Бойқаро таъсис этган “Oлий мажлис”


Сақлаш
16:12 / 22.12.2021 0 921

Хуросон ҳукмдори Ҳусайн Бойқаро саройида мунтазам адабий йиғинлар ўтказилгани маълум. Ижодий машварат эса тарихий манбаларда “олий мажлис” дея тилга олинади. Хусусан, Алишер Навоий “Хазойин ул-маоний” дебочасида бундай ёзади: “...ул ҳазрат (Ҳусайн Бойқаро) ўз олий мажлисида ўлтирар, ...эллик, олтмиш ё юз ғазалга яқин йиғилса эрди, ҳазрати Султони соҳибқиронга кўриб чиқиш учун еткурур эрдим ва ул ҳазрат аларға шафқат юзидан боқиб, зебу зийнатлаб, табдил қилиб, ҳар ғазални тартибга келтирур эрди” (Алишер Навоий. Тўла асарлар тўплами. 1-жилд. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги НМИУ, 2012. 17-бет).

 

Хўш, “олий мажлис” дея улуғланган адабий ҳайъат аҳли кимлардан иборат бўлган?

 

Хондамир “Макорим ул-ахлоқ” асарида Навоийни фазилат ва камолот мажлислари тўрида ўтирувчи сиймо деб атайди. Зайниддин Восифий эса “Бадое ул-вақое” асарида Ҳусайн Бойқаро олий мажлисга Навоийдан ташқари Паҳлавон Муҳаммад, Хожаги Абдулло Марварид, Хожа Камолиддин Ҳусайн Низомулмулк, Амир Саййид Бадр, Мирқосим Туркигўй, Амир Жоний мавла, Амир Низом Муқаллид, Қосим Мирҳусайний, Мирзойи Тарёкий, Тоҳир Чакка, Сарви Лабижўй, Моҳи Симноний, Мирак Заъфароний, Руҳулло пари, Шомуҳаммад хонанда каби адабиёт ва санъат аҳлини таклиф этганини ёзади.

 

Йиғинларнинг “олий мажлис” деб аталгани бежиз эмас. Биринчидан, йиғин cаройда – олий даргоҳда бўлиб ўтган. Иккинчидан, унда Хуросон мамлакатининг илму ижодда пешқадам зотлари, яъни ўз даврининг элитаси жамулжам бўлган. Учинчидан, бу мажлисларда адабиёт ва санъатга доир долзарб масалалар кўриб чиқилган.

 

Олий мажлис ўз даврининг нозим ва носир аҳли учун таҳрир ҳайъати вазифасини ўтаган. Адабий ҳайъат ҳукмига янги асарлар ҳавола қилинган. Ҳайъат аҳли билдирган фикр-мулоҳазалар асосида асарлардаги камчиликлар тузатилган.

 

“Мажолис ун-нафоис”да ҳикоя қилинишича, олий мажлисда Хусрав Деҳлавийнинг бир ғазали муҳокама қилинади. Шеърда йиқилаётган маҳбуб ёмғирга суяниб, балчиқдан тургани қаламга олинади. Кўпчилик мақтаётган ушбу ғазалга Ҳусайн Бойқаро эътироз билдириб, маҳбубнинг осмондан ерга ёғаётган ёмғирга суяниши мантиққа зиддир, дейди. Мажлис аҳли Султоннинг ҳақли эътирозига таҳсин айтади. Бундан ташқари, ҳукмдор мажлисда ўқилган Кобулий тахаллусли шоир ғазалидаги бир байт Навоийники эканини пайқаб қолади. Навоий ҳақиқатан ушбу байтни таҳрир қилиш асносида қайта ёзиб берганини маълум қилади. Бу воқеа Бойқаро дўстининг шеърий услубини мукаммал билганидан далолатдир.

 

“Муҳокамат ул-луғатайн”да олий мажлисларда тилшунослик масалалари ҳам муҳокама қилингани қайд этилади. Умуман, адабий йиғинда нафақат тилшунослик, балки бадиий, фалсафий, диний ва бошқа масалаларда баҳс-мунозаралар қилинган.

 

Манбаларга кўра, олий мажлис назм ва наср жавоҳирларини кўчиртириб, тарқатишга-да кўмак берган. Султон кутубхонаси бошлиғи, шоир Мавлоно Фасиҳиддин Соҳибдоро адабий йиғинда мунтазам иштирок этган. Мажлис қарори билан китобат қилинган ноёб қўлёзмалар сарой кутубхонасидан жой олган.

 

Ҳусайн Бойқаро адабий йиғинларни ташкил этишда бобоси Амир Темурдан ўрнак олган. “Темур тузуклари”да Соҳибқирон саройида мунтазам мажлислар ўтказилгани ва мажлис аҳлига маош тайинлангани қайд этилади (Темур тузуклари. Тошкент, “Ўзбекистон”, 2014. 90100-бетлар).

 

Венгриялик сайёҳ Ҳерман Вамбери эътироф этганидек, маданият ва санъат Андалусияда умавийлар, Арабистонда аббосийлар давлатини истисно этганда, ислом оламининг бошқа бирор ўлкасида темурийлар давридаги каби нашъу намо топмади (Вамбери Ҳ. Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1990. 72-бет). Темурийлар даври маънавий тараққиётида эса Ҳирот саройидаги олий мажлисларнинг ҳам муносиб ҳиссаси бўлган десак, муболаға бўлмас.

 

Шерхон ҚОРАЕВ,

мустақил тадқиқотчи

 

Tafakkur журнали, 2017 йил 4-сон

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 63
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи

Биласизми?

10:11 / 20.11.2024 0 62
“Ўдаға”нинг ўдағайлагани

Қатра

21:11 / 11.11.2024 0 126
Мўъжизанинг баҳоси

Қатра

15:11 / 08.11.2024 0 160
Ота ва етти ўғил ҳикояси

Биласизми?

23:11 / 01.11.2024 0 238
“Бирпас”ми, “иккипас”?..



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6114
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4921
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4562
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 3989
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3412
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2981
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2896
Туғилган кун

//