Биласизми?
Неча минг йиллик тарихга эга Риштон кулолчилиги буюмлари икки йўналишда: маҳаллий устозлардан мерос анъанавий усулда ҳамда совғабоп қилиб (кимёвий компонентлар билан) тайёрланади. Мазкур буюмлар такрорланмас ислимий услубда чизилган нақшу нигорлари ва жилодор мовий ранглари билан машҳур.
1. Риштон сопол маҳсулотларининг харидорбоп бўлиши ва дунё брендига айланишида ҳудуддаги соз тупроқнинг аҳамияти катта. Бу тупроқдан тайёрланган лой шакл бериш осонлиги, ширадорлиги ва оловга чидамлилиги билан ажралиб туради.
2. Риштонда кулолчилик анъаналарини ўн икки сулола вакиллари давом эттириб келаётир. Сопол буюм тайёр бўлгунга қадар жараёнга бутун оила жалб этилади. Демакки, кулолларнинг барча оила аъзолари азалдан бу ҳунардан бохабар бўлган.
3. Уста соз тупроқ ва сувни тенг миқдорда олиб, лойқа тайёрлайди ва элакдан ўтказади. Лойқа махсус қурилмада лой ҳолатига келтирилиб, ичидаги ҳавоси чиқарилади.
4. Лой махсус матога ўралиб, уч кун тиндирилади. Тобига келган хомашё билан чархда ишлаш осон кечади. Дастгоҳда ясалган идиш бир кун қуритилади. Риштон кулолчилигида XV-XVI асрда ишлатилган шакллар ҳозирги кунда ҳам кулоллар ижодида қўлланади.
5. Кейинги босқичда буюмнинг таг қисми кажкорд (кашкорд) пичоғида текисланади ва керакли шакл берилади. Сўнг сопол яна қуритилиб, тайёр маҳсулот кўринишига келтириш жараёни бошланади. Кулол яратган буюм сифатли чиқишида қуёш нури муҳим омил саналади.
6. Анъанавий кулолчиликда ранглар ёрқин бўлиши учун фон берилиши керак. Усталар тилида бу лоялаш дейилади. Тоғли ҳудудлардан олинган оқ тош, яъни кварц майдаланади ва суюқ лой ҳолига келтириб, буюм юпқа лояланади.
7. Анъанавий сопол идишлар икки хил усулда тайёрланади:
а) буюмнинг лояланган ҳолатида гул чизилиб, ранг берилиб, сирланади ва хомпазда пишириб олинади;
б) лоялангандан кейин пиширилиб, сўнгра нақш солиб, ишқорланади ва яна 1050 С° да обдон пиширилади.
8. Ҳунармандлар турли металл оксидларидан яшил, феруза, қора ва жигарранг, сариқ, мовий бўёқларни тайёрлашади. Риштон анъанавий кулолчилигида қизил ранг деярли қўлланилмайди. Асосан табиатдан олинган ислимий нақшлар, қалампир, анор, чоргул (дунёнинг тўрт томони рамзи), паризох (қуш пати) каби безак турлари ишлатилади.
9. Кулолчиликнинг энг муҳим жараёни сирлашдир. Қирқбўғим, гулоба каби гиёҳлар меъёрига етиб яшил тусга кирганида уюм қилиб йиғилади ва ўша жойнинг ўзида ёқилади. Бу жараёнда гиёҳлар таркибидаги тузли сувлар ширага айланиб, қотишма ҳолига келади.
10. Қотишмалар 1200 С° қиздирилган печкага солинса, шишасимон модда ҳосил бўлади. У билан идишлар ишқорланади, яъни сирлаб чиқилади. Сир буюмдаги рангларни жилодор кўрсатиб беришга хизмат қилади.
11. Кулолчилик ҳунарини пухта ўргатиш учун шогирдлар 12 ёшдан қабул қилинади. Уста ёшлар орасидан лойга тезда аниқ ва чиройли шакл беришига қараб истеъдодлиларини танлаб олади. Тиришқоқ болалар нафақат кўзагар бўлиши, балки кейинги босқичларда моҳир наққош устага ҳам айланиши мумкин. Кулол Алишер Назиров шогирдларининг кўзини боғлаб, шакл ва лойни ҳис қилишга ўргатади.
12. Риштон кулолчилик намуналари кўргазмаси илк марта 1897 йили Франциянинг Париж шаҳрида ўтказилган. Бугунги кунда АҚШ, Англия, Норвегия, Австрия, Швеция, Япония, Германия, Голландия, Россиянинг жаҳонга машҳур музейларида Риштон кулолчилик санъат асарлари сақланади. Ҳозир Риштонда 648 нафар кулол бўлса, улардан 12 нафари анъанавий йўналишда иш олиб боради. Оилавий тадбиркорлик билан шуғулланиб, бир йилда 350 миллион сўмдан 1 миллиард сўмгача даромад олаётган кулоллар бор.
Биласизми?
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ