Биласизми?
Ҳамма ижодкорлар ҳам ўз замонасида қадрланавермаган. Бугун суратларини бутун дунё севувчи, қадрловчи Вангог каби рассомларнинг бир нечтагина сурати сувтекинга сотилган. Шу сабабдан бугун уларнинг асарлари миллионлаб долларга баҳоланиши ҳам қайғули, ҳам қувонарли. Ҳар ҳолда дунё ҳақиқий санъатнинг қадрига ета бошлади. Қуйида келтириладиган тўққиз асар ҳам «кимўзди» савдоларида миллионлаб долларга сотилган.
9. Пабло ПИКАССО – «Жазоирлик аёллар»
Пабло Пикассо XX аср тасвирий санъатининг энг ёрқин вакили саналади. Рассомнинг «кубизм» услубида ишланган «Жазоирлик аёллар» картинаси 1955 йилда чизилган. 15 та суратдан иборат ушбу муҳташам асарни Қатар қироллик оиласи 2015 йилда 179 миллион долларга харид қилган.
8. РEМБРАНДТ, «Сулманс ва Коппитнинг тик турган портретлари» асари
Рембрандт номи тарихда энг кўп ўрганилган 100 та шахс рўйхатига киритилган бўлиб, дунёнинг энг таниқли рассомларидан бири десак, муболаға эмас. Унинг «Сулманс ва Коппитнинг тик турган портретлари» асари 1634 йил чизилган. Асар илгари Ротшилдлар оиласига тегишли бўлган, сотувга қўйилгач, «Лувр» ва «Рижк» музейларининг биргаликдаги маблағлари ҳисобига 180 миллион долларга сотиб олинган.
7. Марк РОТКО, «Номер: 6» сурати
Абстракт экспрессионизм йўналишининг кўзга кўринган нaмoёндаси Марк Ротконинг ушбу асари 1951 йилда чизилган. 2014 йили россиялик тадбиркор Дмитрий Риболовлев уни 186 миллион долларга сотиб олган.
6. Густав КЛИМТ, «Сувилонлар II» асари
Символист Густав Климтнинг мойли бўёқда чизилган «Сувилонлар II» сурати 1907 йил яратилган бўлиб, Иккинчи жаҳон уруши пайтида фашистлар томонидан мусодара қилинган. Асар эгаси – келишиб чиқиши яҳудий бўлган Женни Штайнер 1938 йил Португалияга кўчиб ўтганидан сўнг, сурат шу ўлкада қолиб кетади. 2012 йил кимошди савдосига қўйилган картина 183 миллион долларга баҳоланган.
5. Жексон ПОЛЛОК, «17-А рақами» сурати
Абстракт экспрессионизмнинг кўзга кўринган вакили Жексон Поллок ўзига хос дрип-пейнтинг услуби орқали довруқ қозонган. Рассом томонидан 1948 йил чизилган мазкур сурат 2015 йили тадбиркор Девид Геффен томонидан 200 миллион долларга сотиб олинган.
4. Пол ГОГEН, «Тўй қачон?» асари
Пост-импрессионизм ва примитивизм йўналиши намоёндаси бўлган Пол Гоген ушбу асарни 1891 йил Таитида яшаётганида чизган. Суратда «бор-йўғи» икки таитилик оддий қиз тасвирланган. Айни пайтда Қатар шайхларидан бирига тегишли бўлган ушбу асар 210 миллион долларга харид қилинган.
3. Пол СEЗАН, «Қартабозлар» сурати
Тасвирий санъатда пост-импрессионизм йўналишига асос солган Пол Сезан 1890-1895 йилларда «Картабозлар» туркумига оид 5 та асар яратган. Уларнинг тўрттаси дунёнинг турли музейларида кўргазмага қўйилган ва фақат биттаси шахсий коллекцияда сақланади. Суратнинг аввалги эгаси грециялик миллиардер Георги Эмбирикос асарни 2011 йил – ўлимидан олдин кимошди савдосига қўйганида 250 миллион долларга сотилган.
2. Виллем де КУНИНГ, «Алмашув» сурати
1997 йилда вафот этган Виллем де Кунинг XX асрнинг энг машҳур рассоми ва ҳайкалтароши, абстракт-экспрессионизм етакчиларидан бири бўлган. Қоғозга мойбўёқ ёрдамида чизилган «Алмашув» ижодкор томонидан 1955 йили тугалланган. 300 миллион долларга сотилган суратни ҳозир Чикаго тасвирий санъат институтидаги кўргазмада кўриш мумкин.
1. Леонардо да ВИНЧИ, «Сальвадор Мунди» сурати
Мазкур асар машҳур рассом Леонардо да Винчи томонидан 1506-1513 йилларда Франция қироли Луи XII буйруғига биноан чизилган. Расм XIX аср иккинчи ярмида йўқолган. 2005 йилга келиб топилган бу сурат узоқ йиллар мобайнида Леонардо да Винчи шогирдларидан бирига тегишли деб ҳисобланган, бироқ реставрациядан сўнг мутахассислар уни даҳо рассомнинг ўзи чизган деган хулосага келишган.
«Сальвадор Мунди» 2017 йил ноябрь ойида «Кристис» аукционида 450 миллион долларга сотилган. Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад абн Салмон томонидан харид этилган ушбу асар айни пайтда «Лувр Абу-Даби» музейида кўргазмага қўйилган.
Раҳмат БОБОЖОН тайёрлади.
Биласизми?
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ