Биласизми?
Этнографик коллекциялар маълум бир халқ ҳаётининг ўзига хос жиҳатларини намойиш этади, унинг этник генезиси ҳақидаги маълумотларни жамлайди ва келажак авлодга етказиб беради. Жумладан, Ўзбекистон этнографик коллекциялари ҳам ранг-баранглиги, турли-туманлиги ва кўп сонли экани билан аҳамиятга молик.
Жаҳоннинг етакчи музейларида ҳам ўзбек этнографиясига бағишланган бой кўргазмалар мавжуд. Жумладан, Россиядаги этнография музейи, Эрмитаж музейи, Шарқ давлат музейи, Буюк Британиядаги Виктория ва Альберт музейи, Япония этнография (Осака шаҳри) музейи, Германиянинг Берлин шаҳридаги этнография музейини фикримизга далил сифатида санаб ўтишимиз мумкин.
Ўзбекистон амалий санъатининг ХIХ аср охири – ХХ бошларида Тошкент, Самарқанд, Фарғона шаҳарларидан йиғиб, олиб кетилган ниҳоятда бой коллекцияси (бадиий ишлов берилган металл, сопол буюмлар) Стокҳольм халқ амалий санъат музейи фондида кўз қорачиғидек сақланмоқда.
2004 йили Вашингтондаги машҳур Фрир бадиий галереясида ўтган асрнинг 60-70 йилларида Ўзбекистон ҳудудидан сотиб олинган икат – абрбанди матолар коллекцияси намойиш этилди. Германиянинг шахсий коллекциялари ва музейларида ўзбек сўзаналарининг нодир намуналари мавжуд (Ўзбекистон маданий мероси // Россия этнография музейи тўплами. Китоб-альбом. Тошкент, 2016. 6-бет).
Россия этнография музейи Ўзбекистон этнографик коллекцияларини сақлаш ва уларни намойиш этиш бўйича етакчи масканлардан бири саналади. Музейнинг олтин фондида Бухоро амири томонидан Русия ҳукмдорларига совға сифатида жўнатилган олтин иплар билан тикилган тўн, от абзаллари, қимматбаҳо тошлар билан ишлов берилган камарлар, кандакорлик буюмлари сақланади.
Бундан ташқари, доимий экспозицияда ўзбек халқининг турмуш тарзи, кундалик ҳаёти, урф-одат ва анъаналари, меҳнат машғулотлари, турар жойларига оид нодир манбалар намойиш этилади. Музей залларидан ўзбек этнографик ҳаётининг фақат моддий кўринишларигина эмас, балки номоддий маданияти ҳам ўрин олган. Жумладан, ўзбек маросимларидан бири ҳисобланган суннат тўйига оид видеолавҳа мультимедиа қурилмалари имкониятларидан фойдаланган ҳолда томошабин эътиборига ҳавола этилади.
Россия этнография музейида Ўзбекистон этнографик коллекцияларининг шаклланиш даври – музей ташкил этилган йил билан бевосита боғлиқ. Музей этнография бўлимининг илк экспедицияси 1900 йилда бўлғуси музейни ташкил этиш дастури тайёрланаётган бир пайтда Ўрта Осиёга йўналтирилган эди. Музейнинг Ўрта Осиё йўналишидаги экспедиция тўплаш ишларини ўша даврнинг атоқли шарқшунослари, академиклар С.Ольденбург, В.Бартольд, В.Радловлар назорат қилган.
Самарқанд, Бухоро ва Тошкентга ҳамда Фарғона водийси вилоятларига уюштирилган экспедиция давомида С.Дудин томонидан Ўзбекистон халқларининг турмуш маданиятига тегишли 2 мингдан кўпроқ буюм, жумладан, турли меҳнат қуроллари, деярли барча турдаги маҳаллий касб ва ҳунарларга оид бўлган ускуна ва ашё намуналари, кийим-бош ва тақинчоқлар, уй-рўзғор буюмлари ва унинг ички безакларига оид ноёб намуналар тўпланган. Музейнинг Марказий Осиёга доир асосий этнографик коллекциялари ўтган асрнинг 30-йилларида шакллантирилган. Ҳозирги пайтда бу ерда Ўзбекистонга оид 20 мингдан зиёд анъанавий-маиший маданият ашёлари намунаси мавжуд. Улар деярли бир аср мобайнида тўпланган (ўша манба, 22-26-бетлар).
Этнографик ихтисосликка эга бўлмаган, масалан, бадиий ёки амалий санъат ихтисослигига эга музейларда этнографик коллекциялар экспозициясини амалга оширишда кўпроқ мавзу йўналиши ҳисобга олинади. Жумладан, Буюк Британиянинг Виктория ва Альберт музейида ўзбек миллий либослари ва матолари шу услубдан фойдаланган ҳолда кўрсатилган. Бундан ташқари, Санкт-Петербург шаҳридаги Эрмитаж музейининг Марказий Осиё санъати бўлимида ҳам этнографик буюмлар мавзу йўналишини ҳисобга олиш услубидан кенг фойдаланган ҳолда томошабинлар эътиборига ҳавола қилинади.
Япониянинг Осака шаҳридаги этнография музейида “Ўзбекистон бурчаги” мавжуд. Унга профессор Кюдзи Като асос солган. ХХ асрнинг 60-йилларида Ўзбекистонга ташриф буюриб, юртимизга меҳр қўйган бу олим этнографик турмуш тарзини ўзида ифодаловчи коллекциялар йиға бошлайди (ўша манба, 6-бет).
Жаҳоннинг етакчи музейлари экспозициясидан ўрин олган миллий экспонатлар бой маданий меросимизни кенг жаҳон оммасига намойиш этиб келмоқда.
Гулираъно ОРИФЖОНОВА,
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик
ва дизайн институти докторанти
“Tafakkur” журнали, 2019 йил 3-сон.
“Ватаннинг хориждаги жавоҳирлари” мақоласи
Биласизми?
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ