Ўқитувчи
Кунларнинг бирида А.П.Чехов мени Кучук-Кой қишлоғидаги уйига таклиф қилди. Бу ерда ёзувчининг озгина ери ва икки қаватли, мўъжаз уйи бор эди. Ўзининг “имение”сини кўрсатар экан ҳаяжон билан гапира кетди:
– Агар пулим кўп бўлганда эди, мен худди шу ерда касалманд қишлоқ ўқитувчилари учун санаторий ташкил қилган бўлур эдим. Биласизми, шундай бир ёруғ бино – жудаям ёруғ ва каттакон деразали, баланд шифтли бино қурардим. Мен бунёд қилган ушбу саноторийнинг жуда ажойиб кутубхонаси, ҳар хил мусиқа асбоблари, асаларичилиги, полиз-сабзавот экинлари экиладиган томорқаси ва мевали боғи бўларди. Бу масканда агрономлик ва метеорология бўйича маърузалар ўқилар эди. Чунки ўқитувчи ҳамма нарсани билиши керак, ҳа, азизим, ҳамма нарсани!
У бирдан жим бўлиб қолди. Гапларига алоҳида ҳаяжон ва диққат бағишловчи ёқимли жилмайиш билан мен томонга ёндан қараганча оҳиста йўталиб қўйди.
– Менинг фантазиямни эшитиш сиз учун зерикарли бўлса кераг-ов? Бироқ, мен бу ҳақда гапиришни хуш кўраман. Рус қишлоғига яхши тарбия кўрган, ақлли, билимли ўқитувчи қанчалик зарур эканини билсангиз эди! Бизнинг Россияда маориф ишига алоҳида шарт-шароит яратиш керак. Бу ишга тезроқ киришишимиз зарур. Биз бир нарсани яхши тушуниб олишимиз шарт: халқи кенг билимларга эга бўлмаса, давлат худди яхши пишмаган хом ғиштлардан ёмон терилган бино сингари қулайди!
Ўқитувчи ўз ишини жондан севгувчи артист, рассом, санъаткор бўлиши лозим. Бизда эса ўқитувчи бу – қора ишчи, ёмон таълим олган савияси паст одам. Унинг учун қишлоққа бориб болаларни ўқитиш бамисли сургунга бориш билан баробар. Чунки ўқитувчи бир бурда нонини йўқотиб қўйишдан қўрқиб яшайди, оч-яланғоч ва жамият томонидан унутилган инсонга айланиб қолган. Аслида ўқитувчи қишлоқнинг биринчи одами бўлиши лозим эди. У мужикларнинг ҳар қандай саволига жавоб бера оладиган бўлиши, одамлар ундаги билимнинг кучини ҳис қилиб, ўқитувчига ҳурматга лойиқ инсонга қарагандек қараши ва эъзозлаши зарур. Бизда эса: урядник, бой дўкондор, поп, даҳа полицияси бошлиғи, мактабнинг ҳомийси, васийси, оқсоқол, мактаб инспектори – барча-барча ўқитувчига дўқ уради, бақириб иш буюради, ишига аралашади, уни камситиб таҳқирлайди, унга хўжайинлик қилади.
Халқни тарбиялашга сафарбар қилинган, тушунаяпсизми, айнан халқни тарбиялашга, – бундай инсонга арзимаган чой-чақа тўлаш ўта ақлсизликдир. Ўқитувчининг эски-туски жулдур кийимда юришига, чала-вайрон мактабда зах ва совуқдан қалтираб туришига, ўттиз ёшга етмасдан сил, ревматизм, лaрингит кассалликларини орттириб олишига сира-сира йўл қўйиб бўлмайди. Ахир бундай ҳолат биз учун, давлат учун шармандалик-ку! Бизнинг ўқитувчилар саккиз-тўққиз ой худди тарки дунё қилган зоҳидларга ўхшаб кун кечиришади: ёлғизликда, кўнгилхушликларсиз, китобларсиз зеҳни паст одамга айланиб қолади. Мабодо бирор ўртоғини суҳбатга чорласа, дарров уни ишончни йўқотганликда, шубҳали шахсликда айблашади. “Шубҳали шахс” – айёр одамлар аҳмоқларни қўрқитиш учун ўйлаб топган нақадар беъмани сўз!
Буларнинг барчаси жуда катта ва сермашаққат иш қилаётган одамнинг устидан кулиш, уни беаёв таҳқирлашдир. Биласизми, ўқитувчини кўрганимда унинг тортинчоқлигидан, журъатсизлигидан, ночор кийим-кечагидан, ўта қашшоқлигидан, майиб-мажруҳлигидан ноқулай аҳволга тушиб, уялиб кетаман ва бундай ҳолга, қайсидир маънода, ўзимни айбдор ҳис қиламан!
У чуқур сукутга кетди ва бироздан сўнг ўйчан аҳволда қўлини силкиб, изтироб билан шундай деди:
– Бизнинг Россия ана шундай беъмани ва қўпол мамлакат.
Ҳар ким ўз тилида гапириши керак
А.П.Чехов бўяб-бежалмаган гўзал оддийликни, ҳақиқийликни ёқтирар ва одамларни соддалаштирадиган ўзига хос услубга эга эди.
Кунларнинг бирида хонани ўткир атир-упаларнинг анвойи ҳидига ва ипак матодан тикилган кўйлакларининг шитирлашига тўлдириб ниҳоятда серҳашам кийинган уч нафар кибор хоним ёзувчи ҳузурига келишди. Антон Павловичнинг рўпарасидан жой олиб, ўзларини сиёсатга қаттиқ қизиқадиган қилиб кўрсатиб, ёзувчига “савол”лар бера бошлашди.
– Антон Павлович! Сиз қандай ўйлайсиз, уруш нима билан тугайди?
Антон Павлович йўталиб олгач, бироз ўйланиб, юмшоқ оҳангда, аммо жиддий овозда жавоб берди:
– Афтидан, тинчлик билан...
– Ҳа, ҳа, албатта! Лекин ким ғолиб чиқади? Грекларми ёки турклар?
– Назаримда, ким кучли бўлса, ўша ғалаба қилади.
– Сизнингча ким кучли? – чуғурлашиб бараварига сўрашди хонимлар.
– Кимки тўйиб овқатланаётган ва билимли бўлса, ўша кучли...
– Оҳ, қандай донолик! – деб хитоб қилди хонимлардан бири.
– Сиз кимни кўпроқ яхши кўрасиз – грекларними ёки туркларни? – деди шоша-пиша хоним.
Антон Павлович хонимга қараб кулимсираб, назокат билан жавоб қайтарди:
– Мен мармеладни яхши кўраман... сиз ҳам яхши кўрасизми?
– Жуда, жуда! – ҳаяжонланиб жавоб қайтарди кибор хоним.
– У шундай муаттар ҳид таратадики! – киборона тасдиқлади бошқаси.
Учовлари ҳам мармелад бўйича ажойиб эрудицияларини намойиш қилиб, ўзаро қизғин баҳсга киришишди. Хонимлар ўзлари ва ақл-идрокларини қийнамасдан мармелад ҳақида суҳбатлашаётганларидан ва ўзларини шу пайтгача ўйлантирмаган, қизиқтирмаган турклару греклар мавзусига жуда жиддий қизиқувчан қилиб кўрсатишдек оғир вазифадан халос бўлганларидан хурсанд эканликлари юзларидан яққол кўриниб турарди.
Улар кета туриб Антон Павловичга:
– Биз сизга мармелад жўнатамиз, – деб ваъда беришди.
Кибор хонимлар жўнаб кетишганидан сўнг:
– Сиз ажойиб суҳбат қурдингиз, – дедим.
Антон Павлович секин кулиб:
– Ҳар бир одам ўз тилида гапириши керак..., – деди.
Прокурор
Бошқа бир сафар ёзувчи ҳузурида ёш, келишган ўртоқ прокурорга дуч келдим. У Чехов қаршисида ўтириб олиб, жингалак сочли бошини силкита-силкита дадил гапирарди:
– Антон Павлович, сиз “Ёвуз ниятли одам” ҳикоянгиз билан менинг олдимга жуда қийин савол қўясиз. Агар Денис Григорьевда ёвуз ният борлигига ва онгли равишда ҳаракат қилаётганига ишонсам, жамият манфаатлари талаб қилаётганидек, мен уни қамоққа олишим керак бўлади. Бироқ у ёввойи одам, у ўз қилмишининг жиноят эканини сезмайди, мен унга ачинаман! Лекин, мабодо мен унга ачиниб ёки онгсизларча ҳаракат қилаётган субъектга қарагандек муносабатда бўлсам, борингки қалбимда раҳм-шафқат ҳам уйғонди дейлик, аммо мен бу билан Денис яна жиноят йўлига кирмайди, темир йўл рельси гайкасини бураб поездлар ҳалокатини уюштирмайди, деб жамиятимизга кафолат бера олмайман! Мана сизга жумбоқ! Бундай ҳолда нима қилишимиз керак?
У ўзини орқага ташлаб жим бўлиб қолди ва синовчан кўзлари билан Антон Павловичга тикилди. Прокурорнинг эгнидаги мундир яп-янги бўлиб, тугмалари одил суд жонкуярининг ўзини дўст қилиб кўрсатаётган ҳиссиз ва совуқ кўзларидек ялтироқ ва маъносиз эди.
– Мабодо мен судья бўлганимда, – деб жиддий овозда гап бошлади Антон Павлович, – мен Денисни оқлар эдим...
– Нимага асосланиб?
– Мен унга шундай дердим: “Денис, сен ҳали онгли жиноятчи бўлиб пишиб етилмадинг, бор ва пишиб етил!”.
Ҳуқуқшунос хохолаб кулиб юборди ва шу ондаёқ жиддий ҳамда тантанавор оҳангда давом этди:
– Йўқ, Антон Павлович, сиз қўйган саволга фақат мен қўриқлашга сафарбар қилинган жамият ва унинг ҳаёти, мулки манфаатлари доирасида жавоб бериш мумкин. Ҳа, тонмайман, Денис ёввойи, лекин шундай бўлса-да у жиноятчи, мана сизга ҳақиқат!
– Сизга граммафон ёқадими? – тўсатдан мулойим навозиш билан сўради Антон Павлович.
– О, жуда-жуда! Ажойиб ихтиро! – жонланиб жавоб берди ёш прокурор.
– Граммафонга менинг асло тоқатим йўқ! – хомушлик билан тан олди ёзувчи.
– Нимага?
– Шунинг учунки, граммафон куйлаб гапиради-ю, аммо ҳеч нарсани ҳис қилмайди. Ва граммафон ёмон чизилган расм монанд ўлик, туйғусиз... Сиз фотография билан шуғулланасизми?
Юрист фотографиянинг қизғин ишқибози бўлиб чиқди. У Антон Павлович ниҳоятда назокат билан шаъма қилган “ажойиб ихтиро” – граммафонга ўхшашлигини унутиб фотография ҳақида тўлқинланиб гапира кетди. Шу дақиқаларда мундир остидан ҳаётда ҳозирча ўзини овдаги кучуквачча каби тутаётган аломат бир одам намоён бўлди.
Ёш прокурорни кузатиб, Антон Павлович саркашлик билан шундай деди:
– Ана шундай думбул, шафқатсиз, инсоний туйғулардан маҳрум кимса одил судлов курсисида ўтириб, одамлар тақдирини ҳал қилмоқда.
Бироздан кейин қўшиб қўйди:
– Прокурор тушмагур балиқни қармоққа илинтиришни жуда яхши кўрар экан. Айниқса майда балиқни!
Максим ГОРЬКИЙ
“Чехов ҳузурида” битиги.
Рус тилидан Жалолиддин Сафоев таржимаси.
Ҳикмат
Биласизми?
Биласизми?
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ