Биласизми?
ХIII аср бошларида Евроосиё материгидаги энг катта икки давлат – хоразмшоҳлар ҳамда мўғуллар чегаралари бир-бирига туташди. Аслида, бу ҳолат икки улкан салтанатнинг сиёсий-ҳарбий тўқнашувини муқаррар қилган омиллардан бири эди. Ваҳоланки, ушбу давлатларнинг можаролари учун сабаблар ва баҳоналар кўп. Биз эса фақат биттагина омил ҳақида тўхталамиз.
Маълумки, бу даврда хоразмшоҳлар давлатининг султони Аловуддин Муҳаммад ҳамда Бағдод халифаси Носир ўртасидаги муносабатлар уруш ҳолатида бўлиб, анчадан буён халифа Носир дастлаб ғурийларни, сўнгра қорахитойларни ануштегинийлар давлати устига юриш қилишга даъват қилиб мактублар жўнатиб келарди. Аловуддин Муҳаммад эса бу рақибларнинг барчасини енгиб, уларга тегишли ҳудудларнинг катта қисмини ҳам эгаллади.
Халифа хоразмшоҳлар давлатини ўртадан кўтариш учун охирги имконият сифатида шарқда кучга тўлиб келаётган Чингизхонни ҳам даъват қила бошлади.
Бу ҳақида ўша давр тарихчиларидан Ибн ал-Асирнинг “Комил тарих” асарида ҳам маълумот келтирилади. Хусусан, асарда “халифа Носирнинг Чингизхонни ислом равнақи йўлида хизмат қилаётган Султон Аловуддин Муҳаммад устига юриш қилишга даъвати бу энг катта гуноҳлардан ҳам катта ва кечирилмайдиган гуноҳдир”, деб маълумот беради тарихчи. Ҳақиқатдан ҳам Носир халифалар ичида кўп ҳукмронлик қилган ва фитна-фасодларининг кўплиги билан ажралиб турадиган халифа бўлгани манбалардан маълум.
Албатта, халифанинг бу тўғридаги мактублари бизгача етиб келмаган. Лекин ғарб олимлари ХIХ–ХХ асрларда қилган тадқиқотларида халифанинг мактублари шаклини ўрганган ва тадқиқотларида бу тўғрида бир қатор маълумотлар қолдирган.
Маълумки, халифалик ҳудудларидан мўғул давлатига ўтадиган карвонлар Мовароуннаҳр ва Турондан ўтишларига тўғри келар, бу ерлар эса Аловуддин Муҳаммад қўл остида.
Қонун-қоидаларга кўра, карвонда мактуб ёки шунга ўхшаш ҳужжатлар бўлса, албатта, у Султоннинг чегара хизматчилари томонидан ўрганилар, мазмуни ва мақсади суриштирилар эди. Шу сабабдан халифа Носир томонидан мўғул хонига юбориладиган мактублар ниҳоятда пухталик ва айёрлик билан олиб ўтиларди. Аксарият мактубларни халифа Чингизхон ҳузурига махсус тайёрланган одамнинг бошига битиб жўнатар, бунинг учун бугун биз татуировка дея биладиган услубдан фойдаланарди. Масалан, бир гал халифа кўзи ожиз одамнинг бошидаги сочларини тўлиқ олдириб, бошининг текис юзасига татуировка шаклида хатни ёзади ва сочи ўсганидан сўнг Қорақурумга кетаётган карвонига қўшиб жўнатади. Карвон манзилга етиб боргач, хоннинг ҳузурига олиб боришади, кўзи ожиз қулнинг сочи қир тишланади. Шу тариқа қулнинг бошига ёзилган мактуб ўқиб олингач, у бошидан жудо қилинади. Бу маълумотлар бир қанча тадқиқотларда ўз аксини топган.
Чингизхоннинг хоразмшоҳлар устига юриш қилишига халифа Носирнинг мактуби сабаб бўлган демоқчи эмасмиз. Лекин шу даврнинг дин ҳимоячиси бўлган халифанинг бу қилмишини асло оқлаб бўлмайди. Тақдир халифаларнинг бу хоинлиги учун унинг авлодларини қаттиқ жазолади. Мўғуллар хоразмшоҳлар давлатини эгаллаб олгач, халифалик маркази бўлган Бағдодни ҳам 1258 йилда ер билан яксон қилди. Чингизхоннинг невараси халифа Носирнинг неварасини уч кун оч қолдириб, тепкилаб ўлдиртирди. Хоинликнинг умри шундай тугар экан…
Тарихнинг шундай аянчли ва ибратли ҳикоялари барчамизга садоқат, жасорат ва мардлик мактаби бўлсин.
Бекзод Абдиримов,
Хоразм вилояти Маънавият ва маърифат маркази
Хоразм вилояти бўлими раҳбари
Биласизми?
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ