Биласизми?
Кеча «Сен кучлисан» жамоаси аъзолари яна Зангиотадаги хосписда бўлдик. У ерда онкологик ва онкогематологик касалликларнинг сўнгги – умидсиз босқичдаги бемор болалар ётади. Ўн етти нафар қоракўз. Ўн етти нафар… Омонхон беш ёшда. Миясидаги ўсимта бошни футбол коптогидек шишириб юборган. У бизни таниб хурсанд бўлиб югуриб келди ва бурчакдаги хонага ишора қилди:
– Салончи холалар келган. Аяларни ясатишяпти. Ана, қаранг! Мени ойимнинг ҳам сочларини бўяб қўйишди. Сартарош қизларга салом бериб, уларнинг раҳбари билан қуюқ сўрашдим. Танишим, синглимдек бўлиб қолган Марҳабо бу ерга таклиф қилганим учун миннатдорчилик билдирди:
– Яхшиям келибмиз, опа. Бунақа жой борлигини билмас эканман. Энди тез-тез келиб турамиз.
Аслида улар «Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига қизалоқларнинг сочларини турмаклаб қўйиш ташаббуси билан чиқишганди. Лекин бу ерда ётган бемор қизалоқларнинг сочларини кимё ва нур муолажалари тўкиб ташлаган… Ичкарига мўралаб, гўзаллик усталарига ихтиёрларини топширган оналарнинг қиёфасига тикилдим. Сўнгсиз изтироб, ғам кўланка солган чеҳралар оз бўлсада очилаётган эди.
– Хонама-хона юриб таклиф қилдик. Аввалига чиқишмади. Рости, бироз хафа ҳам бўлдик. Бир вақт қарасак, бирин-кетин пайдо бўлишди. Болаларнинг ўзи оналарни олиб чиқишибди. У шундай деркан, ясанишга навбат кутиб турган, сочлари оппоқ, ажинлари тарам-тарам, қадди букчайиб, руҳан синиб, эшик кесакисига суяниб турган онани қучоқлаб овозини баландлатди:
– Аслида бу ерга энг чиройли оналар йиғилган экан. Энг чиройли! Биз фақат озгина ёрдам берамиз, холос. Тўғрими? «Энг чиройли она» кўзлари ёшланиб бош ирғади. Сўнг қўлини қўйвормай турган олти ёшлардаги болакайга қараб жилмайди:
– Мана, киряпманку, болам. Ичкаридагиларни ясатиб бўлишлари билан мени чақиришади. Бор, сен бир пас ўйнаб тургин.
Болакай ичкарига мўралаб, онасининг қўлига маҳкамроқ ёпишди.
– Алдаманг! Қўлингизни қўйворсам кетворасиз хонага. Мен сиз билан бирга кираман.
Қарасак, болакай анча ўжар. Мен ҳам ялинишга тушдим. У мени ҳам гўзаллик усталаридан бири деб ўйлади чоғи озроқ эгилишимни, ўзимгагина айтадиган гапи борлигини айтди.
– Хола, онамни зўр қилиб ясатиб қўйинг, илтимос. Фақат зўр бўлсин! Кейин мен суратга олиб, телеграмдан биттасига юбораман.
Унинг ғалати илтимосига «хўп, хўп» дея жавоб бердиму, қизиқишим устун келиб савол бердим.
– Кимга? Кимга юборасан онангнинг суратини? Сир бўлмаса, билсам бўладими?
Худди шу пайт, ичкарида жой бўшаб, аёлни чорлашди.
Болакай эса мени четга тортиб, онаси эшитмаслигига амин бўлгач, кўз ёшларини мушти билан артганча синиқ жилмайди:
– Дадамга. Фақат дадамга юбораман. У мен касал бўлгач, бизни ташаб кетган. Балки чиройли онамнинг суратини кўргач яна қайтиб келар. Тўғрими, хола?
– Албатта!
Йиғлаб юбормаслик учун уни қаттиқ қучоқладим. Бир неча сония шу алфозда тош қотдим.
– Фақат ўзига айтманг, майлими?
– Хўп, хўп, болам. Хўп, болажоним!
Бир соатдан сўнг ичкаридан она чиқди. Иши кимнинг имтиҳонидан ўтишини билган пардозчи обдон ҳаракат қилиб, онани қўғирчоқдай қилиб қўйганди. Оқ сочлар қорайиб, ажинлар пардоз остида қолган, лабга суртилган ним пушти бўёқдан тортиб, уланган узун киприкларгача эгасига жудаям ярашган эди. Болакай онасини танимай, бир пас карахт аҳволда қолди. Сўнг югуриб бориб қучоқлаб, авайлаб юз-кўзларидан ўпди. Кейин яна онанинг юзига тикилиб, бироз томоша қилди ва яна қайта-қайта ўпди. Обдон тўйгач, уч қадам орқага чекиниб, чўнтагидан телефон чиқарди. Онасини чиройли суратга тушириш учун муносиб жой излади. Аквариумдаги балиқлар, ўйинчоқли жавонлар, китоб терилган бурчаклар… Ахийри, кўз қувнатиб, яшнаб турган ям-яшил гуллар олдига турғизгач кўнгли тўлиб, жилмайишни буюрди. Она жилмайди.
Ё, тавба… Шу гўзал малак бир соат аввал эшик кесакисига суяниб турган қаримсиқ жувонми? Худди кимдир уни бошдан-оёқ сочиб ташлаб, қайта йиғиб қўйгандай мукаммал эди. Болакай онасини ўн мартадан ошиқ суратга олди. Кейин мен кўз ёшларимни арта-арта она-боланинг қиёфасини тарихга муҳрладим. Лекин ростини айтсам, болакайдек «профессионал» эмаслигимни тан олдим. Қандай ракурс танлашни билдия! Ора-орада мен томонга назар ташлаб, «фақат айтиб қўйманга» дегандай кўз қисиб қўярди. Иккаласини хонага кириб кетишгунча кузатиб қўйдим.
Суриштирсам, бу ерда ётган, ўлиб кетган бир қанча болаларнинг отаси касал бўлгач ташлаб кетган, бирор марта хабар олишмаган экан.Ўйин бурчагидаги бир челак «Лего»ни ағдариб, катта бўлолса солмоқчи бўлган уйни қуриб кўрсатган яна бир боланинг ҳам саратондан оғирроқ дарди бор эди.
– Нега тўрт эшиги, ўнта деразаси бор уй қурдинг, болам?
У чуқур хўрсинди.
– Дадам, хоҳлаган эшикдан кириши учун. Биттасини топа олмаса, иккинчиси, учинчиси, тўртинчисидан кирадику, тўғрими? Жуда бўлмаса, мана шуу-унча дераза бор. У бир пас жим қолди. Кўргани келган дадасининг пинжида ўтирган қизалоқ томон ишора қилиб хўрсинди:
– Дадаси келадиганларга мазза. Улар ўлишдан ҳам қўрқишмайди.
Ё, Аллоҳ! Нималар деяпти бу нораста? Ўлишини биладими?
У эса ҳолатимдан бехабар, овози титраганча давом этди:
– Ҳавас қиламан уларга. Олиб келадиган ўйинчоқлари, шоколадларига эмас фақат. Баъзан бориб бошқаларнинг дадасини қўлидан ушлагим, битта ҳидлагим келади…
Эҳ… дада аталмиш маҳлуқлар-а! Нега бунчалик бешафқатсиз?!
Умрининг энг сўнгги паллаларини яшаётган мурғаклар нидосини ҳалиям эшитмадингизми? Жонингизнинг бир парчаси бўлмиш норасталар ноласи тош юрагингизга етиб бормадими? У сизнинг пулингизга зор эмас! Ўйинчоқ, шоколадлар эмас, ҳидингиз, қўлингизни соғинибдику. Улар балки бугун, балки эртага Аллохнинг ҳузурига кетар. Сиз ҳақингизда нима дейди? Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз буни?
Болангиз ясаган тўрт эшикли уйни жаннат дарвозаларига қиёсладим. Балки уй эшигини топган кунингиз жаннат дарвозаларидан бирини ҳам топарсиз. Фарзандингиз телеграмингизга юборган суратда фаришта қиёфасини кашф этдим. Балки сиз фариштадан воз кечиб, бир гала ажиналар, ўзингизга ўхшаган махлуқлар ичида яшаётгандирсиз… Балки сиз аллақачон ўлгандирсиз? Чунки тирик бўлсангиз аллақачон келган, болангизни қучоқлаган бўлардингиз.
***
Бу даргоҳга келишнинг ўзи оғир. Дадаси «ўлган» болалар билан кўришиш эса миллион баробар оғирроқдир.
Муаззам ИБРОҲИМОВА
Биласизми?
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ