Биласизми?
Бу йил Рамазон ойи баҳорнинг ўртасига тўғри келмоқда. Абу Али ибн Сино “Баҳор – инсон умрининг энг яхши ва энг шифобахш фаслидир”, деб бежиз айтмаган. Чиндан ҳам баҳор фаслида тўйиб истеъмол қилинган маҳсулотлар йил давомида бизга куч-қувват, дармон бағишлаб туради. Саҳарлик ва ифторлик дастурхонимизда баҳорги таомлар – сумалак, ҳалим, кўкатли таомларнинг улуши қандай бўлиши лозим? Қуйида шу ҳақида маълумот берамиз.
Сумалак кўкламнинг шифобахш анъанавий таоми бўлиб, у қонни тозалайди, жисмни тетиклаштириб, куч-кувватни оширади. Немис олимлари буғдойда токоферол моддаси борлигини аниқлашган ва у женшень таркибида учрайдиган Е витаминининг ўзгинаси эканини исботлашган. Олимлар таъкидлашича, сумалак гипертония, гепатит, буйрак, меъда-ичак хасталикларига яхши даво бўлиб, кон таркибини яхшилаб, меъда-ичак фаолиятини меъёрга келтиради, асабни тинчлантиради, яхши ухлатади. Саҳарлик дастурхонида сумалак бўлиши кун давомида инсонни тўқ тутади ва керакли витаминлар билан тўйинтиради.
Ҳалим тайёрлашда буғдой, гўшт, ўсимлик мойи ишлатилгани сабабли бу таом оқсилга жуда бой. Оқсил эса инсон организмида “курилиш материали” вазифасини бажаради. У организмнинг касалликларга қарши курашиш қобилиятини оширади. Халқ табобатида ҳалим таркибидаги экстрактив моддалар меъда-ичак, марказий асаб тизими, мия, юрак фаолиятини яхшилашга ёрдам бериши исботланган. Бу таом ҳам албатта, саҳарлик дастурхонига тавсия этилади. Ифторликда ҳалимни имкон қадар истеъмол қилмаслик лозим, сабаби, у секин ҳазм бўлади.
Гўжа оши жуда тўйимли, инсонга куч-кувват бағишлашда женшень ва сумалакдан кейинги ўринда туради. Уни асосан баҳор фаслида қувват бўлиши учун истеъмол қилишади. Азалдан халқ ўртасида йиғилган эҳсон – кўй, мол гўштлари, буғдой, арпа, жўҳори, нўхат, ловия, мош катта қозонларда паст оловда милтиллатиб пиширилади. Суюқ таом сифатида ифторлик дастурхонига тортиш мумкин.
Янаги баҳоргача бир қанча касалликлардан фориғ бўлиш, қонни тозалаш ва юзни тиниқлаштириш учун узум токининг янги чиққан баргларига қийма солиб димлаб пишириш ҳамда саҳарлик ёки ифторлик дастурхонига тортиш мумкин. Баҳорда оғзи кўкка теккан сигир, қўй, эчки, бия, туяларнинг сути сервитамин бўлади. Аммо саҳарликда кўп сут ичиш тавсия қилинмайди, у қоринни дамлатиши мумкин. Сутдан яхшиси, ёрмали бўтқа, ширгуруч, қуймоқ тайёрлаб саҳарликда истеъмол қилинг.
Баҳорий кўкатлар таркибида турли хил витаминлар, оқсил, эфир мойлари, кислоталар, темир, рух, фосфор, калий, кальций, магний каби элементлар ва бошка биологик моддалар бор. Ялпиз, жағжағ, исмалоқ, отқулоқдан тайёрланган сомса, чучвара, мантининг саҳарлик таомномасида бўлиши қувватингизни оширади. Ифторлик дастурхонига эса шивит, кашнич, редиска, кўкпиёз солинган қатиқ тавсия этилади. Гулкарам, бодринг, помидор қўшилган салатлар ҳам фойдали.
Баҳорнинг фойдали ва мазали неъматлари Рамазон ойи давомида дастурхонингизни безаб турсин. Ҳар қандай таомни тановул этишда меъёрни ҳамиша ёдда тутинг.
Нодирабегим тайёрлади
Биласизми?
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ