Ҳаммаси зўр
Ёш шоир Шукур Қурбон эндигина “бу бўстон саҳнида” атак-чечак қилиб, шеърият қасрини ишғол қилишга чоғланган кезлар эди. Ҳали танилиб улгурмаган навқирон ижодкор олдида минг бир тўсиқ-ғовлар кўндаланг турар, туриш-турмушида ҳам ҳаловат йўқ эди. Ҳар гал таҳририятлар остонасидан ҳафсаласи пир бўлиб чиққанида таниш-билишлар, дилтортар дўстлар даврасида тўйгунча шеър ўқиб, хумори ёзиларди.
Бир куни Шукур билан Пушкин кўчасидаги “Шарқ юлдузи” журнали таҳририяти жойлашган бино ёнида (у шу журналда ишларди) учрашиб қолдик. Сездимки, кайфияти шеър ўқишга мойил, фақат эшитишга тешик қулоқ бўлса бас. Аммо мен шошиб турган эдим.
– Шодмон ака, юринг, битта шеър ўқиб бераман, – Шукур “Шарқ юлдузи” таҳририятининг шундоққина орқасидаги кўҳна, мўъжаз ҳужрасига таклиф қилди.
– Шукуржон, узр, мен... бир жойга шошиб турибман.
– Шошган одам... шеърга ёлчимайди, юрақолинг энди.
– Айтяпман-ку...
– Агар хўп десангиз, сизга тўртта сомса олиб бераман! – Шукур икки қадам наридаги тандирдан эндигина узилган, буғи чиқиб турган иссиқ сомсаларга ишора қилди.
Ногоҳ шумлигим тутди. Қолаверса, қорин ҳам оч эди.
– Тўртта сомса йигит кишига нима бўлади? – дедим.
– Боринг, яна иккита қўшаман! Кетдикми?
– Майли, фақат билиб қўйинг, шеърингизни сомса тугагунча эшитаман.
– Келишдик.
Хуллас, ҳужрага боргач, мен сомсаларни бир четдан туширавердим, Шукур жўшиб-тошиб шеърини ўқийверди:
Маъсуда, о менинг Маъсудагинам,
Кўзлари фаромуш, осудагинам...
Шеър завқидан сел бўлиб, “бай-бай”, “оҳ-оҳ”, дея сомсани еб тугатсам ҳамки шоири тушмагур шеър ўқишдан тўхтамасди. Кўнгли учун “аҳдни бузиб”, яна бироз тоқат қилиб ўтирдим.
– Хўш, қалай? – ниҳоят, терлаб-қизариб кетган шоир оғзимга тикилди.
– Зўр!
– Сомсами, шеърми?
– Иккиси ҳам зўр! – дедим.
Жинни эмас экан
Кунлардан бир кун “Гулистон” журнали (ўша йиллар журналнинг нуфузи жуда баланд эди – Ш.О.) таҳририятига қотмадан келган, қош-у сочлари ўсиқ, мажнунсифат йигит кириб келади. Кўзлари бежо, нимадандир аламзада бўлган одамга ўхшарди. У котибанинг ҳай-ҳайлаганига ҳам қарамай, бош муҳаррир Асқад Мухтор ҳузурига кириб кетади. Орадан кўп ўтмай, ичкаридан унинг дағдағали овози эшитила бошлайди. Эшик тирқишидан буни тинглаб турган котиба нима қиларини билмай, бир зум иккиланади. Милицияга телефон қилишдан олдин бўлим мудири Маҳмуд Саъдийнинг хонасига боради.
– Маҳмуджон, Асқад аканинг олдига жиннироқ бир йигит кириб кетувди, ҳалиям чиқмаяпти. Жанжаллашаётганга ўхшайди, хавотирланяпман, бир қараб қўйинг-чи!
Маҳмуд ака қизиқсиниб, котиба билан бош муҳаррир эшиги ёнига келади. Ичкаридаги овозга бир лаҳза қулоқ солиб тургач, беихтиёр кулимсирайди.
– Хавотирланманг, у жинни эмас – ёш шоир Шукур Қурбон!
– Ахир у жанжаллашаяпти-ку!
– Йўқ, у бўлим мудири журналда чиқаргиси келмай, тухумдай босиб ётган шеърларини бош муҳаррирга жўшиброқ ўқиб беряпти, холос!
Мавзолейда... яшайди
Мустақилликдан илгари, Москвада ёш шоирларнинг Бутуниттифоқ йиғини бўлади. Унда қатнашган Шукур Қурбон бир куни қоқ ярим тунда пойтахт кўчаларида адашиб қолади. Ўрисчани дурустроқ билмайдиган шоир ўзлари турадиган меҳмонхона мавзолей ёнида эканини яхши эслаб қолганди. Шунинг учун ҳам у мелисанинг “Қаёққа боришинг керак ўзи?” деган саволига бурро жавоб қилади:
– Мавзолейга боришим керак!
– Ие, қоқ ярим тунда мавзолейда нима қиласан?
– Мен ўша ерда яшайман!
– Йўғ-э, эсинг жойидами? – мелиса шоирнинг ғалати гапидан ҳайратланади. – Ахир у ерда Ленин...
– Мен ҳам ўша ерда яшайман!! – шоири тушмагур бўш келмайди.
Мелисанинг боши қотиб, гангиб қолади. Кейин бу ғалати йигитни яшайдиган жойи – мавзолейга кузатиб қўяди.
Нега шеър ёзади?
Кунлардан бир кун Шукур Қурбон таниқли адабиётшунос дўсти билан учрашиб қолади. Суҳбат давомида олим ёшлик йилларини эслаб, шундай дейди:
– Мен ҳам бир вақтлар сенга ўхшаб шеър ёзардим. Ҳатто туман газетасида достоним ҳам чоп этилганди. Аммо мундоқ ўйлаб кўрсам, барибир Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповлар даражасида ёза олишимга кўзим етмаган. Шу боис шеъриятни ташлаб, илмга уриб кетдим. Яхши қилган эканман, мана, ёмон бўлмадим...
Шукур пешанасини андак тириштириб, қуюқ қошларини чимирганча ярим ҳазил, ярим жиддий оҳангда жавоб қилади:
– Сен ўшанда шеъриятни яхши таҳлил қилолган экансан. Мана мен шеъриятни сенчалик тушунмаганим учун ҳалиям ёзиб юрибман.
Соқов шоир
Шукур Қурбон Самарқанд шаҳрида шеърхонлар билан учрашувлар ўтказиб, ўз ҳисобидан чоп этган китобларини сотиб юрган эди. Кўриниши яҳудийга ўхшаброқ кетадиган шоирга одамлар тожикча мурожаат қилишар, аммо у бу тилни билмагани учун ўзаро мулоқотларда қийналиб қолар эди. Ўйлай-ўйлай ахийри йўлини топгандек бўлади. Ўзича соқов қиёфасига кириб, одамлар билан имо-ишора орқали муомала қила бошлайди. Сиёб бозорида қассобдан гўшт олаётиб ҳам шундай қилади, бу еридан кесинг, анави суякни қўшманг деган маънода қўлини ҳаволатади...
Иттифоқо, ўша кунлари Сиёб бозорида шеърхонлик бўлади. Шукур Қурбоннинг жўшиб-тошиб шеър ўқиётганини кўрган ўша қассоб ҳайратланиб, ёнидаги шеригига шундай дермиш:
– Мен бу шоирни танийман, қизиқ, илгари у соқов эди. Оллоҳнинг қудратини қара-я, соқовга тил битиб, бинойидек шоир бўпти!
Шодмон ОТАБЕК
Биласизми?
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Биласизми?
Қатра
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ