“Кўриниши худди Навоийнинг ўзи-я!”


Сақлаш
15:08 / 24.08.2021 0 899

 

Ёмон шоир

 

Шеърият кечасида бир шоир минбар­га чиқиб, чучмалгина, ғўр шеърини худди зўр шеърдай жўшиб-тошиб, бақириб ўқийди. Анжуманда қатнашаётган Ғафур аканинг энсаси қотиб, асабийлашади, ҳаво етишмагандай безовталанади. Рў­молчасини олиб, юз-кўзларини артади. Ёнида ўтирган ёш шоир секин энгашиб, сўрайди:

– Нима бўлди, устоз?

– Ҳеч нима! – дейди Ғафур ака мин­бардан кўз узмай. – Қари хотин ўзига оро бериб, пардоз-андоз қилиб, ёш қиздай ноз-карашма қилса жуда хунук кўринади, тўғрими?

– Тўғри, устоз!

– Ёмон шоир ёмон шеърини куча­ниб-чираниб ўқисаям шунақа бўларкан...

 

 

Навоийни бошлаб келди

 

Ғафур Ғуломнинг яқин бир оғайниси фалакнинг гардиши билан водийдаги чекка бир колхозга раис бўлиб қолади. Янги раис хов­лиқиб Ғафур Ғуломни бир неча шоирлар билан учрашувга таклиф қилади.

– Ундай бўлса устозимиз Алишер Навоийни ҳам олиб бораман, – дейди Ғафур ака жиддий алпозда. Умрида биронта китоб ўқима­ган раис “Яхши бўларди, олиб келавер”, дейди.

Хуллас, ўша – айтилган куни дала шийпонида казо-казо шоир­лар билан учрашув бўлади. Раис йиғилганларга мурожаат қилади:

– Бугун машҳур шоиримиз Ғафур Ғулом ўзининг устози Алишер Навоий билан ҳузуримизга ташриф буюрдилар. Хуш келибсизлар, азиз меҳмонлар!

Раис сўзини мухтасар қилиб, Ғафур Ғуломнинг ёнидаги тўн кий­ган, ихчамгина саллали, кичкинагина чолга ишора қилади. Шунда Ғафур Ғулом ўзини тутолмай қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборади. Раис талмовсираб қолади.

– Эҳ, ўқимаган! – дейди шоир кулимсираб. – Ахир Навоий ҳаз­ратлари бундан беш юз йил олдин яшаб ўтганлар-ку!

Раис ҳангу манг бўлиб қолади. Йиғилганлар қийқириб, роса қарсак чалишади.

Ғафур ака тўн кийган меҳмонни йиғилганларга таништиради:

– Бу киши Навоий эмас, халқимизнинг суюкли шоири Ҳабибий домла бўладилар!

– Ана холос! – дейди раис кекса шоирдан кўз узолмай. – Туришлари, кўринишлари худди Навоийнинг ўзи-я! Тавба! Одам одамга шунчалик ўхшайдими?!..

 

 

Ёзмаса бўлди

 

Ғафур Ғулом бемаза шеърлари билан ҳаммани, айниқса, таҳририят ходимларини безор қилиб юрадиган бир шоирни кўчада уч­ратиб, дангал сўрайди:

– Менга қара, ука, шу шеърла­рингга бир ойда қанча қалам ҳақи оласан?

– Кўп эмас, юз сўм атрофида, Ғафур ака.

– Агар мутлақо бошқа шеър ёз­масликка сўз берсанг, ўзим сенга ойига икки юз сўмдан бериб тура­ман. Келишдикми?..

Шоири тушмагур ҳижолатдан бир замбил лой бўлиб қолади.

 

 

Фарҳоднинг Ширин”и

 

Арманистонда ўзбек адабиёти ўн кунлиги ўтказилаётган эди. Мез­бонлар Ғафур аканинг ҳурматини жойига қўйиб, беҳад сийлашади. Энг сара шеърлари арман тилида чоп этилади. Шоир китобни қўлига олиб, нотаниш ҳарфларга тикилиб қолади. Сўнг арманларнинг дунёга машҳур шоири Силва Капутикянга қараб сўз қотади:

– Китобга қайси шеърларим киритилганини билолмаяпман. Менга арман қизларидан биронтасини олиб бер. У Ширин бўлади, мен Фарҳод бўламан. Умрининг охиригача шу китобни менга таржима қилиб беради.

Силвахоним ҳам ҳазилкаш экан. Гап келганда ўзбекнинг чўнг шоири­ни аяб ўтирмади:

– Жуда яхши таклиф. Сизга яқинда тўқсон ёшлиги нишонланган Мариэтта Шагинянни олиб берамиз. Сизларни Тошкентгача ўзим ёр-ёр айтиб кузатиб қўяман.

 

 

Шоирни мот қилишди

 

Ғафур Ғулом сайру сайёҳатни, одамлар ора­сида бўлишни яхши кўрарди. Кунлардан бир кун у Фарғона водийсининг гўзал Шоҳимардон қишлоғига бориб қолади. Чойхонада қариялар билан гурунглашиб ўтирганида ундан сўрашади:

– Хўш, меҳмон, сўраганнинг айби йўқ, ўзлари қаердан бўладилар?

– Тошкентдан.

– Нима касб қиладилар?

– Мен... шоирман.

Мезбонлар гарчи машҳур шоирни яхши таниб туришса-да, унинг ҳазилкашлигини билишгани учун бир тегажоқлик қилгилари келади.

– Кечирасиз, биз оми одамларга мундоқ оддийроқ қилиб тушунтириб берсангиз, шоир дегани нима иш қилади ўзи?

Ҳали-ҳамон нимкосани пайқамаётган шоир шляпасини ёнига қўйиб, астойдил гапира бошлай­ди:

– Хўш, буни сизларга қандоқ тушунтирсам экан? Масалан, мана бу шарқироқ сойнинг нариги томонидан бир йигит тулпор от миниб келди дейлик, бу томондан эса бир парирухсор, гўзал қиз кўза кўтариб сувга чиқади. Биз шоирлар шу­нақа воқеаларни шеърга солиб, икки ёшни ўзаро қовуштириб қўямиз.

– Э, ҳа-а, – қишлоқнинг содда одамлари меҳмонга ажаблангандек қарашади, – шуни сиз­ларда шоир дейдиларми? Бизда буни қўшмачи дейишади.

Водийнинг кулгисевар, ҳазилкаш одамлари орасида ўтиргани эсига тушган шоир қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборади.

 

 

Яраш-яраш

 

Ғафур Ғулом Дўрмонда Абдулла Қаҳҳор билан аразла­шиб қолади. Орага совуқлик тушади, икки оқсоқол ўзаро салом-аликниям йиғиштириб қўйишади. Бу орада Абдулла Қаҳҳор дала ҳовлисида зиёфат уюштирадиган бўлади. Буни эшитган Ғафур аканинг ҳаловати йўқолади. Дардини Саид Аҳмадга айтаркан, секин сўрайди:

– Устозинг мениям чақирармикин?

– Билмадим, ҳарҳолда чақирмаса керак. Сиздан қат­тиқ хафа, – дейди Саид Аҳмад тўғрисини айтиб.

– Бўлмаса бундоқ қиламиз, – дейди Ғафур ака кутилмаганда, – сен бола ана бу патнисни олиб тезда олдимга туш, устозингнинг эшигига борамиз. Сен патнисни чирманда қилиб чалаверасан, мен ўйинга тушиб устозингнинг боғига кириб боравераман.

Саид Аҳмад индамай патнисни олиб, Ғафур аканинг олдига тушади. Устознинг уйига етишганда Ғафур ака буюради.

– Чал патнисни! Чилдирмага ўхшатиб, қаттиқроқ чал!

Саид Аҳмад патнисни чалади, Ғафур ака “та­ка-тум, така-тум”га ўйнаб кетади, ярим тожикча, ярми ўзбекча ашулани хиргойи қилади:

Қанд есанг киссамгаё

Қандалатига қарзим бор.

Шер Абдулла жоно,

Шер Абдулла жон...

Девор тирқишидан бу ғаройиб ҳангомани кузатиб турган Абдулла Қаҳҳор ахийри шашти­дан тушиб, дейди:

– Бўлди, бўлди, ярашдик. Бас қил энди.

 

 

Баҳонанинг зўри

 

Ойбек Ёзувчилар уюшмасига раислик қилган кез­лар эди. Бир куни уюшмада мажлис ўтказиладиган бўлади. Ойбек ўзининг эски қадрдони, танти ва андак эркатой дўсти Ғафур Ғуломни алоҳида огоҳлантиради:

– Ғафур, бугун мажлис бўлади-я, яна кетиб қолма­гин.

Мажлисни унчалик хушламайдиган Ғафур ака дар­ров баҳона ўйлаб топади.

– Мен... қатнашолмасам керак.

– Нега?

– Шу... десанг, бугун мазам йўқроқ.

– Нима бўлди?

– Тиззамнинг паст томони қақшаб оғрияпти.

Ойбек андак фаромушхотир одам эди, орадан бир оз вақт ўтгач, яна Ғафур Ғуломга рўпара бўлиб, қайта тайин­лайди:

– Мажлис эсингдан чиқмадими?

– Мажлисингда қатнашолмайман, белимдан пасти уму­ман ишламаяпти.

– Йўғ-э? – Ойбек дўстига хавотирланиб қарайди:

– Э-э, ундай бўлса, тезроқ уйингга бориб муолажа қил!

Ойбек ҳайдовчисини чақириб, дўстини ташқаригача куза­тиб қўяди.

 

 

Ҳисобли дўст айрилмас

 

Бағри кенг, саховатли Ғафур аканинг дўст­лари кўп эди. Москвада ҳам дўстлари бўлган. Шулардан бири – ўзбек шоирларининг асарла­рини русчага ағдарган машҳур таржимон Лев Пенковский эди. Аллома шоир бир гал ҳадди сиғиб ундан ўттиз сўм (ўша даврдаги пул – Ш.О) олади. Таржимон ҳар гал Ғафур акани кўрганда қарзини қайтарармикин деб кўзларига мўлтираб тикилаверади.

Кунлардан бир куни Ғафур ака Москвага бориб, ресторанга киради. Ногоҳ қўшни столда ўтирган Лев Минаевичга кўзи тушади. Шоирнинг шўхлиги тутиб, бор овози билан хитоб қилади:

– Лёва, иди сюда!

– Да, Гафурчик! – дея таржимон югуриб ке­лади.

– Мен сендан қанча қарз эдим?..

– Ўттиз сўм, – дейди таржимон суюниб.

– Ма, ҳозирча шуни олиб тур! – дея Ғафур ака йигирма тийинлик тангани узатади. – Энди қарзимдан йигирма тўққиз сўм саксон тийин қолди. Бизда ҳисобли дўст айрилмас, деган гап бор. Сен қўрқма, пулинг менда қолиб кетмайди.

 

 

Маданиятли ота

 

Кунлардан бир кун Ғафур Ғулом Бешёғоч бозо­ри олдида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Комил Яшин билан таниқли файласуф олим Воҳид Зоҳидовни кўриб қолади. Бозор-ўчарни яхши кўра­диган аллома шоир уларни биргаликда бозор айла­нишга таклиф этади.

Учовлон расталарни айланиб, томоша қили­шади. Ғафур ака сотувчилар билан талашиб-тор­тишиб савдолашишни яхши кўрарди. Кўп ўтмай шоирнинг қўлидаги халталар турли мева-чевалар билан тўлади. Бир маҳал рўпарадан машҳур му­сиқашунос олим, академик Юнус Ражабий чиқиб қолади. Ғафур ака ёнидаги ҳамроҳларини акаде­микка кўрсатиб, шундай ҳазил қилади:

– Мана, Юнус ака, мен ҳам маданиятли ота бўлиб, ўғилларимни томошага олиб чиқдим.

Аскияни хуш кўрадиган Юнус ака маза қи­либ кулади. Дарҳақиқат, “ўғиллар”нинг бўйи шоирнинг елкасига ҳам етмас эди.

 

 

Таҳрир

 

Ғафур Ғулом топқирлиги, ҳозиржавоблиги билан ҳам машҳур эди. Бир куни Ёзувчилар уюшмасида мушоира бўлади. Интеллектуал шеърлари билан машҳур бўлган шоир Асқад Мухтор кейинчалик мухлислар ўртасида тилга тушган бир шеърини ўқийди:

Икки нарса оғир кўнглимга асли,

Икки нарса учун йўқ менда бардош.

Бири – душманимнинг шод қаҳқаҳаси,

Бири – дўст кўзида милтираган ёш.

Ҳайъатда ўтирган Ғафур Ғулом шеърдан таъсирланиб, шундай луқма ташлайди:

– Яхши шеър ёзибсан, Асқад! Фақат “милтираган” сўзини “мўлтиллаган” сўзи билан алмаштирсанг янада таъсирлироқ чиқарди.

Атоқли шоирнинг таҳрири билан шеър янада очилиб кета­ди ва шу тузатиш билан эълон қилинади.

 

Шодмон ОТАБЕК

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

14:01 / 16.01.2025 0 90
Қуриб кетсин музейинг!..

Қатра

12:01 / 13.01.2025 0 84
Муаллимдан таёқ еган султон



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 7447
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 5039
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4681
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4110
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3457
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 3031
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2948
Туғилган кун

//