“Ақлимни ичадиган нарсани сира ҳам ичмайман” – Фахриддин Али Сафий ҳангомалари


Сақлаш
10:01 / 17.01.2022 0 1069

 

Тарихчи, файласуф, таржимон ва воиз Фахриддин Али Сафий 1463 йилда Сабзаворда таваллуд топган. Унинг отаси Ҳусайн Воиз Кошифий Абдураҳмон Жомийнинг жияни, ўз даврининг забардаст шоири ва адабиётчиларидан бўлган.

 

Алишер Навоий “Мажолис ун-нафоис” тазкирасида Али Сафийни ўзининг кичик замондошлари қаторига қўйиб дейди: “Мавлоно Сафий  Мавлоно Ҳусайн Воизнинг ўғлидир. Бағоят дарвешваш ва фонийсифат ва дардманд шева йигитдир... таъби, хуб...”.

 

У “Латоиф ут-тавоид”, “Рашаҳот айн ал-ҳаёт” (“Ҳаёт томчилари”), “Ашсул орифин фил мавоиз” (“Панду насиҳатда орифлар дўсти”), “Маҳмуд ва Аёз”, “Кашф ул-асрор” (“Сирлар кашфи”) номли асарлар ёзиб қолдирган.

 

* * *

Бир кўзи оғриб азоб чекиб юрган Саҳҳиб Румий исмли хушфеъл киши мўътабар бир зотнинг қошига келибди. У кишининг олдида бир талай хурмо бор экан. Ҳеч нарсадан парҳез қилмайдиган Саҳҳиб уларни ея бошлабди. Шунда мўътабар зот:

Эй Саҳҳиб, кўзинг оғриб турибди. Парҳез қилсанг бўларди,  дебди.

Ҳазратим, ташвишланманг, соғ кўзим билан кўриб еяпман,  деб жавоб берибди Саҳҳиб.

 

* * *

Бир шоир табибнинг қошига келиб арз қилибди:

Аё табиби ҳозиқ, бир нарса юрагимда тугун бўлиб турибди. Шунинг зарбидан бутун вужудим қақшаб оғриётганга ўхшайди. Бирор иложи бормикан.

Табиб ҳам одамларни яхши тушунадиган бир киши экан:

Бўлмасам-чи, – дебди у,  оламда дард йўқки, унинг давоси бўлмаса. Хўш, ҳали ҳеч кимга ўқиб бермаган шеъринг борми?

Бор, – дебди шоир

Ўшани ўқи.

Шоир шеърини ўқий бошлабди. Табиб уни мақтаб, таҳсинлар айтибди. Кейин ўша шеърни яна бир марта ва яна бир марта ўқишни илтимос қилибди. Шоир шеърини уч карра ўқиб бергач, табиб:

Энди бор. Сенга шифо шу. Юрагингда тугун бўлиб турган нарса шу шеъринг эди. Ана энди ёзилди, – дебди.

 

* * *

Бир куни халифанинг вазири Баҳлулга:

– Қутлуғ бўлсин, халифа лутфу марҳамат кўрсатиб, сени айиқлар билан тўнғизларга ҳоким қилиб тайинлайди, – дебди.

– Бўлмаса ҳушёр бўлиб, қадамингни билиб бос, чунки сен ҳам менинг фуқаром бўлиб қолибсан, – деб жавоб берибди Баҳлул.

 

* * *

Бир мунажжимни дорга осадиган бўлишибди. Бўйнига арқон солишган пайтда ундан сўрабдилар:

Сен мунажжим одамсан. Ўз толеъингдаги ана шу мавридни билармидинг?

Ҳа, – дебди мунажжим, – аммо менинг билишимча, ўлимимнинг мавриди бошқа эди, дор ҳам пастроқ эди.

 

* * *

Луқмони Ҳакимни бир киши сотиб олиб даргоҳида хизмат қилдирар ва ундаги илми ҳикматни гоҳи-гоҳида синаб кўраркан. Бир куни имтиҳон тарзида буюрибди:

Аё Луқмон, менга бир қўйни сўйиб, энг яхши аъзосини олиб келгин.

Бош устига, – дебди Луқмон ва қўйни сўйиб тили билан юрагини хожасига келтириб берибди.

Анча муддат ўтгандан кейин, хожа уни яна чақириб, дебди:

Аё Луқмон, бир қўйни сўйгин-да, менга унинг энг ёмон аъзосини олиб келгин.

Луқмон қўйни сўйиб, яна тили билан юрагини кўтариб келибди. Хожа дебди:

Бу нечук асрорки, қўйнинг энг яхши аъзосини сўрасам ҳам, энг ёмонини сўрасам ҳам тил ва юракни кўтариб келдинг?

Луқмон дебди:

Аё xожа, агар пок бўлса, ҳеч нарса тил ва юракдан яхши эмас. Агар нопок бўлса, ҳеч нарса улардан ёмонроқ ҳам эмас.

 

* * *

Бир киши табибнинг қошига келиб арз қилибди:

Қорин оғриғи касалига гирифтор бўлибман, бир иложини қилинг.

Бугун нима еган эдинг? – сўрабди табиб.

Эрталаб тузланган мол гўшти еган эдим. Устидан беш-олтита тухум ва бироз сариёғ едим. Сўнг меваларга кўзим тушиб, бир талай анор билан олмурут егандим.

Яхши, – дебди табиб, – бу дарднинг биттаю битта давоси бор. Агар бу кеча ўлсанг ўлдинг, агар ўлмасанг, эртага шаҳар минорасига чиқиб ўзингни ташла. Ана шундагина сен қорин оғриғи дардидан, қорин оғриғи дарди эса сендан қутулади.

 

* * *

Бир ҳаким сира май ичмас экан. Бир куни ёру дўстлари ундан:

Аё донишманд, нечун май ичмайсан,  деб сўрабдилар.

Ҳаким дебди:

Мен ақлимни ичадиган нарсани сира ҳам ичмайман.

 

“Гўзал латифалар” китобидан олинди.

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

15:04 / 24.04.2024 0 51
Гўзаллик қимматга тушмасин

Қатра

10:04 / 16.04.2024 1 179
Велосипед

Қатра

14:04 / 08.04.2024 0 153
Тошбақанинг хатоси



Кўп ўқилган

Барчаси

Қатра

20:01 / 09.01.2022 7 3776
Бир қоп ун

Қатра

15:08 / 18.08.2022 15 3752
Илк ватан

Қатра

12:08 / 21.08.2022 6 3206
Тинчлик

Қатра

20:01 / 17.01.2022 2 2910
Ўқиш пули

Бир куни...

22:12 / 08.12.2021 3 2534
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

22:12 / 27.12.2021 1 2374
Туғилган кун

Қатра

16:01 / 01.01.2022 0 2211
Қўнғироқ