Биласизми?
Чукчалар ҳақида эшитмаган одамни топиш қийин. Айниқса, улар тўғрисида турли латифалар кенг тарқалган. Бироқ уларнинг цивилизациядан узоқ ҳаёти ҳақида кулиб гапириш мушкул...
Макон ва тил
Чукчалар шимоли-шарқий Осиё халқларига тегишли бўлиб, бу ном XVII асрда пайдо бўлган. Чукча сўзининг маъноси “бадавлат буғулар”ни англатади. Улар Шимолий муз океанининг катта қисмини эгаллашган, асосий халқи Чукоткада яшайди.
Чукчалар 1930 йилдан кирилл алифбосига ўтишган. Ўз миллий тиллари эса ўтган асрда йўқолиб кетган.
Исм қўйиш одати
Чукчалар бола туғилгач, беш кун ўтиб унга исм танлайдилар. Одатда исмни онаси қўяди. Онанинг қаршисига турли буюмлар териб қўйилади, аёл уларнинг номини бирма-бир айтади. Қай бир буюм қимирласа, гўдакка шу исм танланади. Бу исмлар бирор жонивор, йил фасли, жой номи бўлиши мумкин.
Аҳолиси
2010 йил ҳолатига кўра, чукчалар 15 мингдан ортиқ кишини ташкил этарди. Улар йил сайин камайиб боришмоқда. Чукчалар ўртача 42-45 йил яшайди. Бунга тўлақонли овқатланмаслик, алкоголь ва тамаки сабабдир. Бунинг устига туғилиш ҳам камайиб бормоқда.
Характер
Чукчалар таъсирчан ва ҳиссиётли одамлар саналади. Улар табиатан мустақилликка интилувчан бўлишади. Меҳмондўст ва қўни-қўшниларга ёрдамга шай туришади. Очлик даврида улар русларни боққан.
Дин
Улар табиатга сиғинишади: сув, олов, ўрмон, жониворлар, буғу, айиқ, қарға, осмон, ой, қуёш ва юлдузларга. Чукчалар ёвуз руҳ ерга камбағаллик, ўлим ва касалликлар олиб келишидан чўчиб турли туморлар тақиб юришади. Ўтган асрдан бери чукчаларнинг кўп қисми насронийликни қабул қилди, аммо эски ақидаларга содиқ одамлар ҳам бор. Чукчалар инсон беш марта дунёга келишига ишонадилар, шу сабаб ўлимдан қўрқишмайди. Урушда душман қўлида ҳалок бўлганлар Аждодлар дунёсига тушишларига ихлос қиладилар.
Оила
Аёлнинг эри вафот этса, у марҳумнинг яқин қариндошларидан бирига турмушга чиқади. Бевага уйланган эркаклар унинг болаларини қарамоғига олиши шарт. Авваллари чукчалар аёлларни бошқа оиладан ўғирлаб келишарди. Эвазига ўз оиласидан бир қизни берардилар. Ҳомиладор аёллар ҳамма билан тенгма-тенг меҳнат қилади. Энг қийини, туғруқ пайти аёлга ҳеч ким доялик қилмайди, махсус тайёрланган хонада гўдакни бир ўзи дунёга келтириши керак. Гўдак туғилгач, киндигини ҳам аёлнинг ўзи кесган. Агар туғишни эплолмай узоқ қийналса, унга қариндош аёллар ёрдам беришган. Чақалоққа дарҳол тумор тақишади. Авваллари болалар 4 ёшгача эмизилган.
Таомлари
Чукчаларнинг миллий таоми буғу гўшти ва балиқдан тайёрланади. Айниқса, қайнатилган кит, тюлен ва буғу гўшти тансиқдир. Моняло деган таом эса буғу ошқозонидан пиширилади. Алкогол. ва гиёҳли дамламалар кўп ичилади.
Ҳаёт тарзи
Қадимда чукчалар буғуларни овлаб кун кўришган. Вақт ўтиб уларни хонакилаштиришган. Улар буғулардан ейиш учун гўшт, кийиниш учун тери олишади, тирик ҳолда транспорт воситаси сифатида ишлатишади. Денгизга яқин яшовчилар кит, морж, тюлен овлашади. Эркаклар овдан сўнг сўйилган жонивор қонини юзларига суришган ва қурбонлик маросимини ўтказишган. Аёллар эса ўрмон мевалари ва фойдали илдизлар теришади.
Жанговарлик
Чукчалар ҳамиша маҳоратли жангчи бўлган. Ўғил болаларни олти ёшдан бошлаб турли синовларда тоблашади. Улар қўшни эскимосларга қарши тез-тез уруш очиб туришган. Чукча аёллар доим ўзлари билан пичоқ олиб юрган. Кимгадир асир тушсалар, ўз жонларига қасд қилган. Чукчалар русларни енгган халқ сифатида тарихда қолган. Улар жанг пайтида 20-40 метргача сакрай олган. Бундай парвозга олимлар ҳали изоҳ топишганича йўқ. Қадимда уларни қул сифатида сотишгани учун асрлар давомида ҳаёт синовларида тобланиб жисмонан кучли бўлишгандир.
Тагликлар ихтирочилари
Болалар тагликларини илк марта чукчалар ҳаётга татбиқ қилишган. Аёллар буғунинг юмшоқ ва сув шимадиган терисидан таглик тикиб, гўдакларга кийдиришган. Уни кунига бир неча марта алмаштириб қуритишган. Совуқ иқлим туфайли қишда шундай ихтиролар қилишга мажбур бўлишган.
Замонавий чукчалар
Ҳозирги кунда аждодлари каби яшаш тарзига эга чукчаларни топиш қийин. Совет даври қонунлари уларнинг маданиятини тубдан ўзгартириб юборган. Чукоткага борсангиз, чукчалар ҳақда латифа эшитаман деб ўйламанг. Бу ерда, аввало, ҳақиқий чукчани анча излашингизга тўғри келади. Ҳозир ҳам айрим оилалар цивилизациядан узоқ, балиқчилик ёки буғучилик билан машғул. Кўплаб чукчалар эса ўз ҳаётини қуриш учун бошқа ерларга кўчиб кетишган.
Байрамлар
Ноқулай шароитга қарамай, чукчалар байрам қилишни, бир-бирлари билан ўзаро ҳазиллашишни ёқтирадилар. Миллий байрамлардан бири Байдар – қайиқда жамоа бўлиб кит тутишга бағишланади. Улар йил бўйи балиқ овлаганлари учун денгиз жониворларидан узр сўраш маросимини ўтказадилар. Баралла қўшиқ куйлашади. Шундан сўнг денгиз тубига китнинг скелетини ташлаб юборадилар. Шу тариқа ўзларини енгил сезишади. Бундан ташқари, буғуга бағишланган Килвей байрами ҳам бор. У баҳор фаслида бўлиб ўтади.
Нодирабегим таржимаси
Биласизми?
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ