Стол ва дастурхон устида қошиқ билан ишлаяпман – Ғанижон Тошматов ҳангомалари


Сақлаш
14:04 / 12.04.2022 0 1213

Поповга раҳмат

 

Радиода бемаза қўшиқ янграй бошланганди, дадам менга:

 

– Муҳсинали, радиони ўчириб қўй, – деди-да, ортидан қўшиб қўйди, – Александр Поповга раҳмат.

 

Мен ҳайрон бўлиб сўрадим:

 

– Дада, нега ундай деяпсиз?

 

– У радиони кашф этган одам, – деб шошилмай тушунтирди дадам, – исталган пайтда радиони ўчириб қўядиган қилган-да. Агар ўчмаса, додингни кимга айтардинг!

 

 

Хумпар

 

Ғанижон Тошматовнинг юбилейида ҳар ким келтирган совға-саломи билан саҳнага чиқиб, гап ёки луқма ташлаб, шунга яраша жавоб олгач, жойига бориб ўтирарди. Жумладан, Ўзбекистон театр арбоблари уюшмаси мутасаддиларидан бири қўлида Ғанижон Тошматов сурати туширилган кўзани кўтариб чиқиб, деди:

 

– Аввалги юбилейингизда устига дўппи ва белбоғ қўйилган лаган олиб чиққандим. Шунда сиз: “Бу киши лаганга солиб чиқибди”, деган эдингиз (Аскиячилар орасида “лаганга солиб чиқибди” дегани, лаганбардор деган маъно беради.) Мана энди кўза олиб чиқдим.

 

– Бизда кўза хум дейилади, – жавоб берибди Ғанижон Тошматов. – Сиздан олдин ҳам кўза олиб чиқишганди, сиз эса, иккинчисини олиб келибсиз. Агар у битта бўлса хум бўларди, иккита бўлгани учун хумпар бўлади.

 

 

Катта қилиб оламан

 

Бир гуруҳ санъат арбоблари Ғанижон Тошматовнинг 80 йиллик юбилейида садафланмаган жойи қолмаган, чиройли ва мўъжаз танбурни совға сифатида саҳнага олиб чиқиб топшираётиб:

 

– Ҳозирча танбурнинг кичкинасини олиб туринг, кейинги юбилейингизга каттасини совға қиламиз, – дея қутлашади.

 

Ғанижон Тошматов мўъжаз танбурни қўлига олиб, жавоб берибди:

 

– Кейинги юбилейга ҳали ўн йил бор, унгача буни ўзим катта қилиб оламан.

 

 

Якан

 

Ғанижон Тошматов “Мақом” ансамблига раҳбарлик қилганда тартиб-интизом масаласига жиддий эътибор беради. Шунга қарамай, таниқли бир санъаткор бир кун ишга келмайди. Эртаси куни пайдо бўлганда раҳбар:

 

– Қаерда эдинг? – деб сўрайди.

 

– Фарғонага боргандим.

 

Раҳбар ходимининг бир кунда Фарғонага қандай бориб-келганига ишонмай суриштиради:

 

– Нимада бориб келдинг?

 

– “Як”да бориб, “Ан”да қайтдим.

 

– Демак, сен яканга (баъзи санъаткорлар тилида якан пул деган.) борибсан-да...

 

 

Иш

 

Ғанижон Тошматов улфатлар даврасида ўтирганда, бир киши кутилмаганда келиб, дабдурустдан сўрабди:

 

– Ғанижон ака, шу тобда нималар устида ишлаяпсиз?

 

– Стол ва дастурхон устида қошиқ билан ишлаяпман, – деб айни пайтда қилаётган ишини айтган экан.

 

 

Уйимиз битиб қолган

 

Дадам кўчадан ўтаётиб, бир мўйсафид лойга ботиб ишлаётганини кўриб қолади-да, салом-алик қилгач, раҳми келган, шекилли, сўрайди:

 

– Ака, лойга ботиб нима қиляпсиз, уриниб қолибсиз-ку?

 

– Ўзимга уй қураяпман, – деб жавоб беради қария.

 

– Бекор қиласиз, – дейди дадам. – Сизу бизнинг у томондаги уйимиз аллақачон битган.

 

Қария бу гапнинг мағзини чақиб, кулиб юборибди. Кайфияти кўтарилиб, чарчоғи ёзилиб, миннатдорлик билдиргач, ишини янги куч билан давом эттирибди.

 

Муҳсин ҒАНИЕВ тайёрлаган.

 

“O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” газетаси,

 

2022 йил 18 февраль, 6-сон 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

14:01 / 16.01.2025 0 90
Қуриб кетсин музейинг!..

Қатра

12:01 / 13.01.2025 0 84
Муаллимдан таёқ еган султон



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 7447
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 5039
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4681
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4110
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3457
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 3031
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2948
Туғилган кун

//