Қуриб кетсин музейинг!..


Сақлаш
14:01 / 16.01.2025 0 78

Қай бир йили Дўрмондаги ёзувчилар ижод боғида Саид Аҳмад ака билан қўшни бўлиб яшадик. У киши ўзининг шахсий чорбоғида, мен эса Уюшмага қарашли коттежда ижарада турардим.

 

Бир дам олиш куни эрталаб устоз телефон қилди:

 

– Болам, вақтинг бўлса, пешин пайти келгин, юртга ош беряпман. Лекин юрт икки кишидан – сену мендан иборат. Ҳар хил қаланғи-қасанғи ошналарингни бошлаб келмагин, хўпми?

 

“Хўп”, деб айтилган вақтда чорбоққа кириб бордим. Икки кишилик юрт ошини еб бўлганимиздан кейин кўк чой ичишга ўтдик. Саид Аҳмад ака сигарет тутатиб, алламбало нақшлар ўйиб ишланган кумуш кулдонга ишора қилиб мақтанди:

 

– Бу кулдондан бутун СССР бўйича иккитагина бўлган. Биттаси – Максим Горькийда, иккинчиси – менда.

 

– Ростданми? – дедим ажабланиб, кейин кулдонни қўлимга олиб томоша қилдим: – Ҳақиқатан ҳам зўр экан, – деб қайтариб жойига қўйдим.

 

– Зўр деб секин айтасанми. Кеча Анвар Обиджон келиб роса ҳиқиллади, устоз, шу кулдонни менга совға қилинг, деб. Бермадим. Ундан олдинроқ Неъмат ҳам Худонинг зорини қилиб ялинди, йўқ, дедим. Кўзим қиймади.

 

– Тўғри қиласиз, устоз, – дедим у кишининг гапини маъқуллаб. – Аслида, энди бу нарсалар сизники ҳам эмас, музейники. Яъни давлатники. Давлатнинг мол-мулкини талон-торож қилишга эса ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Шундай деб айтинг шогирдларингизга, ҳадеб пашшахўрда бўлмасин.

 

– Қанақа музейни айтаяпсан? – деб сўради Саид Аҳмад ака ажабланиб.

 

– Қанақа бўларди, сизнинг уй-музейингиз-да, – дедим бамайлихотир. – Ахир, кимсан Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ ёзувчиси, Давлат мукофоти лауреати Саид Аҳмаднинг уй-музейи бўлиши керакми-йўқми?

 

– Э, йўқ, менга музей-пузей керак эмас, – деди устоз камтарлик қилиб.

 

– Сиз қизиқ экансиз, – дедим жиддий оҳангда, – давлат буни бировдан сўраб ўтирадими? Сиздан кейин битта қарор чиқади-да, ё Ишчилар шаҳарчасидаги ҳовлингиз, ё бўлмаса, мана шу дача музейга айлантирилади.

 

– Шаҳардаги уй Нодираники, унга тегмаларинг, – деди Саид Аҳмад ака хавотирланиб.

 

– Бўпти, унда музей шу ерда очилар экан-да. Ўзингиз ўйланг, ахир, келгуси авлодлар Саид Аҳмад қаерда яшаб ижод қилган, деб сўраса, уларга бир жойни кўрсатиш керакми-йўқми?

 

Устоз ўйланиб қолди. Совет даврида қамалиб юрак олдириб қўйган одам эмасми, гарчи бу гапларни шогирди бўлмиш мендан эшитиб турган бўлса-да, менинг давлат хизматчиси бўлиб ишлашим у кишини жиндай ваҳимага солаётгани ҳам сезилиб турарди.

 

– Ахир, мен дачани неварам Шарофга мерос қилиб қолдирмоқчи эдим, – деди мўлтираб.

 

– Э, Шарофингиз уйланмаган ёш бола бўлса, ота-онасининг олдига бориб яшайверади-да, – дедим мавзуни баттар авж олдириб. – Бўлажак музейнинг экспонатлари талон-торож бўлиб кетмаслиги керак. Қарши бўлмасангиз, мен эртага Маданият вазирлигидан бир мутахассис юборсам. Бафуржа ўтириб, ҳаммасини “опись” қилиб қўйса...

 

Саид Аҳмад ака “опись” деган сўзни эшитгач, ранги оқариб, кўзлари ола-кула бўлиб кетди.

 

– Ҳазиллашма, болам, мен бу уй-жойларни не азобда қурганман, энди текинга давлатга бериб юбораманми? Бўтда қанча нарса бор, биласанми? Манови подвалда бундан йигирма йил бурун, олтмиш йиллик юбилейимда келган ўттиз яшикдан кўп коньяк, марочний винолар бор. Шукур ҳар куни келиб сўрайди, бермайман, нима, энди шуларнинг ҳаммаси давлатга ўтиб кетадими?

 

– Албатта, – дедим ўйинни давом эттириб, – подвалингиз музейнинг “Саид Аҳмаднинг ноёб винолар коллекцияси” деган бўлимига айлантирилади. Экскурсияга келганлар томоша қилиб ўтади.

 

Устоз чор атрофга видо назари билан мўлтираб қаради-да:

 

– Шунча нарсани... шундоқ бервораманми? Йўқ, чидолмайман бунга, – деди.

 

– Чидайсиз. Герой бўлганингиздан кейин чидайсиз-да, – дедим у кишини юпатган бўлиб. – Мана, устозларингиз Ғафур Ғулом, Ойбек, Абдулла Қаҳҳорнинг оила аъзолари чидаб, уйларини музей қилиб қўйишибди-ку.

 

Саид Аҳмад ака уҳ тортиб, бош чайқади.

 

– Э, ваҳиманг ҳам бор бўлсин, – деди ниҳоят, – раз иш шунақа бўлса, биринчидан, ҳозир ўладиган аҳмоқ йўқ. Иккинчидан, давлатга музей керак бўлса ўзи қуриб олсин, бировнинг уй-жойига кўз олайтирмасин, хўпми?.. Эсизгина, кеча Анвар бечорани хафа қилмасдан, шу кулдон ўлгурни бервора қолсам бўлмасмиди, барибир давлатга ўтиб кетар экан...

 

Шу жойга келганда мен кулиб юбордим ва устозга буларнинг ҳаммаси шунчаки ҳазил эканини айтдим. Аммо у кишининг авзойидан гапимга ишонмагани сезилиб турарди.

 

Хайриддин СУЛТОН

 

“Навоий-30” китобидан.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Қатра

12:01 / 13.01.2025 0 83
Муаллимдан таёқ еган султон



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 7436
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 5035
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4678
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4107
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3457
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 3031
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2947
Туғилган кун

//