Биласизми?
Тафаккур деган сўзнинг луғавий маъноси фикрлаш бўлса-да, тўғри мазмун ва ижтимоий аҳамият касб этувчи, ақл ва билим, кузатув ва тажрибага асосланган, ўқувчи учун тушунарли шаклда ифодаланган фикрларнигина тафаккур ҳосиласи деб ҳисоблаш мумкин. Инсоният деярли ҳамма гапни айтиб бўлган, дейди баъзилар. Аммо такрор-такрор айтиб келинаётган кўҳна гаплардан ҳам ўз замонасига мос янгича фикр, келажак авлодга етказишга арзигулик янгича мазмун кашф этиш имкони ҳамиша бор. Бу борада кашшофлик қилмоқ учун одам файласуф бўлиши шарт эмас, фикрлашга чанқоқ ҳар ким бунинг уддасидан чиқиши мумкин. Асли мутахассислиги физик бўлган Шерназар Қўшназаров ҳам фикрловчи замондошларимиздан.
***
Аблаҳ одамдан олинган “аблаҳ” баҳоси мақтовдек гап...
* * *
Айримларнинг яланғоч дунёсини кийими фош қилиб қўяди.
* * *
Ақлсизлик ва билимсизлик орасида катта тафовут бор. Илмсиз киши ақлли бўлиши мумкин, лекин ақлсизга ҳеч бир илм кор қилмайди. Воқеан, ақлли одамнинг илмсиз қолиши – ноёб ҳодиса.
* * *
Бедавлатликка кўнган – бадавлатдир.
* * *
Болаликда севиб ўқиган китобингиз зериктирдими – қарибсиз.
* * *
Дўстлар улфатчилик учун ҳам ярайди, улфатлар эса фақат улфатчилик учун ярайди.
* * *
Ёлғизлик – ёлғиз қолиш эмас, кўпчилик ичида кўнглига яқинни тополмасликдир.
* * *
Жиноятчининг жазосиз қолишида ҳам, бегуноҳнинг жазоланишида ҳам бир жиноятчи пайдо бўлади, бу – ноодил ҳакам.
* * *
Имтиёзлар ҳамма учун баравар бўлса, имтиёз эмас, қоида саналади, қоидалар ҳар ким учун ҳар хил бўлса – бебошлик...
* * *
Инсон измига боғлиқ бўлмаган ҳодисаларгина табиийдир.
* * *
Кеча сиғинган одамига бугун тош отадиган халқнинг эртага Худо тўғрисидаги тушунчалари ўзгармаслиги гумон.
* * *
Кимдир тобланади, кимдир товланади.
* * *
Китобингиз чоп этилиши чўзилиб кетганидан ташвишдамисиз ёки асарингизнинг умри қисқараётганиданми?
* * *
Лаганбардорлар ўз қўли остидагиларга бешафқат бўлади.
* * *
Одамга эга мансаблар бор, мансабга эга одамлар бор.
* * *
Ижодкор заковатининг чўққиси – ўзи ўқимаган китобга сўзбоши ёзиб бера олишидир.
* * *
Порахўрларнинг бошқа жиноятчилардан фарқи шундаки, улар ҳеч қачон очиқчасига уюша олмайдилар.
* * *
Рост гапнинг ишонтира олиш қурби оз, чунки у ўқдай тўғри – тўсиқларни айланиб ўтолмайди; ишонтириш учун ёлғон яхшироқ, у сариёққа ўхшайди – тўсиқни айланиб ўтолмаса ҳам, унга сингиб кетади.
* * *
Савияни йўл қўйилган хатога қараб ҳам билиш мумкин.
* * *
Сиёсат – реалликка зеб бера олиш ва эҳтимолийни муқаррар деб ишонтира билишдир.
* * *
Сукут – баъзан аҳмоққа жавоб, баъзан аҳмоқона жавоб.
* * *
Танқиддан қўрққан китоб ёзмайди.
* * *
Тарихчилари фақат ўтмишни, сиёсатчилари фақат келажакни улуғлайдиган халқнинг бугуни аросатдадир.
* * *
Тилёғламалик – сўз орқали бериладиган пора.
* * *
Тонгга етиш йўли ҳамиша тун орқали ўтади.
* * *
У дунё ташвиши билангина яшовчи киши бу дунё учун ҳам ташвишдир. У дунё тўғрисида қайғурмайдиган киши эса бу дунё учун қайғудир.
* * *
Хайриятки, ажал пора олмайди. Акс ҳолда, дунёда фақат пора билан кун кўрувчилар қоларди.
* * *
Худони қандай тасаввур этишингизга қараб, сизни тасвирлаш мумкин.
* * *
Ҳатто намоз ўқишингиз ҳам бировга халал бермаслиги керак.
* * *
Ҳокимлик ҳукм ўтказиш эмас, ҳукм ўтказаётганини сезмаслик ёки сездирмасликдир.
Шерназар ҚЎШНАЗАРОВ
“Ростнинг ёлғондан фарқи”
“Tafakkur” журнали, 2017 йил 4-сон
Биласизми?
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ