Биласизми?
Эпос хотира ва орзунинг чегарасида туғилади. Киши ҳаётида ёрқин из қолдирган воқеа, ҳодисаларни ё қувонч, ё афсус билан ёдлаб сабоқ уққани каби, халқ ҳам ҳаёт-мамоти боғланган улкан ҳодисаларни авлоддан авлодга ўтказади. Бу “ўтказиш”нинг энг оммавий шаклларидан бири ЭПОСдир. Достон тарих эмас, аммо тарихий воқеалар сараланиб унинг мазмунига ўтади.
“Алпомиш”нинг дунё эпик хазинасидаги “Маҳобхорат”, “Рамаяна”, “Одиссея” каби достонлар қаторида саналиши бежиз эмас. Хусусан, “Алпомиш” ва “Одиссея” ўртасидаги яқинлик Алпомиш ва Одиссейнинг узоқ айрилиқдан кейин ўзга қиёфада ёрининг тўйи устига келиб, рақибларини жазолаган саҳнаси билангина чекланмайди. Санаб ўтайлик: Алпомишнинг бир исми – Ҳакимбек – донишманд, оқил дегани, Одиссей эса “ўта доно”, “серақл” сифатларига эга. Одиссей Аидга отланар экан эчкини қурбон қилади. Алпомиш зиндонда вақти Товканинг серкаси зиндонга тушади, сўнгра Кайқубод Алпомишга қурбонлик серкаларни ташлаб туради. Кирка ва Товка ойим, Қултой ва чўчқабоқар Евмей образлари ҳам уйғун тасвирланади. Бу ўхшашлик илдизлари жуда қадимдан – халқлар орасидаги, тафаккур тарзидаги яқинликдан далолат беради.
“Алпомиш тўқсон қалмоқ алпи, Тойчихон билан талашиб, Барчинга уйланди. Кашалга кетган ўн минг уйли элатини ёри билан юртига олиб келди. Тарқоқ халқни бирлаштирди, етти йиллик Тойчихон зиндонидан озод бўлгач, ҳамкори Кайқуботни Кашал тахтига ўтқазиб, рақиб юртда ҳукмини юргазиб, ўз мамлакатига қайтди. Ёрининг тўйи устидан чиқиб, Қултой қиёфасида эл оралаб, яхши ёмонни билди, Ултонтоз зулмидан Бойсин-Қўнғирот халқини халос қилди. Оиласини бутлади. Адолатни тиклаб, қайта юрт эгаси бўлди. Алпомиш чинакам алп эди. Алпни ўлим ўлдирмайди. Халқ Алпомишни “ўтга солса куймас, қилич солса ўтмас, сувга тушса ботмас” қилиб яратган. Бу сифатлар эпоснинг комил ИНСОН мезонларига, тимсолларига мос келади. Олов – осмон, қилич – ер кучлар, сув – ер ости олами, бутун олам сарҳадлари кучларини боғлайди.
Алп халқнинг адолат ўрнатувчи ботири, идеал қаҳрамони.
“Алпомиш” воқеасини “айрилиқ” ва “бирлашув” достони деб содда мазмунга келтириш мумкин. Бир авлод “хато” қилади, навбатдаги бўғим ўнглайди. Оила – салтанат таназзулга юз тутади, яна қайта қувватга эниб, қад ростлайди, ўзлигини намоён этади. Нима учун айнан ушбу сюжет пайдо бўлди? Нега барча ҳақиқатлар ушбу воқеа тизимида қурилди? Жавобни эпос яратувчиси бўлмиш халқнинг кечмиши, тарихи айтади. Тарих саҳнасида бугун ўзбек номи билан танилган этнос кечмишда айни ҳолат энг долзарб масала бўлганига далиллар, мисоллар исталганича топилади. Бу кунгача “бўлиниб, бирлашув”нинг “болу заҳри”ни бизнинг аждодларимиз кўп тотган. Тақдирнинг ошиғи туну кундек айланиб тушаверди: Соҳибқирон Амир Темур тузган салтанат нуради... Уч хонлик бўлди… ички низо, келишмовчиликлар авжига чиқди. “Бўлинганни бўри еди” – ХIХ асрнинг иккинчи ярмида Чор Россияяси юртни босиб олди. ХХ аср бошида қизил империя бутунлай домига тортди. Яна вақти етди, аср сўнггида халқимиз истиқлолга эришди, мустақил бўлди… Давлатчилик анъаналари қайта тикланди…
Ҳаёт фақат уруш, ажралишу бирлашувдан иборат эмас. Бу дунёда муҳаббат деган буюк туйғу, куч-қудрат борки, Инсоният ер юзида яшаяпти.
Муҳаббат Одамота билан Момо ҳавони ерга олиб тушди, қонини қўшди. Наслини кўпайтирди. Лекин бу қўшилувнинг баҳоси қимматга тушгани сир эмас. Нақл қиладиларки, “улар жаннатдан қувилди… Ерга туширилди…” Ердаги ҳаёт эса қувонч ва қайғу бадалида кечади…
Алпомиш ва Барчин ҳам Одамота ва Момоҳаво тақдирини ўзига хос равишда такрорлайди. Алпомиш ва Барчин аждодлари Одамотага – Киши, Момоҳавога – Тиши деб исм берганлар.
Киши ва Тиши қони ер юзидаги ҳар бир одам томирида оқар экан, уларнинг тақдири ҳам такрор-такрор келаверади.
Эпос бу тақдирларни йиғиб Алпомиш ва Барчин тимсолида бизга ойна қилиб кўрсатади.
Шомирза ТУРДИМОВ
“Эпос ва этнос” китобидан.
Биласизми?
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ