Бош ва қилич
Алишер Навоий билан Ҳусайн Бойқаро ёшлигидан жуда қалин дўст бўлганлар, мактабда ҳам бирга ўқиганлар. Уларнинг домласи ғоят ўткир зеҳнли киши экан. У киши бир куни шогирдларининг зеҳнини, нимага қизиқишларини билмоқчи бўлибди. Ҳар иккаласига бош ва қилич расмини чизиб берибдида, шарҳ ёзиб келишни топширибди.
Алишер бош ва ақлни, доноликни таърифлаб ғазал битиб келибди. Ҳусайн бўлса қиличга ҳамд-у санолар айтиб, жанг-у жадал ҳақида мадҳия ёзибди.
Домла шарҳларни ўқибди-да, осмонга қараб чарақлаган қуёшни Алишерга, қора булутни эса Ҳусайн Мирзога кўрсатиб, Алишерга “Офарин” дебди.
Ҳусайн Мирзога эса индамабди. Бундан ажабланган Ҳусайн Мирзо домла мени тақдирлашни унутди чоғи деб ўйлаб, устозидан ўз “мукофот”ини сўрабди. Домла шаҳзодага қараб: “Сизга “водариғ” мукофоти ёзилган экан”, – дебди.
Алишер ўз мукофотининг мазмунига тушуниб, боши кўкка етибди. Ҳусайн Мирзо бўлса “мукофот” сирини тушуна олмабди.
Бош ва қилич расмида: Бош ақл рамзи бўлиб, инсонларга хизмат қилади. Қилич эса ақлга қарши туриб, бошга “водариғ” кулфатини солиди дейилган экан.
Мир Алишер чизган сурат
Кунлардан бир куни Мир Алишер ўзининг ижодхонасида аллақандай бир суратни чизаётган экан, ногаҳон подшо Султон Ҳусайн унинг ҳужрасига кириб келибди. Мир Алишер сурат чизишга қаттиқ берилиб кетганидан подшога қарамабди ҳам. Бундан Ҳусайн қаттиқ ранжиб:
– Мир Алишер, сизнинг мусаввирлик ҳунарингиздан бехабар эканмиз-да! Мендан кўра сурат азизроқ эканми дейман, бундоқ қайрилиб ҳам қарамадингиз-а?! – дебди. Мир Алишер шундай деб жавоб берибди:
– Агар бу суратда ким тасвирланганини билганингизда эди, фикрингиздан қайтган бўлардингиз!
Подшо Ҳусайн яқинроқ бориб қараса, ўзининг сурати экан, шунда у дўстига ноўрин жаҳл қилганига пушаймон бўлиб, ишидан беҳад уялибди, бинобарин янада меҳри ортибди. Мир Алишер эса подшога қараб:
– Дўстим, энди бунисини ҳам томоша қилинг, – дебди.
– Ҳусайн томоша қилиб ўтирибди. Мир Алишер занжирланган шернинг суратини чизиб, Ҳусайнга узатибди. У суратни обдон томоша қилиб:
– Нимага шерни занжирлаб қўйибсиз? – деб сўрабди.
– Сизнинг олдингиздаги барча олимлар-у шоирлар, донолар-у яхшилар ана шу занжирбанд шерга ўхшайдилар. Сиз уларнинг барини безанжир банд этиб қўйгансиз. Аммо шер хоҳ занжирбанд бўлсин, хоҳ бебанд экан, ҳамиша мағлубиятни хаёлигаям келтирмайди, мақсади енгиб чиқмоқ, – дебди Мир Алишер.
Ҳусайн Мирзо Мир Алишернинг сўзига жавоб топиб беролмай, ҳужрадан бошини эгиб чиқиб кетбди.
Алишер Навоий кимни ёмон кўрган?
Кунлардан бир куни Султон Ҳусайн вазирларининг ёлғон сўзларига ишониб, Алишер Навоийни зиндонга буюрибди. Кўп вақт ўтмай унинг гуноҳсизлиги маълум бўлибди. Подшо уни зиндондан чиқаришларини буюрибди. Алишер Навоий эса чиқишга унамабди. Подшонинг қамаш ва чиқариш ҳақида берган фармонига ажабланганини билдирибди.
Шоирни зиндондан чиқариш учун кўп уринибдилар-у, фойдаси бўлмабди. Энг кейин унга яқин кишилардан бирининг маслаҳати билан Алишер Навоийнинг ёнига бир аҳмоқни қамаб қўйибдилар. Шоир ана шундан сўнггина зиндондан чиқишга розилик берибди.
Мир Алишер билан хаста одам
Мир Алишернинг олдига бир одам келиб, ўзининг саломатлиги ёмонлигидан шикоят қилдиб:
– Мавлоно Мир Алишер, сиз кўпни кўрган, доно одамсиз, шоирсиз, адолатпарвар амирсиз, аммо табибликдан хабарингиз йўқлиги жуда ёмон-да, – дебди.
– Қаерингиз оғрийди? – деб сўрабди Мир Алишер.
– Ўзим ҳам билмайман, ҳамма жойим оғрийди, танамда исқиним йўқ,– деб жавоб берибди ҳалиги киши.
– Ундай бўлса, бир шифоси бор, – дебди Мир Алишер, – ҳар куни эрталаб бир намоз вақти, пешинда бир намоз вақти, кечқурун яна бир намоз вақти ер чопиб, қолган пайтларда ўзингизнинг касбингизни қилинг, иншоолло, тезда тузалиб кетасиз...
Орадан бир неча муддат вақт ўтгач, ҳалиги одам яна Мир Алишернинг олдига кириб келиб:
– Мени танидингизми, тақсир? – деб сўрабди.
– Танишга танидимку-я, аммо саломатлигингиз қалай? – дебди Мир Алишер.
– Отдайман. Шоирдан ҳам табиб чиқар экан-да, сизнинг айтганингизни қилиб, тамомила дарддан ҳалос бўлдим, – дебди у киши мамнун бўлиб.
Навоий билан Биноий
Ҳиротда Алишер Навоий билан бирга мавлоно Биноий деган шоир ҳам яшарди. Кунлардан бир куни Биноий Алишер Навоийнинг боғига келибди. Қараса, у бир қанча шоирлар-у машшоқлар, созандалар-у хонандалар билан ширин суҳбатлар қуриб ўлтирган экан. Биноийнинг ғайирлиги тутибди. Шу пайт олдига вовуллаганича келган итга қараб овозининг борича:
– Ҳо, жанобларининг итлари ҳам нав (оҳанг қилади демоқчи) қиладилар-ку, биз бундан бехабар қолибмиз-да, – дебди. Шу билан Алишер Навоийни боплаб “чақиб” олмоқчи экан-да. Биноийнинг ниятини дарров англаган Алишер Навоий унга шундай жавоб қилибди:
– Ҳа, энди анча-мунча боқиб парвариш қилган эдик, мавлононинг ўзлари кўриб турганларидек, бинойидек бўлди-қолди.
Шоирнинг суҳбатдошлари маза қилиб кулишибди.
Булбулнинг навоси
Алишер Навоий билан Биноий деган шоир бир куни катта бино олдидан ўтиб қолишибди. Бинонинг ичкарисида гулга қўниб сайраётган булбулнинг ёқимли навоси эшитиларди. Шунда Биноий Алишер Навоийни чақиб олмоқчи бўлиб:
– Ҳазрати олийлари, қаранг, йўловчилар ўтганда анави бинонинг чиройига, кўркамлигига завқ билан тикилади. Фикримча, анави сайраётган булбул ҳам ушбу бинонинг гўзаллигига таҳсин ўқиётгандек, – дебди.
Биноий бу гаплари билан нима демоқчи бўлганини англаган Алишер Навоий унга жавобан шундай дебди:
– Гапингиз тўғри жаноби олийлари, лекин шуни билингки, кунлар ўтиб бу бино ҳам қулайди, лекин булбулнинг навоси, унинг ёқимли овози асло йўқолмайди. Дарвоқе, ҳақиқий дидли, фаросатли кишига бу ерда бинонинг серҳашамлиги эмас, булбулнинг навоси ҳузур бағишлайди. Бунга унча-мунча кишининг фаҳми етмайди.
Бу гапни эшитган Биноий қизариб қолибди.
Гап навосида
Алишер Навоий билан Биноий бир куни кўчада кетишаётган экан, йўлдаги боғдан ғазал эшитилиб қолибди. Ғазал Биноийники экан. У ғазал ўзига қарашли эканлигини билдирмоқчи бўлиб, Алишер Навоийга:
– Боққа кирайлик, жуда яхши ғазал ўқишяпти, – дебди.
Алишер Навоий “Боққа кириб, ғазал тингласак-тинглабмиз-да”, деб рози бўлибди. Икковлашиб боққа киришибди. Ғазалхон ғазални ўқиб бўлгач, Биноий мақтаниб:
– Ҳой, иним, шеърни бинойидек битибсан, ўқишинг ҳам бинойидек, раҳмат, офаринлар бўлсин сенга! – дебди.
Бу сўзни эшитган Алишер Навоий:
– Аммо лекин бу дўстимиз шеърнинг навосини жойига қўёлмабди, озгина фаҳм-у фаросатни ишга солиб, пешона тери тўкканларида ғазалнинг навоси жойига келармиди... – дебди.
Бу лутфдан Биноий ҳижолат чекиб, ерга қараб қолибди.
“Эл деса Навоийни” китобидан
Биласизми?
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Биласизми?
Қатра
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
1 Изоҳ
Наргиза
12:01 / 01.01.1970
Навоийни бекорга суз мулкининг султони дейишмайдида. У буюк шахс .Унинг ижодини урганиш учун бир инсонни умри етмайди . Бобомиз ижодини хали хам урганишаетган адабиетшунослар какими? Лекин бобомиз кабрларини Ютуб каналларида куриб жуда хам афсусландим.