Бир куни...
Жанубий Кореяда тун яримдан оғди. Мен онамнинг жиззали, пиёзли нонларини соғиниб хамирга уриндим. Тайёрлай туриб тандиримиз олдидаги эски арқондан бўлган ҳалинчак ёдимга келди. Кимлар учмаган, кимлар йиқилмаган ундан. Онамнинг тандирдан чиққан қип-қизил юзлари, «орқамда турманглар» деган гапларини ич ичимдан соғиниб кетдим. Ҳар гал нон узиб олаётганларида битта истак билан атрофда куймаланардик. Қайсидир ноннинг таги тандирда қолиб қаттиқроқ бўлса-ю биз сувга ботириб, қирсиллатиб есак. Бир сафар бир тандир ноннинг ярми шундай бўлди. Онам ҳазил аралаш «Таги менга, таги менга дединг мана ярми шунақа бўлди, олинглар энди» деб айбни бизга тўнкагандек бўлгандилар. Қаёққа отланмай, албатта, «иккита ризқим»ни қўшиб қўярдилар. Тандиримиз менга тенгқур эди. Ичидан, ташидан тўкилган, тушган жойларини онамнинг ўзи «пардозлаб» олардилар. Ҳозир янги жойга, бошқа тандир қурилган…
Ўзбеклардек нонни севадиган халқни ҳали кўрмадим. Нонга алоҳида қадрият деб қараймиз. Қиз узатишда ҳам «нон ёпишни эплайдиган, сурпа тахтага чаққон» бўлишига эътибор берамиз кўпинча. Нон билан боғлиқ ташбеҳлар, хотиралар, албатта оналаримизга уланади. Турмуш ўртоғим билан танишиб қолишимизга ҳам шундай қадрдон ташбеҳлардан бири сабаб бўлган.
Андижондан Фарғонага «тушдим». Тўй бир кун аввал ота уйимда бўлди, хайрлашув маросимидан кейин иккита нонни тутқазиб кузатиб қолишди. Куёв томонда тўй бир кун кейин бўлгани учун турмуш ўртоғимнинг кичик холасиникида тунаганмиз. Ўша пайт холамизнинг соғлиги бироз яхши эмас, ўзининг айтишича, ғувуллаган боши билан мени атлас-у адрасларда иккита нонни қўлтиқлаганча кириб келганимни кўриб шошиб қолганди. Шу холамиз ҳамма келин, қизларга сирдош. Олис-яқин хотираларидан баъзан ибрат учун, баъзан юрак ёзишга ҳикоя қилиб қолади. Шундай суҳбатларнинг бирида «Эъзозхон, худо хоҳласа катта тандир қурдираман, набираларим кўп бўлади. Келинимга нон ёпишни ўргатаман. Қий-чувдан қочиб, ойижонингизга телефон қиламан: «Опа битта ўзингмисан уйда, икки соат ухлаволишга бораман» дейман деб ният қилди. Биттагина ўғлининг бўйи билан бирга улғаяётган орзуларидан бири бу. Уйидаги тандирига ўт ёқилмаганига йиллар бўлган. Соғлиги туфайли нон ёпиш ҳам, ейиш ҳам мумкин эмас. Тандири ҳам хафаликдан тўкилиб қолган. Негадир тандирига ўт ёқмаса ҳам доим шох-шабба билан тўлдириб қўярди. Сабабига тушунмасдим. Бир гал тандирга қараб хайр-хўш қилаётганини кўриб, кула-кула олдига борсам, тандирни орқаси тешилиб, қўшни аёл кўринадиган бўлиб қолган экан. Ҳамсоясига «оз қолди катта тандир қурдираман қўшни, чиқинглар, қизим келган» деяётган экан. Бу фақат тандир нон орзуси эмас бундай ўйлаб қараса. Бу йилларки ёлғизликдан толиққан онанинг катта оилага айланиш истаги. Бутун умрлик, интиқиб кутаётган бахтли кунлари.
Фарғонада қайнона ойимдан нон ёпишни ўргандим. Менга зувала қилишни деярли ҳамма ўргатиб чиққан бўлсада, ҳалиям маромида қилолмайман. «Зувалани чиройли қилганни болалари чиройли бўлади», деб қўрқитиб ҳам кўришган.
Қайнонам набираси билан тандирхонага мўралаб, «Яхши бўлдими, ёпиб олдингизми», деса ҳайрон бўлардим. Киравермайсизми, десам, «Йўқ, ўхшамай қолади. Биз қизим билан айланиб келамиз» дерди-ю, нонларни узиб олганимдан кейин келиб, кайфиятимдан натижани билиб олардилар. Бузиб қўйсам, «шунақасиниям еб туриш керак, биз ҳам бузганмиз» деб индамай кетарди. Фарғонада нонга ёппа чекич урилади. Патир дейилади шуниси. Андижонда нон ёпган одаммасман. Бир марта бориб ёпиб бердим, лекин онамга ёқмай қаттиқ нонга тўғраб қўйди. Онам табиатан эпчил, ҳамма ишни маромида қиладиган аёл. Беш қиздан биттамиз ҳам онамга ўхшолмадик. Онамни истагиям шу эди. Қайнонам ҳам баъзан менга ўхшаманг, деб уришиб қоладилар. Биздан яхшироқ бўлинглар дейди… Ҳамма оналар бир хил, меҳрибон бўлиши бор гап, дейман улар ҳақда ўйларканман. Шу хаёллар билан нонни ҳам пишириб олдим. Печдан парча неъматни оларканман, нафақат уйимиз, балки бутун Корея иссиқ нон ҳидига тўлиб кетгандек бўлди, назаримда.
Эъзоза ОБИДЖОНОВА
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ