«Кўр сен бўласан, ўз одатингни, элингни унутган» – Ўзлигини унуттирмайдиган эл одатлари


Сақлаш
15:07 / 29.07.2024 0 436

Сап-сариқ даштлар, кимсасиз, жизғанак йўллар, Буюк Яратмишнинг яратиқлари сабаб заминга кўрк ва виқор бермиш улкан қирлар, Миср эҳромларидан табиий, тарам-тарам адирлар кўнглимга ёзнинг жазирамасидек бир тафт бермиш. Ҳайдовчи Исмоил бува олис йўлнинг танобини билдирмай узоқ-яқин ўтмишдан ҳикоялар сўзлаб келаётир. Қарийб етмиш тўртга кираётган бобонинг сўзидек ўзи ҳам тетик, воҳаликларга хос дўлвар ва ўктам.

 

Бир куни одатдагидек пойтахтдан Сурхонга йўл олдик, – дея янги бир айтимини бошлади отахон. – Олд ўриндиқда бир йигит, Россиядан Ватанга қайтаётган экан. Уйни кўрмаганига йил бўлган, кўзи оламга тўймай, аланглаб, завқланиб бораётир. Йўлда кетарканмиз, машина йўлини бир ит кесиб ўтиб қолди денг. «Ана бўри ўтди!», дедим йўловчиларимга эшитгулик қилиб. «Қани, қани?» дейишди бари. «Ана, гирдоли орқасига ўтиб кетди» дедим. Олдиндаги йигит, «Қанақасига бўри бўлсин, итку бу бува» деди. «Йўқ бўри» дедим бамайлихотир. У эса айтганидан қолмади. Орқада ўтирганлар мени тушунди чоғи, мийиғида кула бошлашди. Йигит тушмагур эса «ит эди, кўздан қолибсиз, бува» дейишгача бордида. Аччиғим чиқиб, машинани бир чеккага тўхтатдим. Йигитга қараб турдимда, «Кўр сен бўласан, ўз одатингни, элингни унутган» дея қулоқ чаккасига туширдим. Йигит бир оз каловланиб турдида, сўнг «Кечирасиз, бува ростан унутибман» деди. Шуйтиб бизда йўлни кесиб ўтган жонзотни хайрли билиб, иримига «бўри ўтди» дейишимизни мусофирликдан келаётган баччага эслатиб қўйдимда.

 

***

Ҳар бир элнинг ўз удими, тутган тутими бор. Бу одатлар, кишилардаги феъл-атвор ўша ернинг табиати, шарт-шароити билан ҳам боғлиқ. Масалан, табиатдаги дағаллик, даштларидаги кенглик шу юрт одамларининг сийратида уфуриб туради. Неча йиллардан бери кузатишларим боис, меҳнаткаш, содда, ростгўй сурхонликларнинг ҳар бир хизмати беминнатлигини кузатдим. Бировга яхшилик қилса миннат қилмайди, бирон нарса тама ҳам қилмайди.

 

Бир машина одам билан йўл четида тўхтадик. Орқадаги аёл ҳайдовчига пул узатди. Олдиндан айтиб қўйган эканми, ҳайдовчи йигит йўлнинг нариги тарафига серқатнов йўлни амаллаб кесиб ўтдида, тўртта тандир нон олди. Қайтишда ҳам шу зайл базўр кўчадан ўтдида, нонларни бояги аёлга узатди. Аёл эса, жазирамада шунча йўловчиларни куттирганига узр ҳам айтмади, хизматини қилган ҳайдовчига раҳмат ҳам. Одамларга разм солдим. Ҳеч кимда бир оғриниш сезмадим. Бу майда юмуш қилиниши шарт бўлган яхшилик, қолганлар эса буни табиий қабул қилиши шарт бўлган элдошлар эди, назаримда. Бошқа жойда бўлсак, аёл ўзи тушиб нон олар, қайта-қайта узр сўрар, биз ҳамроҳлар эса манзилга кечикаётганимизни ошкора тўнғиллаб айтармидик балки… Ким билсин, аммо ҳозир янгроқ куй авжида йўлни жимгина давом этдик…

 

***

Офтоб тафти пасайиб, салқин ҳовлилардан одамлар чиқа бошлайди. Қўли қадоқ, бошидан рўмоли тушмайдиган қиз-жувонлар кўчаларга селоблаб сув сепади. Бу юртда оқиб ўтаётган сувга фақат тоза идишлар ботирилади. Сувни тоза сақлаш, уни исроф қилмасликни етмиш ёшдагилар етти ёшдагиларнинг қулоғига илади.

Оқшом чоғи тупроқ иси уфурган маҳаллалардан қўлида иккита кулча ёки бир коса овқат кўтариб олган ўсмирлар кўзга ташланади. Ҳамроҳимдан бунинг сабабини бирон байрам арафасиданми дея, сўрайман. У бўлса, хотиржам: «Агар бу фақат арафаларда қилинса, бизда доим байрам эканда. Бизларда яхши таом қилинса, ҳамсояларга, кекса бува ва момоларга илинилади. Бу шунчаки йўқлов» дейди.

 

***

Cангардак. Бу ном кўпчиликка таниш. Гўзал табиати, беқиёс шаршаралари, этни жунжиктирувчи сойлари, мазали қовурма гўштларини бошқа ерда учратиш қийин. Айниқса, тоғ бағридан чиқиб, минг битта нур заррачаларига бўлиниб, иссиқдан кўнгли-ю, кўзи куйган одамларга ором берадиган Cангардак шаршараси (эл тилида Шарраи мозор) бу кентни тилларда достон қилган. Қишлоқни сайр этарканмиз, текис йўллар, амфитеатр, тўйхона, маҳалла гузари, масжид, замонавий мактабларни кўриб, ажиб шаҳарчага тушиб қолгандек бўлдим. Зиёратгоҳларини авайлаб, умри тоза ҳаво, ажиб турмуш ташвишлари билан ўтаётган қирмиз юзли тоғ одамларига негадир ҳавас қилдим. 

 

Наргиза АСАДОВА

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 46
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи

Биласизми?

10:11 / 20.11.2024 0 58
“Ўдаға”нинг ўдағайлагани

Қатра

21:11 / 11.11.2024 0 126
Мўъжизанинг баҳоси

Қатра

15:11 / 08.11.2024 0 160
Ота ва етти ўғил ҳикояси

Биласизми?

23:11 / 01.11.2024 0 237
“Бирпас”ми, “иккипас”?..



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6103
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4920
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4561
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 3987
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3412
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2981
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2896
Туғилган кун

//