Апрел ҳазили
Аҳмаджон Мелибоев ҳазил-мутойибалари, кутилмаган шумликлари билан ҳам маълум ва машҳур. У ўзи бош муҳаррир бўлган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида шундай бир апрел ҳазили – гўё таҳририятда жорий этилаётган янги вазифада ишлаш учун танлов эълон қилади. Маош 30–40 минг (ўша йиллари бу анча катта маблағ эди) сўм. Хорижий хизмат сафарларига чиқилади. Ишга ҳар куни келиш шарт эмас. Фалон-фалон жойлардан тавсифномалар ҳамда 4 дона 1 м х 40 см ҳажмида рангли фотосурат керак бўлади ва ҳоказо…
Шундан кейин таҳририятни одам босиб кетади. Янги ишга талабгорларнинг охири кўринмайди. Қўшни таҳририятдагилар ҳам тўполондан безор бўлади. Боёқиш талабгорлар ҳазилни илғашмайди, лоақал эълондаги “1 м х 40 см”ли фотосуратни кўз олдиларига келтиришолмайди. Ҳангоманинг энг қизиғи кейинроқ чиқади. “Адабиёт”чиларнинг ҳазил қармоғига таниқли ёзувчи ва публицист Дадахон Нурий ҳам илинади.
Тўсинбоп қўлёзма
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига халқ ёзувчиларидан бири янги ёзган романидан парча олиб келади. Бош муҳаррир Аҳмаджон Мелибоев парчани варақлаб кўраркан, муаллифга шундай дейди:
– Буни энди озроқ қисқартириб босамиз-да.
– Илтимос, укажон, иложи бўлса қисқартирмасангиз. Шу… десангиз, яхши ният билан катта иморат қураётгандим. Тўсинга озроқ маблағ етмаяпти.
– Майли, яна ўйлашиб кўрамиз.
Хуллас, романдан парча барибир қисқарган ҳолда босилади. Орадан бир неча кун ўтгач, бош муҳаррирни таҳририят йўлагида учратиб қолган муаллиф оғринибгина иддао қилади:
– Аҳмаджон, укагинам, парча қисқариб кетибди-ку? Энди нима бўлади?
– Тўсинларнинг орасини кенгроқ қўйворасиз-да! – дейди муҳаррир.
Ким шеър ёзади?
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев таҳририятга шеър олиб келадиган муаллифлардан жуда безор бўлган эди. Сабаби – шеърларнинг аксарияти фойдаланиш учун яроқсиз бўлар, аммо уларни ўқиб, жавобини айтиш учун қимматли вақт бекор кетарди. Ҳазилкаш, ишнинг кўзини биладиган муҳаррир бунинг ҳам йўлини топади. Ҳузурига шеър кўтариб келган муаллиф билан қисқача ҳол-аҳвол сўрашгач, ўзини яқин тутиб, ҳасрат қилиб қолади:
– Бу одамларга нима бўлган ўзи, ҳамма шеър ёзишга ўтиб кетди. Ишқилиб, охири бахайр бўлсин. Яхшиям мен шоир эмасман.
Шеър кўтариб келган муаллиф ўнғайсизланиб асарини бир четга яширади. Гаплари мўлжалга бехато кетаётганидан дадилланган муҳаррир масалага нуқта қўйгиси келади.
– Дарвоқе, бизга нима хизмат?
– Хизмат... йўқ, ўзим... йўлим тушиб қолувди, бир кириб ўтай девдим...
Елкасидан тоғ ағдарилган муҳаррир муаллифни иззат-ҳурмат билан остонагача кузатиб қўяди.
Салом какликлар
Сўқоқлик шоир Ориф Одилхонов (Оллоҳ раҳматига олган бўлсин) хотирасига бағишланган анжуманга пойтахтдан бир гуруҳ ижодкорлар ташриф буюради. Тадбир баҳона – сўлим табиат қўйнида ижодкорлар юракдан гурунг қилиб, яйрашади. Тоғда ўсган шоир Азим Суюн теварак-атрофдаги гўзалликни кўриб, бирдан жўшиб-тошиб кетади. Баланд бир қояга кўтарилиб, бор овози билан хитоб қилади:
– Салом эй тоғлар! Мен келдим! Салом какликлар!
Шунда ўша кунлари фикр-хаёли обуна ташвиши билан банд бўлган Аҳмад оға ҳам шоирнинг ёнига бориб, ўзича унга жўр бўлади:
– Салом какликлар! Газетамизга обуна бўлдингларми?
Босмачи
Аҳмаджон Мелибоев “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига бош муҳаррирлик қилган йиллар жуда кўп, турфа хил муаллифлар билан мулоқотда бўлган. Гоҳо қизиқ воқеалар, ғаройиб гап-сўзларга ҳам гувоҳ бўларди. Кунлардан бир кун асари босилмаётганидан ранжиган инжиқроқ бир муаллиф муҳаррирга иддао қилиб шундай дейди:
– Сизлар жуда гердайиб кетгансизлар. Мақолаларни босмачидай босиб ётаверасизлар, чиқармайсизлар.
Ҳозиржавоб муҳаррир кулимсираб жавоб қилади:
– Тўғри айтасиз, тақсир, вазифамиз шунақа ўзи. Мақола яхши бўлса босиб чиқарамиз. Ёмон бўлса – босиб ётаверамиз. Босмачи десангиз ҳам бўлаверади...
“Ҳой кал!”
Таниқли ёзувчи ва публицист Дадахон Нурийнинг 70 йиллик тўйи адибнинг юрти Наманганда катта тантаналар билан нишонланади. Устозлар – Эркин Воҳидов, Иброҳим Ғафуров бошчилигида бир гуруҳ ижодкорлар Дадахон ака ўқиган мактабга бордик. Ўқувчилар, адабиёт мухлислари меҳмонларни гулдасталар билан кутиб олишди. Кўчалар, йўлаклар янги асфальт қилинган экан, Аҳмаджон Мелибоев унга қараб шундай ҳазил қилди:
– Биз кетгач, бу асфальтлар қайта йиғиштириб олинмайдими?
Тантаналар тугаб, меҳмонхонага қайтаётганимизда кимдир шундай таклиф қилиб қолди:
– Дадахон акага ўзи ўқиган мактабда ҳайкал ўрнатиш керак!
Аҳмаджон шундай қўшимча қилди:
– Дадахон акага ҳозир эмас, 80 ёшга кириб, сочлари оқариб, бутунлай тўкилиб кетганда ҳайкал қўйиш керак, ўшанда ҳайкал эмас, “Ҳой кал!” бўлади.
Шоирнинг дадаси
Шоир Рустам Мусурмоннинг асосий иш жойи Ёзувчилар уюшмасида, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида эса чорак ҳажмда қолган, ҳафтада бир-икки бор кўриниб турарди.
Шоирнинг отаси Равшан бобо ёши етмишдан ошган бўлса-да, ҳамон тетик, ғайрат-шижоатли, бунинг устига қўли гул боғбон экан, ёзувчиларнинг Дўрмондаги боғига келиб, ҳовлиларга экилган мевали кўчатларни қайчилаб, қайси мевани қандай парвариш қилиш, қандай суғориш кераклигини у ерда истиқомат қилаётган ижодкорларга яхшилаб тушунтиради. Бундан хурсанд бўлган Аҳмаджон Мелибоев бир куни Рустамни хонасига чақириб, шундай дейди:
– Мулла Рустамбой, номерга мўлжалланган материаллар ўз вақтида тушмаяпти, ўтган ойда жиддий публицистика ёзиб бераман деган эдинг, бу иш ҳам амалга ошмади. Дўрмонда бўлса, Равшан бобо боғни гулдай яшнатиб қўйди. Ҳаммамизга фойдалари тегиб турибди. Сен бўлсанг... Хафа бўлмагин-у, бу аҳволда сени бўшатиб, ўрнингга... дадангни ишга олишга мажбур бўламиз...
Устоз қаерда?
Журналистикамизнинг тиниб-тинчимас заҳматкашларидан бири Маҳмуд Саъдий адабиёт газетасининг фаол ва куюнчак ходимларидан эди. Устоз шу жамоада салкам ўттиз йилдан бери меҳнат қиларди. Газетачилик қон-қонига сингиб кетган.
У кишининг таҳрири, талабчанлиги, сўз ва ибораларни тўғри қўллаш, бирламчи манбалар билан ишлаш борасидаги талабчанлигига гап йўқ.
Маҳмуд ака шароит тақозоси билан қўшни “Маърифат” газетасида ҳам ишлай бошлади. Устознинг маҳорати ёш “маърифат”чиларга анча асқатади. Аммо ҳар тўкисда бир қусур деганларидек, Маҳмуд ака бошқа ходимларга ўхшаб, ишхонада эрталабдан кечгача ўтирмайди. Жиддий мақолаларни уйида таҳрир қилади, шу боис, гоҳида икки-уч кун кўринмай ҳам қолади. Ишни кўнгилдагидай битириб, куннинг иккинчи ярмида – ходимлар ишдан қайтаётган пайтда оғир сумкасини кўтариб кириб келади. Бунга кўпчилик кўникиб кетган.
Бир куни “маърифат”чилардан бири Аҳмаджондан сўраб қолади:
– Устозни қаердан топсак бўларкин, эрталабдан бери кутамиз-а...
– Эрталабдан бери дейсизми? – ҳайрон бўлади Аҳмаджон, – биз йигирма йилдан бери кутамиз-ку.
Цензура ва дурадгор
Мустақиллик арафасида республика газета-журналлари бош муҳаррирлари иштирокида катта йиғин ўтказилади. Кун тартибига қўйилган масалалар муҳокамаси якунлангач, мажлисга раислик қилаётган раҳбар йиғилганлардан: “Бошқа яна нима гаплар бор?” деб сўраган экан, муҳаррирлар ёппасига цензурадан шикоят қила кетишибди. Деярли ҳамма гапирибди, аммо бу мавзуда доимо куюниб юрадиган, фикрини очиқ айтадиган Аҳмаджон Мелибоев жим ўтираверибди. Шунда мажлис раиси “Бу масалада адабиёт газетаси муҳаррирининг фикрини эшитайлик-чи” деган экан, Аҳмаджон ака шахдам ўрнидан туриб, шундай дебди:
– Фикрим ёмон эмас, яқиндан бери цензура билан девор дармиён қўшни бўлиб қолдик. Аммо бир муаммодан бошимиз сал қотиб турибди-да...
– Нима муаммо экан, аниқроқ гапиринг, мажлисни якунлашимиз керак, – дебди раис бетоқат бўлиб.
– Шу десангиз, таҳририят биносини биласизлар, коридор торроқ. Бунинг устига яхши ёритилмайди. Бир амаллаб ишлаб юргандик, цензура кўчиб келганидан кейин аҳволимиз ўзгарди-қолди. Ҳамма хоналарнинг эшиклари ичкарига очилса, буларники ташқарига очилади. У ёққа ўтсак ҳам, бу ёққа ўтсак ҳам пешонамизни уриб олаяпмиз. Ғурра бўлмаган жойимиз қолмади. Бир иложи йўқмикин-а?
Кинояни тушунмаган раҳбарлардан бири Аҳмаджон акага ўгирилиб, шундай дейди:
– Менга қаранг, ука. Шу гап шундоқ идорада айтиладиган гапми? Дурадгорга айтсаларинг бас – бир зумда ичкарига очиладиган қилиб қўяди. Э, ўргилдим...
Ёнғоқнинг таъсири
Дўрмонда шоир Турсун Алининг томорқаси уч метрга кенгайгач, бўшаган ерга қандай дарахт эксам экан, дея қўшниларга маслаҳат солади.
– Мажнунтол экинг, шоирсиз, соясида илҳомланиб шеър ёзасиз! – дейди Аҳмаджон.
– Ёнғоқ ҳам зўр дарахт! – қўшимча қилади Азим Суюн. – Мен кўп шеърларимни ёнғоқнинг тагида ёзганман.
Шунда Аҳмад оға одатича гапни ҳазилга буради:
– Э-э, шунинг учун ҳам ёзган асарларингизни кўп таҳрир қилишга тўғри келаркан-да!
Шодмон ОТАБЕК
Биласизми?
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Биласизми?
Қатра
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ