Бунинни жиддий рақиб деб бўладими?


Сақлаш
18:12 / 04.12.2024 0 11

“Инсон туну кун, туши ва ўнгида, ҳар дақиқа, тинимсиз равишда ёниқ эҳтирос билан нимани истаса, орзу қилса, албатта шу нарсага эришади. Масалан, мен Нобель мукофотини олишни худди шу тарзда истайман,деди ниҳоятда ишонч билан Дмитрий Сергеевич Мережковский.

 

Унинг Нобель мукофотига зўр иштиёқи ва истаги якшанбалик иштирокчиларининг барчасига маълум эди. Мережковский ўзининг бу орзусини яшириш у ёқда турсин, аксинча, шахсан ўзи ҳар дақиқада такрорлаб турарди. У Нобель мукофоти адолат юзасидан ўзига берилиши керак деб билар ва фақат ёлғиз ўзини мукофотга лойиқ ҳисобларди.

 

Бунин дейсизми? Ахир, Бунинни жиддий рақиб деб бўладими? У бор-йўғи маиший турмуш ҳақида ёзадиган ва барчанинг жонига теккан кечқурунлари қуёш ботиши ёки ёмғир, қор ёғиши сингари майда-чуйдаларни тасвирловчи ҳаётнависликдан нарига ўтмаган. Булар кимга керак? Ким бунга қизиқади? Арсеньевлар ҳаётими? Бу ҳеч нарсага арзимайдиган дворянликнинг ёшлиги ҳақида узундан узоқ, боз устига табиат тасвирлари тўлиб тошган хашакироқ асар. Яна бор бўлса уч-тўртта жонга тегадиган минғир-минғир ҳикоялару ортиқча мақталган Қишлоғ”и бор холос. Айтганча, мен бу Қишлоқни ётоғимдаги ёзув столим устида асрайман. Ҳар эҳтимолга қарши. Уйқусизликка дучор бўлганимда бу китобни варақлайман. Жуда яхши ёрдам беради,деди Мережковский.

 

Қўлимни кўксимга қўйиб айтаманки, Мережковский Бунинни жиддий рақиб деб ҳисобламасди.

 

– Ахир мукофотни берадиган судьялар ақлидан озмаган-ку, улар сўқир каламуш эмас-ку! Наҳотки мени Бунин билан тенглаштириб бўлса?!дерди у.

 

Лекин шундай бўлса-да, у Бунин фойдасига олиб борилаётган тарғибот кампанияси ҳақида эшитиб таҳликага тушарди. Мережковский мукофот Бунинга эмас, ўзига берилишига тўла ишонсада, ҳар эҳтимолга қарши ўз таъминотини бут қилиб қўйишга қарор қилди.

 

1932 йил баҳор кунларининг бирида “якшанбалик” иштирокчилари олдида Бунинга шундай таклиф билдирди:

 

Иван Алексеевич, келинг шартнома тузамиз. Мабодо Нобель мукофоти менга тегса, сизга ярим пулини бераман, агар сизга тегса, менга ярмини берасиз. Ўртадан тенг бўламиз. Шундан иккимиз ҳам суғурта қилинган бўламиз. Шу ерда иштирок этаётганларнинг у барчага бир-бир нигоҳ ташлади ҳаммаси олдида мукофот пулини тенг бўламиз деб сўз берамиз.

 

Бироқ Бунин кескин бош чайқади:

 

Йўқ, бунақаси кетмайди, Дмитрий Сергеевич. Мен рози эмасман. Олдиндан айтиб қўяй – мукофотни ҳеч ким билан бўлишмоқчи эмасман. Мукофотни сизга беришса бахтингиз, менга беришса у меники.

 

Бир дақиқа ичида Мережковскийнинг чеҳрасидаги нур сўниб, ранги бўзариб, қовоғи осилиб кетди. У ўзининг бағрикенглигига (Мережковский мукофот муқаррар равишда менга тегади деб ўйларди) бундай кескин жавоб оламан деб ўйламаган бўлса керак.

 

– Ихтиёрингиз, – деди бўғиқ овозда Мережковский. – Фақат афсусланиб қоласиз деб қўрқаман.

 

Қуюқ кофе ичида нима бор деб фол очишдан фойда йўқ. Тирик бўлсак кўрамиз. Ўзимни ваъда билан боғлаб қўйишга сира тоқатим йўқ. Юлдузим порлашига эса ишонаман, – деди аллақандай ғурур ва ишонч билан Бунин.

 

1934 йилнинг январь ойида биз Георгий Иванов билан Ригадан қайтишимиз ҳамоноқ Мережковскийникига – “якшанбаликка йўл олдик. Ҳали барча билан кўришиб, Зинаида Николаевнанинг (Зинаида Николаевна Гиппус Мережковскийнинг хотини ва шоира. Таржимон) кўпдан кўп саволларига жавоб бериб улгурмасимизданоқ эшик қўнғироғи жиринглади. Ҳаяжондан ўзини йўқотиб қўйган Злобин:

 

Бунин!деб қичқириб юборди.

 

Бу ҳақиқатан ҳам тарихий дақиқалар эди!

 

Бунин яқиндагина Стокгольмдан Нобель мукофотини олиб қайтганди. Мукофотни олганидан кейин Мережковскийникига биринчи ва охирги ташрифи эди. Бунин Стокгольмга Нобель мукофотини олишга кетмасидан олдин Мережковский табрик учун Мажестик меҳмонхонасига йўқлаб бориб тополмай қайтган эди. Бу ҳолатни Зинаида Николаевна ўзича изоҳлади:

 

– Атайлаб қабул қилмаган. Шахсан қабул қилишга лойиқ кўрмаган. Иваннинг гердайиб кетганлиги тушунарли. Энди у бизларни оёғининг учида кўрсатади.

 

Худди шу пайт Бунин, ҳа, ҳа, айнан “Буниннинг ўзи!”, бутун шон-шуҳрати ва улуғворлиги билан кириб келди. Зинаида Николаевнадан ташқари барча ўрнидан туриб ҳурмат-эҳтиром билан жойларида қотиб қолишди.

 

Мережковскийнинг юзи бўзариб, қадди букилганича ҳаммадан олдин шошқалоқлик билан Бунинга пешвоз чиқди. Барчамиз кетма-кет Бунинни қутладик...

 

Бунин Швецияга сафари ва мукофотлаш марсомини чиройли ва лўнда таърифлаб берди.

 

Бироз ўзига келган Мережковский Бунин томон бир-икки марта найза отиб кўрди. Унинг учирма гапларининг бирортаси нишонга аниқ тегмади. Бунин киноя аралаш жиззаки гапларга мутлақо эътибор бермади. Ва Мережковскийнинг саволларига ўша, фақат унгагина хос зодагоний улуғворлик билан жавоб қайтарди.

 

 Шу пайт яна эшик қўнғироғи жиринглаб қолди. Бу сафар эшикни хизматкор очди. Остонада таниқли рассом Х. турар эди. У ўтирганларга тезлик билан, пайқар-пайқамас бир кўз ташлаб олдида, хитоб қила кетди:

 

– Шармандалик! Шармандалик! Шу кунга ҳам етиб келдик! Бунинга Нобель мукофотини бериб ўтиришибди-я! Шармандалик-ку бу! – деб қичқирди.

 

Якшанбалик”ка йиғилганларнинг барчаси ўтирган жойларида худди тилдан қолгандек жим қотиб қолишди. Бундай қўрқинчли сукунатни сезган рассом атрофга диққат билан қардию стулда ўтирган Иван Алексеевич Бунинга кўзи тушди.

 

Иван Алексеевич!узуқ-юлуқ овоз билан яна бир бор қичқириб юборди шўрлик рассом. Унинг кўзлари қўрқув ва уятдан косасидан чиқиб кетган, жағи қалтирар эди. У югуриб бориб, тизза букканича ўзини Бунин қучоғига отди ва дудуқланиб: Мен...мен шундай хурсандманки, Иван Алексеевич! Таб... табриклайман... Табрикка киролмадим... Чин кўнгилдан...

 

 Бунин ўрнидан турди ва ўзининг бетакрор ва таҳқирли, масхараомуз ва кинояли жилмайиши билан рассомга қўл узатди:

 

Раҳмат азизим! Самимий табригингиз учун ташаккур!

 

Ирина ОДОЕВЦЕВА

 

 Рус тилидан Жалолиддин Сафоев таржимаси.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

10:12 / 03.12.2024 0 30
Пул ва минора – улар “қариндаш”ми?

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 164
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6380
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4942
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4587
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4014
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3422
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2988
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2907
Туғилган кун

//