Жаҳоннинг бешта “ақлли” шаҳари


Сақлаш
14:02 / 08.02.2022 0 889

 

Миллионлаб инсонлар яшаётган мегаполисда мураккаб ва кўп тармоқли хўжаликни бошқариш, транспорт ва коммуникацияни тўғри йўлга қўйиш, чиқиндиларни қайта ишлаш, экологияни тоза сақлаш ҳаёт-мамот масаласига айлангани “ақлли шаҳар” (“smart city”) мавзусини кун тартибига чиқарди.

 

Айни пайтда 15–20 миллион ва ҳатто ундан кўп нуфузга эга мегаполисларда юксак технологиялар шарофати билан машиналарни қўйиш (парковка) ва кўчалардаги тирбандликларни бартараф этиш, сув ва ҳаво ифлосланиши муаммолари ижобий ечим топмоқда. Ресурслардан тежамли фойдаланиш, маиший чиқиндиларни ташиб кетиш, қайта ишлаш муаммолари ҳам ижобий ҳал этилмоқда. Қайта тикланадиган энергия манбаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

 

Яқинда “Forbes”, “PwC”, “Juniper Research” ва “EasyPark” каби машҳур компаниялар жаҳоннинг ақлли шаҳарлари бешлигини маълум қилди.

 

Сингапур: ҳайдовчисиз автони кутиб...

 

Шаҳарда жамоат ва шахсий транспортларнинг эркин, бемалол ҳаракатланиши учун ақлли ечимлар таклиф қилинмоқда. Интеллектуал светофорлар тирбандликларни камайтирса, йўл датчиклари транспорт оқими зичлигини мунтазам кузатиб боради.

 

 

Машиналар учун парковка имконияти кенг. Ақлли ускуналар бўш жойлар ҳақида ҳайдовчиларга маълумот жўнатади. Шаҳар яқин йилларда ҳайдовчисиз бошқариладиган автоларнинг илк туркумини қабул қилишга тайёрланмоқда. “Виртуал Сингапур” ҳамда 3D-мослашув концептига кўра, фавқулодда вазиятда шаҳар аҳолисини қисқа муддатда эвакуация қилиш имкони мавжуд.

 

Лондон: транспорт муаммоси ортда қолмоқда

 

Улкан рақамли сервер ва юксак технологиялар шарофати билан йўл ҳаракати муаммоларини ҳал эта олгани боис Лондон смарт-шаҳарлар орасида етакчи ўринда туради. Ҳолбуки, тирбандликлар ва автотураргоҳ тақчиллиги бўйича жиддий муаммоларга дуч келган Европа мегаполисларидан биринчиси Лондон ҳисобланади.

 

 

2002 йилги ислоҳотларга кўра, шаҳарга автомобилда кириш пуллик қилинди. Машина қўйиш жойларини тўла қамраб олган ягона тармоқ яратилди. Барча турдаги транспорт тизими ақлли технологиялар ёрдамида такомиллашди. Энди ҳар бир кишига навигатор-илова ўнғай йўналишни, қулай транспорт турини танлаб беради.

 

Нью-Йорк: инсон ҳаёти хавфсизлигини таъминловчи илғор технологиялар

 

АҚШнинг йирик мегаполиси Нью-Йорк ҳам инновацияларни фаол ўзлаштирмоқда. Айниқса, инсон ҳаёти хавфсизлиги борасида илғор технологияларни қўллашда пешқадам. Шаҳар видеокамералар тўри билан қамраб олинган. Кўчаларга ҳар қандай товуш тебранишларини сезадиган ва полицияга бу ҳақда сигнал юборадиган сенсорлар ўрнатилган. Ёнғиннинг олдини олувчи замонавий тизим мавжуд.

 

“Ақлли” чиқинди қутилари (BigBelly) тўлган заҳоти ташувчи машиналарни чақиради. Смарт-технологиялардан кўчаларни ёритишда ҳам самарали фойдаланилмоқда. Тизим кўча ва шоссе гавжумлиги бўйича маълумотларни йиғади ва чироқлар ишлашининг қулай режимини мустақил танлайди. 

 

 

Барселона: шовқинсиз, чанг-тўзонсиз ва сув исрофисиз

 

Каталония пойтахти смарт шаҳарлар орасида “Forbes” талқинига кўра биринчи ва “Juniper Research” баҳосича иккинчи ўринда туради. Барселонада трафикни бошқариш учун датчиклардан фойдаланилади. Кўчаларни ёритишнинг ақлли тизими ишлайди. Эргономик диодли лампаларга ўтиш режаси амалга оширилмоқда.

 

Суғоришнинг ақлли тизими қурғоқчилик пайтида тежамкорлик режимига ўтади. Ҳаво сифати ва шовқин мунтазам мониторинг қилиб борилади. Қатор экологик лойиҳалар, хусусан, қайта тикланадиган энергия манбалари ва интеллектуал ҳисоблагичларга эга ақлли коммунал тармоқлар ишга туширилган. Улар ресурслар сарфини назорат қилади ва нуқсонларни бартараф этади. Шаҳарда барча датчиклардан келадиган маълумотларни йиғиш ва таҳлил этиш платформаси ишлаб чиқилган.

 

 

Копенгаген: маълумотларни эркин алмашиш имкони

 

Дания пойтахтида велосипед учун инфратузилма ўта ривожланган бўлиб, Копенгаген велосипеди энг кўп шаҳар деган норасмий мақомга эга. 2017 йилдан эътиборан велосипедлар йўллардаги ифлосланиш ва тирбандлик даражаси бўйича маълумот бериб турадиган датчиклар билан жиҳозлана бошлади. Шаҳар ҳокимияти амалиётда ақлли ечимларни қўллаётган бизнес турларини (ёритиш, уйларни бошқаришда) ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда.

 

Копенгаген маъмурияти ва “Hitachi” компанияси ҳамкорлигида “шаҳар маълумотлар алмашув базаси” яратилган. Энди оддий фуқародан тортиб шаҳар мэригача мазкур платформага ахборот жойлаштириши мумкин. Бу эса ижтимоий институтлар – жамият, полиция, раҳбарият ва шошилинч хизматларнинг бир ёқадан бош чиқариб ишлашига имкон беради.

 

Осло, Бостон, Цюрих, Стокгольм, Шанхай, Амстердам ва Ницца шаҳарлари ҳам жаҳоннинг “ақлли” шаҳарлари қаторидан ўрин олишга интилмоқда.

 

Абдумажид АЗИМОВ тайёрлади.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 11
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи

Биласизми?

10:11 / 20.11.2024 0 36
“Ўдаға”нинг ўдағайлагани

Қатра

21:11 / 11.11.2024 0 121
Мўъжизанинг баҳоси

Қатра

15:11 / 08.11.2024 0 156
Ота ва етти ўғил ҳикояси

Биласизми?

23:11 / 01.11.2024 0 237
“Бирпас”ми, “иккипас”?..



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6083
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4916
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4554
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 3981
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3411
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2979
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2894
Туғилган кун

//