Биласизми?
Наполеон Бонапартнинг болалигида онаси ҳар куни уни уйқудан “Турақолинг, сизни буюк ишлар кутмоқда” деб уйғотар эди. Тарихда кўплаб буюк инсонларнинг болалик йиллари онасининг эътибори, ғамхўрлиги, далдаси туфайли мазмунли ўтганини кўриш мумкин. Қуйида улардан айримларини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Мактуб ва ёлғон
Лампочкани ихтиро қилган Эдисон болалик пайтида уйига қайтиб, “Ойи, мана бу хатни мактабдан бериб юборишди”, деб онасига бир конверт узатди. Она хатга тезгина кўз югуртирди, сўнг кўзи жиққа ёшга тўлиб, мактубни жажжи ўғлига ўқиб бера бошлади: “Хоним! Ўғлингиз жуда иқтидорли. Бироқ, бизнинг мактабимиз унинг қобилияти учун кичиклик қилади. У мустақил таълим ола қолсин!”.
Орадан йиллар ўтади. Эдисон инсоният тарихидаги энг улкан ихтироларни қилади. Онаси вафот этгач, Эдисон унинг жавонини титкилаб ўтириб, ўша хатни топиб олди. Не кўз билан кўрсинки, мактубда бутунлай бошқа гаплар ёзилган экан: “Хоним! Ўғлингизнинг ақли паст, эртадан бизнинг мактабга келмасин!”.
Эдисон узоқ йиғлайди. Сўнг хотиралар дафтарига қуйидаги сатрларни битади: “Эдисон ғирт калтафаҳм бола эди. Лекин онасининг гўзал хизмати сабабли ноёб иқтидор соҳибига айланди”.
Илҳомбахш шеърлар
Пабло Пикассодан қандай қилиб маҳоратли рассом бўлгани ҳақида сўрашганида, у болаликда онаси қаламига мансуб шеърларни эртак ўрнида тинглаб уйқуга ётганини, бу шеърлар унинг хаёлот оламини кенгайтирганини, сурат чизишга иштиёқ уйғотганини айтади.
Мария митти Паблитога қарата: “Агар ҳарбий йўлни танласанг, албатта генерал бўласан, агар динни танласанг, албатта Рим папаси бўласан!” – деб руҳлантирар эди. Бола илк суратини ўн ёшида чизди, лекин атрофдагилар уни арзимас деб баҳолади, фақатгина онаси юқори баҳо берди. Шундай қилиб, Пабло сураткашликни танлади ва замонасининг энг машҳур рассомига айланди.
Копток ўрнига нота дафтари
Таниқли бастакор Шопен болалигида жуда нимжон ва касалванд эди, шу сабаб ўртоқлари билан тўп тепмай, уйда ўтирарди. Онаси унинг вақти унумли ўтиши учун тўрт ёшидан бошлаб пианино чалишни ўргатди.
Етти ёшда у илк марта концертда қатнашди, аммо онаси касал бўлиб қолиб унда иштирок этолмади. Фредерикни ҳаяжон босди, у доим онаси ёнида бўлишига ўрганганди. Лекин муваффақиятли ижродан сўнг унинг келажаги белгиланди.
Онаси эса “Доим ёнингда бўлмасамда, меҳримни ҳис этиб чалишда давом эт”, деб уни дуо қилди.
Еттинчи фарзанд
Машҳур кимёгар Менделеев туғилган ночор оилада деярли ҳар йили чақалоқ туғилар, кўп ўтмай вафот этарди. Еттинчи фарзанд Дмитрий эса омон қолди. Унинг отасининг кўзи ожиз, шу боис рўзғор юки ва болалар тарбияси онаси Мариянинг зиммасида эди.
Бола бетобланиб тўшакка ётиб қолганида онаси унга бир талай энциклопедиялар келтириб берди, бошланғич таълимни уйда онасидан олган Дмитрий мактабга икки йил аввал қабул қилинди. Мактабни битиргач, у ўзи қизиққан тиббиёт университетига имтиҳон топширди, бироқ ундан йиқилди.
Мария уни илми толиб бўлишини орзу қиларди, ўғлини янада кўпроқ тайёрланишга ундади. Ниҳоят, Дмитрий талабалик бахтига эришди, бундан хотиржам тортган она эса кўп ўтмай вафот этди.
Улуғвор муҳит таъсирида
Инглиз ёзувчиси Оскар Уайлднинг онаси Жейн Элжи ўнта тилда гаплаша олар, 17 ёшдан бошлаб Сперанца тахаллуси остида шеърлар ёзарди. Бу сиёсий шеърлар “Миллат” журналида чоп этиларди. Бироқ кўп ўтмай у турмушга чиқди ва қалам ўрнига бешик тутди.
Уларнинг хонадонида улуғвор муҳит хукм сурарди – антик суратлар ва ҳайкаллар, жавон тўла нодир китоблар, ҳар шанба куни эса дублинликлар билан адабий ўқишлар уюштириларди. Жейн Оскарга чет тилларини ўқитди, адабиёт ва тарихга қизиқиш уйғотди. Оскар 12 ёшга кирганда Вергилийнинг шеърларини бемалол таржима қила оладиган даражага етди. Она ўз ижодий орзуларини ўғлида амалга оширди – адиб жаҳон тарихида қолди.
Нодирабегим таржимаси
Биласизми?
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ