“Лев Толстой билан ҳам гурунглашган...”


Сақлаш
21:08 / 25.08.2021 0 909

“Галустукка мос тушди…”

Тўра аканинг ўзига хос эркаликлари бор эдики, фақат унинг ўзига ярашарди. Аканинг қалтис пайтда қилган илтимосла­рига ҳатто оғамиз Саъдулла Сиёев ҳам ғиринг деёлмасди. Бу албатта Саъдулла аканинг Тўра Сулаймонни ўта сийлагани­дан бўлса керак. 1980 йилнинг май ойида Саъдулла Сиёевнинг 50 йиллик юбилейи ҳар жиҳатдан уюшган ҳолда ўтди. Адиб оғамизга тортиқ қилинган совғаларнинг орасида энг ноёби оппоқ чармдан тайёрланган сумка эди. Тўра ака иккиланиб ўтирмай:

– Саъдулла, мен шундай гўзал сум­каларга ярашиқли ижодкорман. Рози бўл, – дея менга юзланиб, – Турсунжон, бугун сеникида қўноқ бўлмоқчиман, қани кетдик, – деди.

Ўша пайтларда Юнусободда ижарали уйда яшардик. Уйга келсак талаба ўғлим Муроджон дарс тайёрлаб ўтирган экан. Тўра ака ўғлимни ёшлигидан танигани учун тезда тиллашиб кетди. Талабанинг дазмолланган, аммо анча уриниб қолган кўйлакларидан олиб ўзига ўлчаб, кийиб кўрди ва галустугини яхшилаб боғлади.

– Талабадан СирФА Академигига муно­сиб шу кўйлак экан, рози бўл! Ёқаси яхши, галустукка мос тушди, – деди. Ўғлим хижолат, мен зимдан унга ишора қилдим.

Тўра ака ўрнидан туриб қизил сумка­сини очиб, ялтироқ қоғозга ўралган оппоқ кўйлакни Муроджонга қўш қўллаб тутди.

 

Ҳеч бўлмаса, Раступинни айтмади-я, занғар…

 Устоз Сарвар Азимов Ёзувчилар уюшмасини бошқарган 1980 йилларда жуда кўпчилик ижодкорлар уйлик-жойлик бў­лишган. Машиналар харид қилишган. Мустабид тузум даврида Марказ уюшма аъзоларининг сифатига эмас, сонига қараб маблағ ажратарди. Сарвар Олимжонович шунга кўра, вилоят­ларда уюшманинг кўчма йиғилишларини ўтказиб, жойлардаги шоир ва ёзувчиларни аъзоликка қабул қилиш русумини жорий этганди.

Навбатдаги қабул Гулистон шаҳрида бўлди. Тўра Сулаймон сирдарёлик ижодкорларнинг раҳбари бўлгани учун жиддий тайёргарлик кўрилди. Атоқли шоир марҳум Машраб Бобоев шу вилоятга кураторлик қиларди. Аъзоликка номзодларнинг орасида “Сирдарё ҳақиқати” газетасининг ходимларидан бири, анча-мунча ҳикоялар ёзиб, Тошкентдан келган ижодкорларни шахсий машинасида учрашувларга олиб бориб Тўра акага кў­маклашиб турадиган йигит ҳам рўйхатга тиркалганди. Ниҳоят, қабулга кириш навбати газета ходимига келди. Ҳайъат аъзола­рининг салобати босдими, журналист саволларга жавоб берол­мади. Ачинарлиси 1960 йилларда адабиётимизга кириб келган адибларни ҳам айтолмади.

Машраб Бобоев Тўра Сулаймон билан кўз уриштириб олиш­ди. Ҳайъат аъзоларидан бири вазиятни юмшатиш ниятида: – Рус ёзувчиларидан кимларнинг асарларини ўқигансиз?” – деб сўради. Номзод яна лом-лим деёлмади. Газета ходими ноқулай аҳволга тушмаслиги учун аванс тарзда у аъзоликка қабул қилинди.

Йиғилишдан кейин Машраб Бобоев нолиган оҳангда Тўра Сулаймонга қараб: – Бу биродаримиз на Шукур Холмирзаевни ва на Ўткир Ҳошимовни билмаса-я? Рус ёзувчиларидан Лев Белов, Василий Шукшинларни ҳам ўқимаган экан-да? – деб хижолат бўлди.

Тўра Сулаймон ўз навбатида Машраб Бобоевнинг изтиробларига ҳамдардлик билдирмоқчи бўлиб, – Машрабжон жуда тўғри гапирдингиз, бу зинғар ҳеч деганда Раступинни айтса бўларди-ку! (Распутин демоқчи).

Акахонимнинг бу сўзлари даврада турганларнинг кутилма­ган қаҳқаҳасига сабаб бўлди.

 

Совуқ гап…

Кунларнинг бирида Миртемир домлани зиёрат қилгани уйларига бордик. Миржалол халталаримизни олиб ичкарига бошлади. Меҳмон­хонада устоз москвалик таржимони Рувим Моран билан шакаргуфтор­лик қилиб ўтиришган экан. Меҳмон гурунгни умр ўткинчи эканлигига буриб, “дунё омонат, қариб қолдик” деб европаликларга хос тарзда дан­гал сўзлагани икковимизга ҳам бироз малол келди. Арман шаробининг таъсири тегдими, Тўра ака: – Турсун, меҳмон совуқ гап қилаяпти, тизгинни тортаман, шекилли, – деб шивир­лади. Мен “қўйинг” дея бошимни сарак-сарак қилдим. Миржалол келтирган қовурма газакдан тамадди қилгач, устоз яна бир пиёладан ша­роб узатди. Орадан кўп ўтмай Тўра ака тўсатдан;

– Дорогой Рувим! Зачем такой хо­лодный разговор? – деса бўладими…

Меҳмон хижолат бўлиб гоҳ Мир­жалолга гоҳ менга қарайди. Гап нима ҳақда бораётганлигини тўлиқ англамаган Миртемир домла қулоғига кафтини қўйиб энгашиб: – Тўражон нима дедингиз? – сўраб қолдилар. Тўра Сулаймон меҳмоннинг совуқ гапларини ўзига хос оҳангда шарҳла­ди. Устоз тиззасига уриб қотиб-қотиб кулди ва русча муқобилини Рувим Моранга ҳам тушунтиргач, қаҳқаҳа авжига чиқди. Тўра ака ҳар галгидай расмий тилни яна “абжағини” чиқар­ганлигини тан олгач, қўналғамизга етгунча кулиб бордик.

 

Харьков-33

Тўра Сулаймон ўта дидли, йиғинчоқ бўлганлиги учун сафарда, кунда­лик ҳаётда керак бўладиган, ҳатто атторнинг қутисидан ҳам топиб бўл­майдиган зарур буюмларни харид қилиб бизнинг кўзимизни куйдирарди. 1960-70 йилларда машҳур бўлган Украинанинг Харьков шаҳрида ишлаб чиқарилган соқол оладиган янги электр машинкани кўз-кўз қилиб, ҳар куни эрталаб иягини қиртишлай бошларди.

– Калга темир тароқ, кўсага машинка ярашади, – деб ғашига тегар­дим.

Орадан бир ҳафта ўтмай, Тўра ака ҳудди ўша машинкани “СирФА академиги ғирт, кўса Тўра Сулаймондан хаваскор кўса, ҚирФа академиги мулло Турсунбой Адашбой ўғлига” деб каминага тортиқ қилди.

 

Ассалому алайкум Убайдулла ака!

Тўра Сулаймон одатда имтиҳонлардан қутулиб, дарслар енгиллаган маҳалларда оппоқ қоғозга эртага қайси редакцияларга, қайси вақтда боришини ёзиб, “маршрут қоғози”ни тайёрлаб қўярди. Кунларнинг бирида белгиланган йўналиш бўйича Навоий кўчаси орқали пиёда “Муштум” журнали редакциясига Саъдулла Сиёевнинг ҳузурига қараб сафар тортдик.

Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти гуллаган маҳал­лар. Олисдан башанг кийинган, бошига папаха қўндирган, шу нашри­ётнинг бошлиғи устоз Ҳамид Ғулом кўринди. Тўра ака шошиб: “Турсун, Ҳамид Убайдуллаевич келаяпти, – деб шипшиди. Мен атай: “Танимас эканман”, – дедим. У “Сволоч”, – дея бир четга “чирт” эттириб туфлади. Сўнгра қайта-қайта: “Ҳамид Убайдуллаевич, Ҳамид Убайдуллаевич”, – деб такрорлаб бораверди. Мен Ҳамид ака билан суҳбатдош бўлмаганим учун орамиздаги масофа яқин қолганда ўзимни четга олиб оҳиста юра бошладим. Тўра ака ҳамон “вич” қўшимчаси билан айтиладиган исми шарифларни такрорлаб келарди. Қулоқларим локаторга айланган. Устоз рўбарў келган чоғда, ҳамроҳимизнинг: “Ассалому алайкум Убай­дулла ака!” – деган хитоби жаранглади. Чамамда акани устознинг сало­бати босди шекилли. Ҳамид Ғулом ўз навбатида оғир-босиқлик билан: “Ва алайкум ассалом, мулла Тўражон”, – деб эркалатиб сўрашди.

Менинг учун ҳазилга баҳона топилган эди. Тўра ака тушмагур: “вич”ини қўшмасам, Асакам кетармиди. Бу дунёда ўзимизнинг “Салом, устоз!” сўзидан улуғроқ гап йўқ экан”, – деб кўпга қадар изтироб чекиб юрди.

 

Эзибички

Тўра Сулаймон камроқ ухлаб, кўп ўқирди. Тунда ишлашни маъқул кўрарди. Қизил сумкасида кўлвори илондан тайёрланган каплама ва эзибички узилмасди. Бир куни: Турсунбой, Саъдулла кутаяпти бугун уники­да меҳмон бўламиз, деб қолди. Ўзимизга яраша бозо­римизни қилиб Юнусободга йўл олдик. Хонадон бекаси синглимиз Ширин лаззатли таомлар билан бизни сий­лади. Уччовлон бироз улфатчилик ҳам қилдик. Кейин Саъдулла ака иккимиз бир хонада, Тўра ака эса айвонда ётадиган бўлди. Меҳмоннинг илтимосига биноан Ширин катта чинни косада памил чойни тайёрлаб берибди. Оға­миз чиннидаги чойга эзибичкидан аралаштириб, косани шифонернинг устига яширганини пайқаган Саъдулла ака меҳмон қўл ювгани кирган кезда чиннидаги чойни ал­маштириб қўяди.

Ётар чоғимизда мезбон бу ҳақда каминага шипшитгач, уйқумиз қочди. Май ойи бўлгани сабабли ўрта эшик ва де­разалар очиқ. Бироз мизғиган бўлдик. Кулгидан ўзимизни тиёлмаймиз. Саҳархез ака тушмагур аллақачон туриб олган­ди. Кастум елкада елвагай, соат беш. Кўрпани дурбин қилиб акани кузатяпмиз. Бир маҳал шифонер устидаги косани олиб, сўрининг ёнига чўкиб эзибичкидан пича татиб кўргач, таъми ёқмади шекилли: “Сволочлар!” – деб чинни косани зарда билан кўчага улоқтирди.

Саъдулла ака ҳеч нарсани билмагандай ўрнидан туриб биз ётган хонадаги дераза рахидаги корсонни меҳмонга узатди. Тўра аканинг чеҳраси ёришиб, чиннидаги яхна эзибичкини ихлос билан шимириб, ҳудди қимиз ичгандай томоғини тақил­латиб: – Қойил! – деди мамнун оҳангда.

 

“Лев Толстойнинг ашаддий мухлиси”

 Наманган вилоятида ўтган адабий учрашувлар маз­мунли бўлди. Адабиётимизнинг мухлиси, шаҳар газ бошқармасининг бош инженери, Турғунпўлат Сулай­монов қадрдон дўстимиз Ҳабиб Саъдулланинг энг яқин жўраларидан бири эди. У хайрлашув олдидан шоирлар­га жаҳон шеърияти вакилларининг асарларини, таниқли адиб Саъдулла Сиёевга эса Лев Толстойнинг тўрт жилдлик энг ноёб сайланмасини тортиқ қилди.

Шу маҳал Тўра Сулаймон кутилмаган илтимос билан Саъдулла Сиёевга юзланди:

– Укагинам, мен Лев Толстойнинг ашаддий мухлиси­ман-ку, бу китоблар сендан менга муносиб совға бўлди, – дея уларни халтасига солди.

– Тўра ака, сиз бу китобларни барибир ўқимай­сиз-ку, – иддао қилди Саъдулла ака.

– Тўғри айтасан, аммо уйимизга келган айрим меҳ­монлар кутубхонамда буни кўрса, Тўра Сулаймон ҳатто Лев Толстой билан ҳам гурунглашган экан-да дейиши мумкин…

 

Турсунбой АДАШБОЕВ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

14:01 / 16.01.2025 0 90
Қуриб кетсин музейинг!..

Қатра

12:01 / 13.01.2025 0 84
Муаллимдан таёқ еган султон



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 7447
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 5039
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4681
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4110
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3457
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 3031
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2948
Туғилган кун

//