Феминизмнинг илк куртаклари: Қиролича бўлишга интилган Медея афсонаси


Сақлаш
23:10 / 23.10.2024 0 249

Аёл – ибтидодан қисматига кимгадир тегишли бўлиш ёзилган зот; қўнимсиз, сувдай шаклсиз ожиза. Лекин ҳамиша эркка, озодликка интилади – денгиздек кўпиради, уммондек тошади. Озодликка эришгач эса яна кимгадир суянишни, кимнингдир паноҳида бўлишни истайди. Биз билган феминизм тадрижи ҳам худди шу кўринишда кечмоқда. Унинг илк куртаклари бўй чўзган йиллар аёллар жамиятдан “эркакларнинг ҳуқуқлари”ни сўрай бошладилар. Аввал сайлаш, сўнг сайланиш ҳақини сўрашдан бошланган бу исён эндиликда ҳаётий позиция масаласига ҳам дахл қилмоқда. Бу эса оила институтининг емирилиб боришига сабаб бўляпти. Биз бўлса жараённи жимгина кузатиб турибмиз-ку, лекин негадир тан олгимиз келмайди. (Оила институтининг парчаланиши деганда – оила аъзоларининг бир-бирига ишонмаслиги, индивидуалликка интилиши, ишончсизлик сабаб бир-бирига панд бериш каби ҳолатларни назарда тутмоқдамиз) Ахир миллион йил олдин халқ тафаккури билан яратилган Медея афсонасида огоҳлантириш берилган-ку инсониятга. Агар бу афсонадан бехабар бўлсангиз, келинг, бирга назар ташлаймиз:

 

Медея – Колҳида қироли Эетнинг қизи, қуёш худоси Ҳелиоснинг набираси, жодугар аёл образи ҳисобланади. У отасининг паноҳи остида ўсиб-улғаяётган кунларнинг бирида Ясонни учратиб қолади. Эрот Ҳера ва Афинанинг илтимоси ҳамда онасининг топшириғига кўра муҳаббат маъбудаси Медеяга Ясонни севдирувчи ишқ ўқини отиши керак эди. Эвазига онаси унга Зевснинг кичкиналигида Адрастея совға қилган ўйинчоқни беришига келишилади. Англаганингиздек, Медея муҳаббат қурбони бўлди. (Афсонада севги ўқи Ясонга ҳам отилган ёки отилмагани борасида ҳеч қандай гап йўқ.) Бу қурбонлик баҳоси отасига хиёнат, акасига ўлим келтириш билан белгиланди. Биринчи оила институтининг парчаланиши шу тариқа кечганди. Бунга сабаб эса Ясонга юклатилган олтин чаноққа эришиш вазифасини Медея ўз бўйнига олгани эди, менимча. (Бу худди ҳаётда ҳам эркакка берилган ҳуқуқни аёл бажаришига ўхшайди) Отасининг уйидан "озод" бўлган Медея энди ватанига сиғмаслигини тушуниб, борадиган жойи бўлмагани учун Ясоннинг "қарамоғ"ига ўтди.

 

 

Иккинчи оила парчаланиши эса Ясоннинг отаси Эсонни ёшартириш нуқтасидан бошланди. Ғалабалари шарафига ташкилланган базмга отасининг қарилиги сабаб қатнашолмаслигини билган Ясон қаттиқ ўксинади. Медея эса муаммога ечим сифатида Эсонни ёшартиради. Бунга гувоҳ бўлган шоҳ Пелийнинг қизлари отасига ёшлик ҳадъя қилишини сўраб, Медеяга ёлворишади. Тахтни қайтариб олиш имкони туғилганини сезган Эсон эса хийла ишлатиб, Пелийни ўлдиришни келинидан илтимос қилади. Шундан сўнг Медея қизларга отасини ухлаётганида олиб келишини ва дамлама қайнаётган қозонга бўлаклаб солишларини буюради. Қизлар отасини бўлаклаш учун қилич кўтарган вақтда шоҳ кўзларини очади. Қўрқинчли вазиятга тушиб қолган қизлар уят ва андишага чидай олмай ҳушдан кетишади. Аммо якунда барибир Медея шоҳнинг бўлакларини қозонга солади ва маликалар ҳушига келгунча аждар қўшилган маҳодада учиб кетади. Шунга қарамай, у қилган жинояти учун Ясоннинг ватани – Иолкдан ҳайдалади. Чунки бу Эсоннинг интиқоми бўлса-да, Медеянинг қўли билан амалга оширилганди. Ва у кейинги фожиани етаклаб келди.

 

Қувғунди бўлган Медея эри Ясон билан Коринф шоҳи саройидан паноҳ топишади. Улар бу ерда 10 йил бирга яшаб, икки фарзанд кўришади. Аммо Ясон Коринф маликаси Главкани севиб қолиб, оиласига хиёнат қилади. Қирол Креонт ҳам қизини машҳур қаҳрамонга узатишдан мамнун эди.

 

Ясоннинг хиёнатидан талвасага тушган Медея даҳшатли интиқом ҳақида ўйлай бошлаган кунларнинг бирида қирол Креонт унга мамлакатдан чиқиб кетиши кераклигини айтади. Бу Медея учун яна бир оғир зарба эди. Айни дамда Делфадан Троисенага бораётган Афина подшоҳи Эгей йўл-йўлакай Коринфда тўхтаб, Медеянинг меҳмони бўлади. Аёлнинг аҳволидан хабар топгач, Эгей унга бошпана беришга ва озодлигини таъминлашга ваъда беради. Аммо эвазига уни фарзандсизлик дардидан қутқариши керак эди. Медея бошпанали бўлишига ишонч ҳосил қилгач, даҳшатли қасос режасини амалга ошира бошлайди. Аввалига қирол Креонт ва қизи Главка заҳарланган кийимдан ўлишади. Сўнг қасос аламида ақлдан озаётган Медея болаларини ўлдириб, аждар қўшилган аравада олиб кетади.