Ўз-ўзимга ҳайкал
Оғзимдан тушиб қолган гапларни бировлар териб, овора бўлиб юришмасин, дедим. Қолаверса, ҳар кимнинг ўз тирикчилиги бор.
Ҳайкалтарош Н.А.
* * *
Унвон орден-медаллар олиш ва бериш авжга чиққан турғунлик йиллари эди. Бир куни муҳарриримиз Иброҳим Раҳим:
– Мукофот сўраб олинмайди, – дедилар.
Шунда мен:
– Тўғри, югуриб, елиб олинади! – дедим.
* * *
Атоқли адиб Мурод Муҳаммад Дўст Москвада ўқирди. Бир таътилда мени йўқлаб “Муштум”га келиб қолди. Соқол қўйибди. Қоп-қора тўсдай. Ёнида Маҳмуд Акром деган шоир дўсти. Суҳбатлашиб ўтирган эдик, Эркин Аъзамов қўнғироқ қилиб қолди:
– Салом, акахон, ёнингизда ким бор? – деб сўради у.
Шунда мен:
– Бир соқолли ва бир бесоқол, – дедим.
* * *
Шоир Сирожиддин Саййид машҳур ҳофиз Шерали Жўраев ҳақида яхши бир мақола ёзиб, охирини “Агар ҳазрат Алишер Навоий ўз ғазалларига айтилган бу ашулани эшитганларида эди, тўнларини ечиб, Шералининг елкасига ёпган бўлурдилар”, деб якунлабди. Бу мақола кўпларга манзур бўлди, бироқ Шералининг мухолифларидан бирига унчалик ўтиришмади.
– Сирожиддин жа муболаға қилибдими, – деди кулиб, – яна денг Алишер Навоий Шералига тўн ёпармишлар. Тавба.
Шунда мен:
– Э, парво қилманг. Аввало, ҳазрат Навоийнинг тўнлари кўп бўлган. Битта эскисини Шералига ёпсалар ёпибдилар-да. Қолаверса, Сирожиддинга айтамиз, яна битта мақола ёзади, қарабсизки, ҳазрат Навоий Сизга ҳам биттасини ёпадилар, – дедим.
* * *
Машҳур масалчи Мухтор Худойқуловнинг янги китоби – “Минг бир масал” Ғафур Ғулом номидаги нашриётнинг бадиий кенгашида муҳокама қилинадиган бўлди. Кенгашни Саид Аҳмад ака бошқариб борарди. Муаллиф ўз асарларидан ўқий бошлади. Битта ўқиди – ҳеч ким кулмади, иккита ўқиди – сув қуйгандай, учинчи масални ҳам ўқиди яна ўша гап.
– Нимага кулмайсизлар? – деди Мухторжон қизариб. – Кеча турмадаги учрашувда шу нарсаларни ўқиганимда ҳамма кулган эди-ку.
Шунда мен:
– Бу нарсаларга кулиш учун беш йил иш олиб, қамоқда ўтириш керак, – дедим.
* * *
Бир оқсоқол сайловда оғиз кўпиртириб мақтанди.
– Ишдан оламан деб овора бўласизлар. Билиб қўйинглар, менинг илдизим сувга етган.
Шунда мен:
– Тўғри-ю, устоз, ўша сув шўр-да. Илдизингизни чиритиши мумкин, – дедим.
* * *
Раҳматли Ёдгор бахши Исҳоқов билан жуда яхши эдик. У киши “Муштум”нинг ҳам доимий меҳмони эдилар. Бир учрашувда ўз жанг хотираларидан ҳикоя килиб қолдилар.
– Бир куни жангдан сўнг ўрмон чеккасида командиримиз уч-тўрт немис асирига мени қоровул қолдириб кетди. Орадан уч соат ўтди, тўрт соат ўтди. Ҳамма ёқ қоп-қоронғи. Зерикиб кетдим. Қарасам, ярадор асирлар пиш-пиш ухлаб ётишибди. Кел, бу ёғи таваккал дея қўлимга дўмбирани олиб, бўғиқ овозда «Гўрўғли»дан айта бошладим... Ўзиям роса илҳом келган экан, билмадим, бир соатми, икки соатми, айта берибман, айта берибман... Бир вақт командир кеп қолди-ёв... Қарасам, менинг бўғилиб, бўкириб айтишимдан қўрқибми, нетибми, икки немис асири ўли-иб қопти...
Шунда мен:
– Бай-бай, ўзбек халқига қойил-э, куйлашингизни қирқ йил эшитсаям, ўлмасдан мазза қилиб юрибди, – дедим.
* * *
Қўшиқчи шоир, марҳум Уйғун ака таъбири билан айтганда “Зоҳиджон ханда”, яъни Зоҳиджон Обидов билан ўн йилча бирга ишладик. Қадрдонимиз. Бир куни у киши:
– Мулло Неъматулло, – дедилар гулдираб, – шу бухороликларингиз ҳам зап қизиқ одамлар-да, “Лаби ҳовуз”да Насриддин афандига қўшиб эшакка ҳайкал ўрнатишибдими, хо-хо-хо!
Шунда мен:
– Ҳа, Зоҳиджон ака, Бухорода эшак кам-да, – дедим.
* * *
Истеъдодли шоир, камтарин инсон Толиб Йўлдош билан ака-укамиз. “Қаҳ-қаҳа” китобимга қалам ҳақи олганимни кимдандир эшитиб қолибдилар.
– Сан, номард, шунча пул олибсан, битта шапка олиб берай ҳам демайсан, қара ана буни, яғири чиқиб кетган, – дедилар.
– Шапка сиздан айлансин, Толиб ака, – дедим, – эрта тушликда келинг, ҳам бирга овқатланамиз, ҳам янги шапка кийиб кетасиз.
Хайрлашдик. Ўша куни Набижон Бойқўзиев билан ЦУМдан Толиб акага янги шапка харид қилдик. Эртасига Толиб ака айтилган вақтдан икки соат олдин етиб келди. Янги шапкани бердик.
– Қаний, – деди у шапкани кийиб. – Оббо... санларни пешобингдан ер ёлчирмиди, катта-ку бу?!
Шунда мен:
– Зарари йўқ, Толиб ака, пайтава ўраб кийсангиз лоппа-лойиқ келади, – дедим.
* * *
Дўстим, саргузашт ёзувчи Саид Равшан билан хиёбонларни айланиб юрибмиз. У одатдагидай ҳовлиқиб сўради:
– Неъмат, ана бу терак қанақа дарахт-а жўра?
Шунда мен:
– Бу терак тол бўлса керак, – дедим.
* * *
Машҳур эстрада артисти Владимир Лапинни “Етти жин” фильмида, сиркда, кансертларда кўп кўргансиз. У уруш қатнашчиси. Қорни тарвақайлаб кетган, семиз киши. Бир куни у мақтаниб қолди:
– Знаеш братан, я офицер запаса! Шунда мен унинг қорнига шап-шап уриб:
– А это, запас офицера! – дедим.
* * *
Ўта ҳазилкаш, бадиҳагўй акамиз Зоҳиджон ханда (Зоҳиджон Обидов) билан уй тўйида ўтирган эдик. Давра қизигандан қизиб борарди. Уй эгаси ликобчаларда жўжа қовурдоқ (табака) кўтариб кирди. Зоҳиджон ака яйраб, байт айтиб юбордилар:
Келганида табака Бўлиб кетаман сабака.
Шунда мен:
– Бир пас бўлмай туринг, давра бузилмасин, – дедим.
* * *
“Шарқ юлдузи”да ажойиб бир йигит ишлайди. Оти Юсуф. Ҳамкасблари уни “Юсуф тожик” дейишади. Юсуфжон адабиётни жуда яхши тушунади. Тил ҳақида баҳслашганда, кўпчилиқ ғолиб чиқади. Бир куни унга қўнғироқ қилдим. Телефон гўшагини ўзи кўтарди.
– Да-да! Шунда мен:
– Дадангиз эмасман, акангизман, – дедим.
* * *
Раҳматлик Уйгун домланинг 75 йилликларида Зоҳиджон ака учаламиз Фарғона сафарида бўлган эдик. Уйғун ака кекса бўлишига қарамай жуда қувноқ, ҳазилкаш ва ҳозиржавоб. У дўконда шим кўриб: “Одам эрмасмен вале, Риштонда иштон киймасам” сингари беҳаё бадиҳалари билан одамларни кулдиради. Учрашувлардан сўнг қишлоқ “Универмаг”ига кирдик. Уйғун домла:
– Зоҳиджон, анови майканинг 60 размеридан учта, пайпоқнинг 29 размеридан ўнта олинг, – дея топшириқлар берадилар.
Иттифоқо магазиннинг нариги чеккасидан Зоҳиджон аканинг гулдираган овози келди.
– Домла, тиш чўтка бор экан, Сизга ҳам олайми?
– Учта олинг.
– Бўлмаса оғзингизни размерини айтиб юборинг?
Шериклар кулишди. Уйғун домла “Ужас, баттар бўлинг!” дея ғўлдиради. У кишининг ёнидан тезда Зоҳиджон акага якинлашдим.
– Эшитмай қолдим, домла нима дедилар? – дея сўради у.
Шунда мен:
– Оғизлари безразмерний экан, – дедим.
* * *
“Муштум” қоғоз танқислигидан ойида икки марта эмас, бир марта чиқадиган бўлди. Худди шундай кунларнинг бирида уруш ногирони Зоҳиджон Обидов ҳассаларини тўқиллатиб кириб келдилар.
– Мулло Неъматулло, бизнинг лапарни қайси сонга тушурдинглар?
– Олтинчи сонга.
– Март ойида эканда?
– Йўқ, июнда...
– Ия, – дедилар у киши, бу журнал ойида иккита сон чиқарди-ку.
Шунда мен:
– Бозор иқтисодиёти бошланиб, “Муштум” ҳам Сизга ўхшаб бир сонидан ажралди, – дедим.
* * *
Тошкентга ишга таклиф этилгач, анчадан кейин йўлим Бухорога тушди. Район комфирка комитети котибларидан бири билан учрашишга тўғри келди.
– Ҳм, – деди у ўтирган еридан қўлини чўзиб, – ҳалиям област радио – узелида (радиокомитет демоқ-чи) ишлайсанми?
– Йўқ, ҳозир Тошкентдаман.
– Э, ҳа. Қаерда ишлаяпсиз? – деди у беихтиёр сизсирашга ўтиб.
– “Муштум”да!
– Э... э... одамларни танқид қиларкансизда?
Шунда мен: – Йўқ, ноодамларни танқид қиламиз! – дедим.
* * *
Бир куни Садриддин Айний ҳақида ойнайи жаҳонда кўрсатув бериладиган бўлди. Унда Абдулла Қаҳҳорнинг вафодор рафиқаси, таржимон ва матншунос Кибриё Қаҳҳорова ҳам қатнашишлари керак эди. Режиссёр Ҳамид Каҳрамоновнинг таклифи билан у кишига қўнғироқ қилдим.
– Қандоқ бўларкин, – дедилар Қибриё опа нолиб, – фишори хун баланд... а, лаббай... ҳозир, телевизорга чиқсак, аёғим тағин оғриб турибди, қандоқ қиламиз?
Шунда мен:
– Зарари йўқ, ойтимулло, ҳозир машина билан бориб обкеламан, режиссёрга айтаман оёқларингизни телевизорда кўрсатмайди, – дедим.
* * *
Машҳур театршунос олим Фрунзе Жўраев миллий санъат ҳақида шов-шувли мақола олиб келдилар. Маколани “Муштум”да босишга қарор қилдик. Фрунзе ака дастлаб хурсанд бўлдилар, сўнг:
– Шу отимиз замонга жиндай тўғри келмай қолди, – дедилар уялиб, қимтиниб, – кеча Шукрулло ака ҳам Фрунзени узгартир, девдилар.
Шунда мен:
– Бемалол ўзгартирсак бўлади. Бишкек Жўраев деб қўямиз, – дедим.
* * *
“Қаҳқаҳа” китобим чиққанда бир куннинг ўзида Мақсуд акага, Миад акага ва Саид Аҳмад акага дастхат ёзиб бердим. Қитмир дўстларимдан бири яширинча бу дастхатларни ўқиб олиб, мендан кула бошлади.
– Ўзингиз ҳам жа қувсиз-да, бу устозингиз нечта ўзи? Мақсуд аканиям, Миад акаю Саид Аҳмад акани-ям устозим, деб ёзибсиз...
Шунда мен:
– Устозим кўп. Масалан, Мақсуд ака менга мавзу танлаш ва ош пишириш бўйича устоз, шахмат бўйича Миад ака, раҳбарлик бўйича Иброҳим ака, ҳаётни ўргатиш, ёзиб-чизиш бўйича устозим Саид Аҳмад ака... шоҳ Машраб биргина алифни ўргатган кишини ҳам устоз деб билганлар, агар шунга амал қилсам устозим юздан ошса керак, – дедим.
* * *
Дўстим, машҳур рассом Телман Муҳаммедов вафот этганда журналга таъзияномани ёзиш менга топширилди. Ёздим. Унда жумладан “Ўзбек карикатура ва миниатюра санъатида ўзига хос мактаб яратган машҳур рассом Телман Муҳаммедов бевақт вафот этди” деган сатрлар бор эди.
Таъзияномани ўқиган Телманнинг ичи қора ҳамкасбларидан бири истеҳзоли кулиб, танбеҳ берди.
– Пеҳ, Телман карикатура санъатида мактаб яратди, деб ёзибсиз... ахир у бир умр ичкиликдан бош кўтармаган бўлса, яна...
Шунда мен:
– Аввало Телманни ичкиликка ўргатган Сизга ўхшаганлар. Қолаверса, хафа бўлманг, Сиз ўлсангиз санъатда “дорилфунун” яратган эди, деб ёзаман, – дедим.
* * *
Бухорода Темур Норов (Темур Норбек) деган шоир ва таржимон бор. Қоратўридан келган бақувват ва хушчақчақ йигит. Ака-укамиз. Темуржон дурадгор, шоир олим ва таржимонлиги етмагандек ашула ҳам айтади. Овози йўғон. Бир “Ҳой” деса салкам икки сонияга чўзаолади.
Бир куни уйимизда давра бўлди. Темур Норбек ўзи ёзган шеърга ўзи куй басталаб, хониш қилди. Унинг “Ҳой”ига даврадагилар олқиш ёғдиришди. Уларга қўшилиб мен ҳам.
– Э, нимасини айтасиз, Неъмат ака, – деди у ийиб кетиб. – Мани ашуламни эшитган Баҳром ака, Сиз По. Робсон дейди.
Шунда мен:
– Э, Баҳром ака бекорларни айтибди, Сиз Полний Робсон, – дедим.
Неъмат АМИНОВ,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси,
“Фидокорона меҳнатлари учун” ордени соҳиби (2021)
Биласизми?
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Биласизми?
Қатра
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ