорлиги эса жимжима нақшлари, заминида ранглардан фойдаланиши билан ажралиб туради. Қўқонлик усталар нақшни бўртмали, паргори услубида солишади. Биноларни безашда хусусан, эшик ва устунларга йирик, чуқур нақш ўйишади. Усталар ўйилган рельефнинг юзига тўқроқ ранг бериб, кейин локлайдилар.
9. Тошкент ёғоч ўймакорлиги мактабида нақшлар бир-икки, баъзан уч қаватли услубда ўйилади. Эндиликда тошкентлик усталар тайёрлаган буюмлар композициясида ўсимликсимон, геометрик, гулли гириҳ билан бир қаторда рамзий маънони англатувчи тасвирлар пайдо бўлди. Тошкент ёғоч ўймакорлиги бошқа вилоятларникидан ўсимликсимон нақш новдаларининг эгилувчан ишланиши, майда ва зичлиги, заминининг камлиги билан ажралиб туради.
Биласизми?
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ