Биласизми?
Хотин-қизларимизнинг бошида кўрк бўлиб турган Марғилон ироқи нусха дўпписи гўзал нақшу-нигорлари ила одамни мафтун этади. ХV-ХVII асрларда Мовароуннаҳр рассомлари томонидан чизилган миниатюраларда аёлларнинг турли-туман бош кийимлари тасвири учрайди.
1. “Дўстлик” ордени соҳибаси, марғилонлик ҳунарманд Ҳидоятхон Умарованинг таъкидлашича 1 метр 60 см сурп матосидан 20 та ироқи дўппи тайёрлаш мумкин. Дастлаб, канва (тўр) ёки сурпдан дўппининг тепа ва ён (кизак, гардиш) томонлари бичилади. Ушбу жараёнда гардиш 4 бўлакка ажратилиб, қирқилади. Кизакнинг узунлиги 56-60, эни 7,5-8 сантиметр бўлиши керак. Дўппи тепасининг бўйи ҳам, эни ҳам 22 сантиметр ўлчамда кесилади.
2. Дўппи уч қисмдан – тепа (айлана ва тўртбурчак шаклида бичилади), кизак (гардиш шаклида) ва жиякдан иборат. Бичилган матонинг ҳар бир қисми қора ипакда текис чок бериб ажратилади. Дўппига кашта тикишдан олдин, унинг гул нусхалари андозаси чизиб олинади. Ироқи нусха дўппиларида гуллар кўпинча тепа ва ён қисмда алоҳида тасвирланади.
3. Дўппининг тўрт томони қоғозга чизиб олинган нақш асосида турли рангдаги ипакларда кашталанади. Нақш гулларининг ораси эса оқ ипак ип билан тўлдириб тикилади. XIX аср охири - XX аср бошларида Фарғона водийсида Марғилон ироқи нусха дўпписининг нақшига кўра, 100 га яқин турлари мавжуд бўлган. Айни кунда “Гулноз”, “Булбул”, “Гуллола”, “Баҳор”, “Жанон”, “Ёнғоқ нусха”, “Шабнам”, “Фарғона тонг отгунча” каби дўппи нусхалари тайёрланиб, дўппидўзлар томонидан янги нақш мотивлари билан бойитилмоқда.
4. Ироқи нусха дўппи тепасига кашта тикишда кўпроқ санама чок қўлланилади. Унинг заминига икки хил услубда ипак ипда кашта босилади: “санама”, (санаб тикиш) ёки “чизма” (олдин чизиб олиб кейин тикиш). 20 дона ироқи дўпписи безаги учун 400 граммдан 500 граммгача турли рангдаги ипак ип ишлатилади. Табиий бўёқ берилган 1 кг ипак ип 1 млн. сўм атрофида баҳоланади.
5. Кашталаш жараёни охиригача етгач, дастлаб дўппининг кизагига қора бахмалдан жияк ўрнатилади ва астарланади. Тепа қисмга мослаб қоғоз ва астар устма-уст жойлаштирилади. Сўнгра гардиш ва тепа бирлаштирилиб, тайёр бўлаклар бир-бирига уланади ва дўппи ҳолатига келтириб тикилади. 20 аср охиригача дўппининг астарланган тепа қисми майда нозик чокда қавилган. Чоклар орасига пахта ёки қоғоздан пилтакачда юпқа қоғоздан пилта қилинган. Пилталанган тепа қисм ва гардиш бириктирилганда, дўппи кўриниши ҳосил бўлган.
6. Деярли тайёр ҳолатга келган дўппининг ички қисмига елим суртилади ва бир кун давомида офтобда қуритилади. Меъёрида қуриган дўппилар қолипга солиниб, тепасига сурп қўйиб, дазмолланади. Хидоятхон Умарова шогирдлари билан 20 дона санама чокли аёллар дўпписини тайёрлаш учун бир ой вақт сарфлайди. У яратган янги нусхадаги “Самовий ишқ”, “Пахтакор”, “COVID 19” номли дўппилар санъат ихлосмандларини ҳам лол қолдирмоқда.
7. Фарғона водийсининг Чуст, Андижон, Марғилон, Қўқон шаҳарларида тайёрланган дўппилар умумий колоритида нақш ва услуби бир-бирига ўхшаш. Марғилон дўпписидаги ислимий нақшлар ўзаро боғланмасдан тикилади. Аёллар дўпписининг номлари унга тикилган кашта гули, шакли, безаги билан боғлиқдир.
8. Қадимда Марғилон ироқи нусха дўпписини асосан қизлар кийишган. Ундаги ҳар бир нақш ўз маъно ва моҳиятига эга бўлган. Масалан: дўппи таг заминига оқ ипакда тикилган кашталар поклик, ҳаёт абадийлигини англатса, ғунча гуллар, қизил ва ёрқин ранглар қиз боланинг оила қурмаганини билдирган. Латофатли ўзбек қизлари бошида жилоланиб турган ироқи дўппилар нақш услуби, баҳорий ранглари билан барча санъат ихлосмандлари диққатини ҳали ҳамон жалб этиб келмоқда.
Биласизми?
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
1 Изоҳ
Валижон
12:01 / 01.01.1970
Ўзим учун керакли маълумот олдим. Раҳмат. Бошқа ҳудудларимизда кийиладиган қизларнинг миллий бош кийимлари ҳақида ҳам маълумотлар берилса, айни муддао бўларди.