Ҳуқуқий маданият. Ҳуқуқий онг. Ҳуқуқий тарбия


Сақлаш
16:03 / 14.03.2024 0 850

Ҳуқуқий маданият – кишиларнинг ҳуқуқий билим даражаси, ҳуқуққа нисбатан онгли муносабат, ҳуқуқни ҳурмат қилиш ва унга риоя қилишни ифодаловчи атама. Ҳуқуқий маданиятнинг жамият ривожида тутган ўрни ва аҳамияти Президентимиз томонидан белгилаб берилган «Тараққиётнинг ўзбек модели»да аниқ-равшан кўрсатиб берилган. Ҳуқуқий маданият мамлакатимизда озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт қуриш саъй-ҳаракатлари билан узвий боғлиқ бўлиб, ҳар бир фуқаронинг қонунларга қатъий риоя этиши, қонун бўйича яшаши ва меҳнат қилишини тақозо этади. Ҳуқуқий маданиятни такомиллаштириш учун барча фуқароларнинг сиёсий, ҳуқуқий онгини ўстириш, дунёқарашини кенгайтириш, маънавиятини юксалтириш муҳим аҳамият касб этади. Ҳуқуқий маданият макон ва замонда фарқланиб, ҳозирда ва истиқболда амалга оширилиши лозим бўлган манфаатлар кўлами билан ўлчанади. Ҳуқуқий маданият инсоннинг билим ва тажрибалари орқали нарса ва ҳодисаларни, ижтимоий-сиёсий жараёнларни, уларнинг мазмун-моҳиятини англаш, тўғри ёки нотўғрилигини фарқлаш ва шу асосида хулоса чиқариш имконини беради.

 

Ҳуқуқий онг – ҳуқуқшунослик, фалсафа соҳаларига оид категория; ҳуқуқий ҳодисаларни акс эттирувчи, ҳуқуқий қадриятларни англаш, зарур ҳуқуқий тартибни сақлаш билан боғлиқ ижтимоий гуруҳ ва индивидуал онгга мансуб тушунча. Ҳуқуқий онг жамият ҳаётининг ижтимоий-иқтисодий, унинг маданий-ҳуқуқий, сиёсий шарт-шароитлари билан тавсифланади. Ҳуқуқий онг – ижтимоий ва индивидуал онгга тегишли бўлган, ҳуқуқий билимларни ўз ичига олган ғоялар мажмуи. Ҳуқуқий онг билиш, баҳолаш ва тартибга солиш вазифаларини бажаради. Ҳуқуқий онг жамият ҳаётида содир бўладиган воқеа-ҳодиса, шахс онгида ҳуқуқий нормаларнинг шаклланиши ва такомиллашувини ифода этади. Ўз навбатида, ҳуқуқ ва унинг амалиётда қўлланиши ижтимоий ва индивидуал онг мазмунига таъсир кўрсатади. Ҳуқуқий онгнинг билиш, баҳолаш ва тартибга солиш вазифаларининг мазмун-моҳиятида, бир томондан, билим ва маърифат намоён бўлса, иккинчи томондан, юксак маънавият ва муайян ирода-эътиқод ўз ифодасини топади. Бугун жамиятимиз ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, мамлакатимизда юз бераётган туб ўзгаришларнинг пировард самараси, олдимизда турган улкан мақсад-муддаоларга эришиш кўп жиҳатдан ўз ҳақ-ҳуқуқини теран англаб етган, ҳуқуқий меъёрларни чуқур ўзлаштирган ва уларга қатъий амал қиладиган, ҳуқуқий онги, билими ва дунёқараши кенг бўлган инсонларнинг фаол иштирокига боғлиқ.

 

Ҳуқуқий тарбия жамият аъзолари маданияти ва онгига ҳуқуқий билимларни турли таъсир воситалари орқали узлуксиз сингдириб бориш жараёнини ифодаловчи тушунча. Ҳуқуқий тарбия воситаларига ҳуқуқий тарғибот, ҳуқуқий таълим ва амалиёт, ўзини ўзи тарбиялаш киради. Ҳуқуқий тарбия кенг маънода, жамият аъзоларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини шакллантириш, шахс онгига унинг ҳуқуқ ва бурчларини сингдириш жараёнини англатади. Ҳуқуқий тарбия тор маънода фуқароларнинг ҳуқуқий билим ва маданий савияси даражасини оширишга хизмат қиладиган усул ва воситаларни ифода этади. Ҳуқуқий тарбиянинг давлат ва жамият тараққиётида ҳамда фуқаролик жамияти асосларини қуришдаги ўрни шахснинг, фуқароларнинг ҳуқуқий билими ва кўникмалари даражаси билан белгиланади. Ҳуқуқий тарбия мавжуд тузум, давлат ва ҳокимият органлари, маҳалла, оила, ташкилотлар ва уларнинг фаолияти орқали амалга ошади. Ҳуқуқий тарбия кўп қиррали ва мураккаб жараён ҳисобланиб, унинг муаммолари ҳуқуқшунослик, педагогика ва психология, миллий ғоя, маънавият асослари, этика ва эстетика каби фанлар доирасида тадқиқ этилади. Ҳуқуқий тарбия самарадорлиги оила, маҳалла, таълим-тарбия муассасаларининг маънавий-маърифий соҳадаги фаолиятининг ўзаро уйғун ҳолда амалга оширилиши билан белгиланади. Ҳуқуқий тарбия шакллантиришда ОАВ, радио, ТВ, ҳуқуқий мавзулардаги кечалар, давра суҳбатлари ҳам муҳим ўрин тутади. Буларнинг барчаси фуқароларнинг биринчи галда ёшларнинг ҳуқуқий онги ва тафаккурини ўстириш, уларни ҳар жиҳатдан баркамол инсонлар этиб тарбиялашга хизмат қилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

10:12 / 03.12.2024 0 25
Пул ва минора – улар “қариндаш”ми?

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 163
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6343
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4941
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4583
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4011
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3422
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2987
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2906
Туғилган кун

//