Бежиз катта кетмапти
Биринчи шахмат устаси, Ўзбекистонда шахматни оммалаштириш ва ривожлантириш борасида улкан хизматлар қилган раҳматли устоз Мамажон Муҳиддиновнинг етмиш йиллик тўйига бағишланган тантанани Озод Шарафиддинов бошқаради. Йиғилишнинг расмий қисмини якунлаётган Озод ака мухлисларига шундай дейди:
– Зиёфатдан сўнг мана шу клубда гроссмейстерлар сизларга сеанс беради. Агар улар келмай қолса хафа бўлманглар – ўзим сеанс бераман сизларга!
Самимий ҳазилдан кулишдик. Озод ака гарчи сеанс бермаган бўлса-да, бекорга катта гапирмаганини исботлади – гроссмейстер Михаил Салтаевни мағлуб этди. Ҳаммамиз домлани ажойиб ғалаба билан табрикладик.
Эртаси куни устоз билан телефонда гаплашиб қолдим.
– Озод ака, кечаги ҳазилингизга фаришталар омин деган экан-да. Гроссмейстерни индамай ютиб қўйдингиз-а?! – дедим.
Домла жамики шахматчиларга хос ажойиб “камтарлик” билан жавоб қилди:
– Ҳа энди, Ўзбекистонда дурустроқ гроссмейстер бўлмаса нима қилай?!
Қизилларга қарши
Кунлардан бир кун (мустақилликдан илгари) Озод ака Самарқандга сафар қилади. Домланинг ҳамма ерда шогирд ва мухлислари кўп эди. Самарқандда устозни Ургутдаги сўлим бир қишлоққа таклиф этишади. Меҳмондорчиликда яхшигина гурунг бўлади. Таомдан кейин таомилга кўра дастурхонга қовун келтирилади. Озод ака қовундан озгина тотинган бўлиб, тезда қўлини артади.
– Домла, қовундан олмадингиз. Тарвуз сўйиб келайми? – деб сўрайди мезбонлардан бири.
– Раҳмат ука, ҳожати йўқ. Мен дунёдаги жамики қизил нарсаларга қаршиман!
Даврада ўтирганлар домланинг журъатидан ҳайратланишади. Қизил мафкура ҳукмронлиги даврида анча-мунча одам бундай гапни ҳатто ҳазил тариқасида ҳам айтишга ботинолмасди.
Чёрт побери
Устоз Озод Шарафиддиновнинг етмиш йиллик тўйи Миллий театр биносида катта тантана билан, жуда файзли-мароқли ўтади. Мухлислар қатори сўзга чиққан машҳур шоир Эркин Воҳидов талабалик йилларини эслаб, шундай ҳазил қилади:
– Озод ака университетда бизга адабиётдан сабоқ берардилар. Бир куни устоз “Хисрав ва Ширин” достонини ўтаётиб айтдилар: “Ширин канизаклари билан от миниб келиб мундоқ қараса, канал қазилган, зилол сувлар оқиб ётибди. Шунда у ҳайратини яширолмай, “Ничего себе” деб юборибди.
…Устоз биз – талабалар билан жуда яқин, иноқ эдилар. Эсимда, пахта теримида бир куни баракда ўтин ёраётсак, ёнимизга келиб қолдилар. Тўнка жуда чайир бўлгани учун барча уринишларимиз зое кетаётган эди. Шунда устоз болтани қўлимиздан олиб, ўзлари ўтин ёришга тушдилар. Ҳаш-паш дегунча терлаб-пишиб кетдилар, аммо савил чайир тўнка ёрила қолмади. Ахийри безор бўлиб, “Чёрт побери?” дея болтани улоқтирдилар. Биз устозга далда бердик: “Домла, биз ўтин ёраверамиз. Сиз ёнимизда “Чёрт побери?” деб тураверинг.
Эркин ака юқоридаги ҳазил-хотираларни давраларда гапириб берса, устоз Озод ака негадир буни тан олмас, “Мен ҳеч қачон ўзбек тилига ўрисчани аралаштирган эмасман! “Ни в коем случае!” дердилар.
Генерал
Бир гуруҳ адабиётшунослар профессор Ғулом Каримов жўрабошчилигида Оқсоқота деган сўлим, хушманзара жойда дам олишаётганди. Бир куни уларнинг дилкаш гурунгига ўзини ўрмон қоровули деб таништирган одам келиб қўшилади. Чақирилмаган меҳмон андиша, одоб деган нарсани билмас экан, бемаврид гапга суқилавериб, тез орада ҳамманинг жонига тегади. Ўзининг хотинбозлиги, қилган жиноятларини айтиб мақтанади. Бу ҳол бир неча кун давом этади. Пичоқ суякка қадалади. Шунда Ғулом Каримов аста ўрнидан туриб, гап қотади:
– Бориб ёстиғимнинг тагидан тўппончамни олиб келай!
“Оширма”ни пайқаган Озод ака домла чиқиб кетиши ҳамон алангага яна чўп ташлаб, қоровулга юзланади:
– Бу одамни танийсизми? Генерал Ғулом Каримов деганлари шу одам! Машҳур изқувар! Даҳшатли жиноятларни очган!
Қоровул шоша-пиша ўрнидан қўзғалиб қочиб қолади ва бошқа қорасини кўрсатмайди.
Шунда Озод ака ҳамкасбларига қараб шундай дейди:
– Қанийди Ғулом Каримовнинг номини эшитганда фақат ғаламис ўрмон қоровулигина эмас, адабиётимиздаги айрим қаллоблар ҳам гумонда бўлишса!
Яхши ёзар экан
Озод ака маълум муддат таниқли ёзувчи Эркин Аъзам бош муҳаррир бўлган “Тафаккур” журналида хизмат қилганди. Ўша йиллари домланинг гўё иккинчи нафас йўли очилгандек бўлади, жуда баракали ижод қилади. Муҳаррир кейинчалик устоз ҳақидаги хотирасида шундай ёзган эди: “Вазифага бу қадар масъулият билан қарайдиган, қунт-у ҳафсала билан киришадиган одамни мен кам кўрганман. “Бу менинг соҳам эмас-ку” дея мавзу танлаб, иккиланиб ўтириш йўқ. Тарихчи ҳам, файласуф ҳам, сиёсатшунос олим ҳам ўзлари. Мақола деганлари қаторлашиб кетди. Журналнинг сони маълум – чекланган, ҳаммасини сиғдиришнинг иложи йўқ”.
Эркин Аъзам домланинг айрим мақолаларини Озод Обид тахаллуси билан чоп этишни таклиф этади. Ушбу тахаллусга домланинг ўзлари ҳам кўникиб кетади. Бир гал мақоласининг корректурасини ўқиётиб, “Чёрт побери, яхши ёзар экан, ким ўзи у?” дея ҳазиллашади.
Шодмон ОТАБЕК
Биласизми?
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Биласизми?
Қатра
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ