Андак ҳазил, андак киноя


Сақлаш
09:12 / 30.12.2021 0 775

“Ака  Латиф”

 

Латиф Аҳмедов туман қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи сифатида вобкентлик деҳқонлар гуруҳини Тошкентга слётга олиб келибди. Уларга пойтахт вокзалидаги “Локомотив” меҳмонхонасидан жой беришибди. Гуруҳ раҳбари йиғилиш ўтказиб, қаттиқ тайинлабди:

– Менга қаранглар, бу ер – Тошкент, Вобкент эмас сизларга. Катта шаҳар. Ким адашиб қолса, хоҳлаган ердан таксига ўтириб, “Локомотив” десин, шу ерга келтириб қўяди. Агар мабодо, “Локомотив” сўзи эсларингиздан чиқиб қолгудек бўлса, мени от тутасизлар. Биласизлар, мен Тошкентдан уйланганман. Пойтахтликларнинг куёви бўламан. Бу ерда каминани етти яшардан етмиш яшаргача ҳамма танийди. Адашиб қолсангизлару, “Локомотив” дейиш эсларингдан чиқса, ҳеч иккиланмасдан “Ака Латиф” денглар, ҳар қандай таксичи тўппа-тўғри менинг олдимга олиб келади. Тушунарлими?!

– Тушунарли! – дейишибди слётчилар.

Бу ҳазилни кимдир тушунибди, кимдир тушунмабди.

Келиб-келиб, кимсан – таниқли пахтакор, неча-неча ордену медаллар олган бригадир Қунди Исломов адашиб қолибди-ку. Аксига олиб, меҳмонхонанинг оти ҳам ҳеч тилга келмас эмиш. Охири бир таксини тўхтатибди. Ҳайдовчи рус йигити экан:

– Куда, бабай? – деб сўрабди.

– Ака Латиф! – дебди бригадир.

– “Акалатиф”, “Акалатиф”... может “Локомотив”?

– Ака Латиф!

– Ну, чёрт с ним, поехали, – дебдию таксичи тўппа-тўғри “Локомотив” меҳмонхонасига олиб келибди.

Қунди ака қараса, ака Латиф меҳмонхонанинг эшиги олдида кўзлари тўрт бўлиб турибди.

– Э ака Латиф, ҳақиқатан ҳам сизни Тошкентда ҳамма танир экан, бир ўрис таксичи ҳам таниди-е... – дермиш бригадир.

 

Ўзбекойим  ёхуд евростандарт

 

Гендер масаласи бўйича мутахассис олмониялик аёл юртимизда ХХ аср бошларига қадар хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилгани, улар чордевор ичида сақлангани, эркаклар эса бир пайтнинг ўзида тўрт хотин олиши мумкин бўлгани ва ҳоказолар ҳақида ўқиб қолибди. 

Ўша кунлари кутилмаганда аёл қўлига Абдулла Қодирийнинг олмон тилида босилган “Тошкентлик ошиқлар” романи тушибди. Ўқиса, кимсан – эл-улус орасида обрўси баланд Юсуфбек ҳожидек кишининг оиласида ҳам аёлнинг гапи гап экан. Бу ёғи қандоқ бўлди? Ё анави ўқигани китобни ёзганлар ёлғон сўзлаяпти, ё Абдулла Қодирий? “Шарқ  – нозик масала, – деб ўйлабди опахон.      Биз тўғритаёқ ғарбликларга уларни тушунишга йўл бўлсин! Замонни XIX асрга қайтариб бўлмайдики,  ҳақиқий аҳволни бориб ўз кўзинг билан кўрсанг”.

Буни қарангки, опахонга хизмат юзасидан Ўзбекистонга келиб айни масалани ўрганиш топширилибди. Олмонни биласиз – опахон жуда пухта техник тайёргарлик билан келибди; бир эркакнинг машинасига яширин камера ўрнатибди. Видеолавҳани мутасадди раҳбарга қўйиб берибди.

...Эр дарвоза олдида “Ласетти”да хотинини кутяпти. Қаники, хотин чиқа қолса. Эр машинани тинимсиз бабиллатади. Охири, мана, хотин чиқди. Машинага ўтирди. Эр бақирди-ку: “Ёп эшикни!” Хотин эшикни ёпар-ёпмас, эр машинани ҳайдади. Кескин тормоз... Яна нима бўлди?

– Секинроқ ёпмайсанми? Эшикни синдирай дединг-ку. Нима, отангни пулига келганми бу машина?!

Тўйхона. Машина тўхтади. Эр тушиб, орқасига қарамай кетди. Хотин тоғорасини кўтариб аранг тушди, анча орқадан у ҳам юра бошлади. Эр кўздан йўқолди. Хотини билан иши ҳам бўлмади...

Ана сизга гендеру мана сизга гендер!

– Аҳвол чатоқ-ку, – дебди опахон.  – Шуми аёл зотига муносабат? Бизда бундай ҳолда эр бекаси уйдан чиқиши биланоқ югуриб тушиб машинасининг орқа эшигини очиб туради. Хотинини қўлчаларидан ушлаб ўтирғизади. Кейин секингина эшикни ёпади-да, рулга ўтириб машинасини оҳиста-оҳиста ҳайдайди. Тўйхонага етиб борилганда – яна шу таомил: тушади, орқа эшикни очади, хотинининг қўлчасидан ушлаб туширади, совға-повғаси бўлса, уни ўзи кўтариб олади. Сизларга ўхшаб аёл кишига зил-замбил тоғора кўтартириб қўймайди. Кейин рестораннинг эшигини югуриб бориб очади. Хотинини олдин киритиб, кейин ўзи юради. Стол атрофидаги стулни қулай жойга қўйиб аввал хотинини ўтирғизади-да, кейин ўзи ёнига ўтиради...

– Сиз, сингилжон, – дебди мутасадди раҳбар, – хулоса қилишга асло шошилманг. Сиз шаклни кўрибсиз. Лекин гап – мазмунда. Сиз оилаларга боринг, асл аҳволни ўрганинг. Чуқурроқ мулоҳаза қилинг. Кейин хулоса қилинса, адолатдан бўлади.

Опахон энди хонадонга ташриф буюрибди. Уй бекаси билан суҳбатлашибди.

– Оилада ким бошлиқ?

– Ўзбекчиликда уйда эр бош бўлади-да, айланай.

– Эрингиз бош бўлса, сиз кимсиз унда? Ахир, тенгҳуқуқлилик қаёқда қолади?

– Энди эр бош бўлсалар, биз бўйинмиз-да, ўргилай.

   Нима учун иккинчи даражали мақомга рози бўласиз?

– ...

Опахоннинг боши қотибди: “Шарқ  – нозик масала!” Уйга ҳам камера ўрнатилибди:

...Эр ишга кетади. Қўшни чол эшик қоқади. Аёл чиқади:

– Хўжайин боя ишга  кетган эдилар.

– Майли, кечқурун чиқарман.

– Нима деб қўяй? Нима хизмат бор эди, отахон?

– Ўзи сизга айтсам ҳам бўлаверади, келин. Ўғлимиз машинага ариза ташлаб қўйган эди. Эртага навбати келар экан. Шу денг, 10 миллион сўм етмайроқ турибди-да.

– Буни ўзлари билан гаплашасиз, ота. Мен бунақа масалаларга аралашмайман.

Келин отахон билан хайрлашиб эшикни ёпадию ўша заҳоти эрига қўнғироқ қилади:

– Агар бегонага шунча пул қарз берсангиз, мен эртасигаёқ йиғиб қўйган  пулингиздан икки минг долларига бриллиант оламан!..

Кечқурун. Чол чиқади. Эр силлиққина рад жавоб беради...

Опахоннинг боши яна қотибди. “Бор-е!..” дебди-да, лаш-лушларини кўтариб қўшни мамлакатга ўтиб кетибди. Уларда иқтисодий тараққиёт пастроқ экан. Лекин гендер масаласи зўр эмиш-да. Ҳамма ерда хотинлар эридан анча олдинда юрар эмиш. Опахон хурсанд бўлиб кетибди. Мутасадди раҳбарлардан бирига гендер масаласи евростандартга моппа-мос келишини айтибди.

– Евростандарт-певростандартни тушунмаймиз, – дебди мутасадди. – Гендер-пендерини ҳам мана сиздан биринчи дафъа эшитиб турибман. Лекин... гап шундаки, бизнинг мамлакат миналаштирилган! Шунинг учун эрлар хотинларига ўзидан анча олдинда юришига рухсат берган...

 

Икки  карра  икки  неччи?

 

Туркиянинг Кейсери, яъни Қайсари шаҳри ўзимизнинг Ғиждувонга ўхшар экан. Савдогарлик ҳаммасининг қон-қонига сингиб кетган. Улардан:

– Икки карра икки неччи? – деб сўралса, дарҳол қарши саволга тутишади:

– Сотаётгандами, сотиб олаётгандами ёки даллоллик қилаётгандами?

– Нима фарқи бор, ахир?

– Ие, шундай фарқи борки!

– Хўш?

– Сотаётганимда икки карра икки беш бўлади. Шунда бир лира ютаман. Сотиб олаётганимда икки карра икки уч бўлади. Бундан ҳам бир лира қолади. Даллоллик қилаётганда эса икки карра икки тўрт бўлади. Чунки бунда сотувчидан ҳам, харидордан ҳам бир лирадан фойда оламан.

 

Ўжар

 

Икки биродар пою пиёда узоқ сафарга чиқишибди. Шарқираб оқаётган катта дарё бўйида чинни гужум, яъни садақайрағоч учрабди.

– Қойил-е! – дебди бирови. – Бу гужумни дум-думалоқ қилиб ким бутабди?

– Буни ҳеч ким бутагани йўқ, оғайни, – дебди иккинчиси. – Бу, ахир, садақайрағоч. Ўзи шунақа дум-думалоқ бўлиб ўсади.

Икковиям қайсар экан; буниси у дебди, униси – бу. Ҳеч бири бир гап кам – олам гулистон демабди. Ҳақ сўзни айтганнинг жаҳли ёмонроқ экан. Тушунишни истамаган биродарини охири даст кўтариб дарёга ирғитибди. Шериги оқиб кетаётган эмиш. Уни қутқаришнинг эса энди ҳеч иложи йўқ. Ҳар замон-ҳар замонда ўнг қўлини сувдан чиқариб кўрсаткич бармоғи билан ўртанча бармоғини қайчи қилиб кўрсатар экан: “Буталган дедимми, буталган!..”

 

Султонмурод ОЛИМ

Tafakkurжурнали, 2020 йил 1-сон.

“Андак ҳазил, андак киноя”

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Қатра

10:04 / 16.04.2024 0 138
Велосипед

Қатра

14:04 / 08.04.2024 0 121
Тошбақанинг хатоси

Қомус

12:03 / 14.03.2024 0 162
Ҳушёрлик

Қомус

11:03 / 14.03.2024 0 160
Ҳурфикрлик



Кўп ўқилган

Барчаси

Қатра

20:01 / 09.01.2022 7 3737
Бир қоп ун

Қатра

15:08 / 18.08.2022 15 3695
Илк ватан

Қатра

12:08 / 21.08.2022 6 3178
Тинчлик

Қатра

20:01 / 17.01.2022 2 2895
Ўқиш пули

Бир куни...

22:12 / 08.12.2021 3 2508
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

22:12 / 27.12.2021 1 2354
Туғилган кун

Қатра

16:01 / 01.01.2022 0 2200
Қўнғироқ