“Детектив эмас, дефектив денг!”


Сақлаш
15:01 / 26.01.2022 0 1062

 

Айиқ ўзи айтганми?

Кунлардан бир кун ёзувчилар Дўрмондаги ижод уйи ошхонасида овқатланаётган эдик. Ёзувчилигидан кўра овчилиги билан кўпроқ тилга тушган Мавлон Икром овдан гап очиб қолади:

Айиқ жуда сезгир ҳайвон. У дарахт шохи тепадан синиб тушганда эшитилган шарпа билан овчи оёғи остида қисирлаб синган шарпанинг фарқига боради.

Шунда ҳазил туйғуси ўзига хос ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст жиддий алпозда луқма ташлайди:

Буни сизга айиқнинг ўзи айтганми?..

Гурр кулги кўтарилади.

 

Ёмон ёзолмайди

Атоқли ёзувчи Шукур Холмирзаев бир куни Мурод Муҳаммад Дўст билан Дўрмон боғларини айланиб юриб, гурунг орасида шундай дейди:

Муроджон, менга асарларингиздан, айниқса, “Дашту далаларда” деган ҳикоянгиз кўпроқ ёқади.

Ёмон ёзолмасам нима қилай, Шукур ака! дейди Мурод “камтарлик” билан.

 

Дефектив асар

Кунлардан бир кун олди-қочди, юзаки нарсалар ёзиб, ўзини ёзувчиман деб юрадиган кимса Мурод Муҳаммад Дўстни учратиб қолиб, шундай дейди:

Муроджон, мен яқинда янги бир детектив асар ёздим.

Детектив эмас, дефектив ( қусурли” маъносида Ш.О.) денг!

А?!

 

Ёзолмай қолса

Мустақилликнинг дастлабки йиллари бошқа соҳалар қатори адабиёт ҳам жиддий синовдан ўтади. Ўтиш даври қийинчиликлари боис кўпгина адиблар ёзишдан чалғишади, тирикчилик кўйида ўзларини ўтга-чўққа уришади. Фақат биргина ёзувчи Шукур Холмирзаев бундан мустасно эди. Узоқ йиллар китоби чиқмаса ҳам Дўрмон боғида ётволиб, эртаю кеч ижод қилаверади.

Бир куни ҳамкасб дўстлари, дилтортар шогирдлари даврасида гапдан гaп чиқиб, Шукур ака шундай дейди:

– Ҳемингуэйнинг қисматини биласизлар, ёзолмай қолганда ўзини отган. Мабодо ёзолмай қолсам, мен ҳам ўзимни отаман!

Ёзувчи деворда осиғлиқ турган милтиққа ғалати қараб қўяди. Даврадагилар бу ҳазилдан кулиб қўйишади. Мурод мутойибани шундай давом эттиради:

Агар ёзмай қўйсангиз, ўзим келиб сизни отиб кетаман!

Орадан йиллар ўтиб, Шукур ака бу фоний дунёни тарк этгач, ёзувчи Эркин Аъзам адиб ҳақидаги хотирасида шундай ёзган эди:

“Девордаги милтиқ-ку осиғлиғича тураверди, лекин Шукур ака барибир ўзини ўзи отди деса бўлади”.

 

Адабиётга кириш

Бир куни Мурод Адабиёт газетасида ёш қаламкашнинг асарига кўзи тушиб, газета ходимидан сўрайди:

Мен бу қаламкашни билмас эканман, ким ўзи у?

Адабиётга янги кириб келган ёшлардан.

Ҳа-а, биз чиқиб кетгандан кейин кирганлардан бўлса керак.

 

Қайта тирилса...

Мустақилликдан илгари Мурод “Шарқ юлдузи журналида ишлаб юрганида бир масалнавис насрга ҳам “тажовуз қилиб, бир-иккита асарини журналга олиб келади. Асари яроқсиз бўлгани учун қайтарилади. Масалчи оғриниб, шундай иддао қилади:

Ука, афсуски, одам икки марта яшамайди. Агар яна кўп йилдан кейин қайта тирилиб келсак эди, халқ кимнинг асарини ўқиётганини кўрардик.

Шунда Мурод ачитибгина жавоб қилади:

Қайта тирилиб келолмаслигингиз учун шукур қилишингиз керак!

 

Маст кўп жой

Мурод Муҳаммад Дўстнинг ҳазил туйғуси ниҳоятда ўзига хос, бетакрордир. У йўқ жойдан кулгили ҳолатларни топа оларди. Москвада ўқиб юрган кезлари таътилда Тошкентга келса, ёру биродарларининг “Маскопдан қачон келдингиз?” деган саволига “Маскопдан эмас, маст кўп жойдан келдим”, дея сўз ўйини қилиб, оғайниларини кулдирарди.

 

Ҳикоя ёзолмайди

Кунлардан бир кун Мурод қаламкаш дўсти Эркин билан (ҳозирги машҳур адиб Эркин Аъзам Ш.О.) Инқилоб хиёбонидаги қаҳвахонага киришади. Иккиси ҳам ёш, бўйдоқ. Атрофда ўйин-кулги қизиган. Уларнинг уст-бошлари хароброқ эканми ёки бошқа сабабданми, ҳарқалай, ҳеч ким эътибор қилмайди, бирорта қиз қиё боқмайди. Ҳаммаси олифта, бойвачча йигитларга маҳлиё. Шунда Мурод алам билан столга бир мушт уриб, хитоб қилади: “Булар ҳикоя ёзолмайди барибир!”

 

Шодмон ОТАБЕК

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

14:01 / 16.01.2025 0 89
Қуриб кетсин музейинг!..

Қатра

12:01 / 13.01.2025 0 84
Муаллимдан таёқ еган султон



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 7447
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 5039
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4681
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4110
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3457
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 3031
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2948
Туғилган кун

//