Бешикнинг организмга фойдаси, қандай болаларни белаш мумкин эмас


Сақлаш
16:01 / 21.01.2022 0 1702

Ўзбек, тожик, туркман, қорақалпоқ, қирғиз ва бошқа шарқ халқлари қадим-қадимдан бешикдан фойдаланиб келган. Бир миллатнинг бешиги иккинчи миллатнинг бешигидан шакли, гуллари, нақшлари, ясалиши билан фарқланади. Уларнинг ҳар бирида миллатнинг ўзига хос хусусиятлари, анъаналари акс этади.

 

Одатда бешиклар  ўрик, ёнғоқ ҳамда тут дарахтларидан ясалади. Бешиксоз уста  дастлаб кесилган дарахтни бўлакларга бўлиб тахлаб қўяди. Уни жазирама қуёш, ёмғир ва қордан  панада асрайди. Ундаги намлик табиий равишда  буткул чиқиб кетиши учун бир йилдан тўрт йилгача  кутишга тўғри келади. Намлик ёғочдан бутунлай чиқиб кетмаса ёки  меъёридан кўпроқ қуритилса бешик сифатсиз чиқади. Терак ва толдан тайёрланган, намлиги буткул чиқиб кетмаган бешикка қурт тушади.

 

Ёғочларнинг йўғон жойидан устбози, такбози тайёрланади. Такбозиларга юпқа тахтачалар жойлаштирилиб, тувак учун махсус жой думалоқ шаклда ўйиб олинади. Бешикнинг икки томонидаги ярим доира шаклига, йўрға оёқларига эгмоч ўрнатилиб дастага бириктилади. Дастанинг икки томонига қуббалар жойлаштирилади. Чақалоқнинг бош ва оёқларини ҳимоя қилиш учун эгмочларнинг ичига бошлоғи ва бағалак чўплар ўрнатилади. Улар дарахтнинг майда шохларидан тайёрланган бўлади.

 

 

Бешикка нақшлар, гуллар ўйилиб турли бўёқлар берилади, кейин локланади. Усталар бунда  асосан ёрқин ранглардан фойдаланишади. Узоқ вақт оҳорини йўқотмаслиги учун бўёқларга махсус модда қўшилади. Қизиғи, бунинг қандай модда экани сир сақланади. Бўёқларнинг табиийлигига, ҳиди чиқмаслигига эътибор берилади. Чунки чақалоқ бешикнинг безакларига қараб тинчланади, рангларни бир-биридан  ажратишни ўрганади.

 

Бешикнинг бежирим ва қулай чиқиши устанинг маҳоратига, тажрибасига, фантазиясига, ишини ихлос ва меҳр билан бажаришига боғлиқ. Моҳир устанинг санъат асари бир-бирини асло такрорламайди.

 

Михсиз ясалган қурилма бешикнинг тузилиши ажойиб. Дунёда энг маъқули деб тан олингани гумбазсимон қубба шаклидаги бешикдир. Икки ёни очиқлиги, ичи кенглиги сабабли чақалоқни белаш ва ечишга қулай.

 

 

Чақалоқни  бешикка белаш учун узун ип, бешикнинг ёни билан тенг, иккита бир қаричли чўп, қовуз тўшакча, таглик, кўрпача, ёстиқча, иккита қўлбоғ, говрапўш, чойшаб керак бўлади. Говрапўш мавсумга қараб духобадан (қишки), ипак мато ёки сурпдан (кузги, баҳорги), докадан (ёзги) тикилади. Қовуз тариқдан, шоли, сули ё буғдой пўстлоғидан тайёрланадиган махсус кўрпачадир.

 

Бешикнинг она алласига монанд бир маромда тебраниши чақалоқ руҳиятига  ижобий таъсир қилади. Тувак ва сумак борлиги сабабли гўдакнинг таги доимо қуруқ бўлади, уйқуси бузилмайди. Бешикда ётган чақалоқнинг суяклари тўғри ривожланади. Она боласини бешикнинг ўнг ва чап томонига ўтиб эмизгани боис чақалоқнинг боши тўғри ривожланади. Бешик – асрлар давомида қўлланиб келаётган миллий қадриятларимиздан. У ҳақда Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит-турк” асарида (ХI аср) ҳам маълумотлар бор. ХV асрга хос миниатюра асарларида ҳам бешик сувратини кўриш мумкин.

 

“Бешик боласи – бек боласи”, дейди халқимиз. Бешикдан момоларимиз ўргатгандай тўғри фойдаланиш керак. Чақалоқни ҳар хил ташқи таъсирлардан ҳимоя қилишда бешикка етадигани йўқ. Жумладан, бешик ҳароратни меъёрида сақлайди, умуртқа суяклари текис ўсади, чақалоқ қўлга ўрганиб қолмайди. Юмшоқ кўрпача устига қўйилган бешик яхши тебранади.

 

 

Момоларимиз сумакни ишлатишдан олдин оловга тутиб, зирапчалардан тозалаб, ёғга ботириб олишган. Бундай қоидаларга риоя қилиш турли касалликларнинг олдини олади. Говрапўшнинг табиий матодан бўлиши боланинг нафас олишига тўсқинлик қилмайди. Уни вақти-вақти билан очиб, бешикни шамоллатиб туриш керак.

 

Бешик тагига солинган кўрпача юпқа ва пахтадан бўлиши керак. Қўлбоғларни ўртача боғлаш лозим. Сиқиб боғланса, қон айланиши  бузилади, суяклар қийшиқ ўсиб қолиши мумкин. Ёстиқча баландлиги  ҳам ўртача бўлиши шарт. Бешикда ётган бола эмизилганида оғзидан сут қайт қилса, бешикни тебратмаслик керак.

 

Шифокорлар тавсиясига кўра, бош мияси шикастланган, киндигига ўралиб ёки чала туғилган, туғма касалликлар билан дунёга келган, чаноқ-сон бўғими қийшиқ ўсган гўдакларни бешикка белаш мумкин эмас.

 

Ойгул УБАЙДУЛЛА ҚИЗИ

oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 11
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи

Биласизми?

10:11 / 20.11.2024 0 36
“Ўдаға”нинг ўдағайлагани

Қатра

21:11 / 11.11.2024 0 121
Мўъжизанинг баҳоси

Қатра

15:11 / 08.11.2024 0 156
Ота ва етти ўғил ҳикояси

Биласизми?

23:11 / 01.11.2024 0 237
“Бирпас”ми, “иккипас”?..



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6083
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4916
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4554
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 3981
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3411
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2979
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2894
Туғилган кун

//