Биласизми?
“-ов”, “-ов”... “-вич”, “-вич”...
Ҳали шўро замони эди, москвалик бир олим дўстим “Нега сен Аъзам-овсан?” деб қолди. Ҳайрон бўлдим: “Фамилиям шунақа”. “Ия, сизларда ҳам “-ов” қўшимчаси борми? Русчасига экан-да...”
Арабча-ўзбекча исмга тиркалган бу қўшимчанинг бемаъни, беўхшовлигини илк бор ўшанда англаганман. Дарҳақиқат, мен нега Аъзам-овман?
Бундан йигирма йиллар муқаддам бир китобим нашрга тайёрланаётганда муҳаррир Хуршид Даврон унга “Эркин Аъзам” деб имзо қўйишни таклиф қилган, лекин мен илло-билло кўнмаганман. Истиҳолага борганман-да: шоир эмасман, Ғафур Ғулом ёки Абдулла Қаҳҳор бўлмасам! (Бугун энди биров фамилиямга “-ов” қўшиб айтса, энсам қотади, ҳатто ҳақоратдек туюлади.)
Ҳа, кечаги замонда “ўртоқ Фалончиев” аталмоқ шараф эди, жамиятда маълум бир поғонани эгаллаганингизни англатарди. Яланг Эшмат Тошматдан кўра, Эшмат Тошматов, айниқса, Эшмат Тошматовичнинг эътибори, шубҳасиз, баланд эди. Бизнинг Бойсунда “Фалончи “юф” бўпти!”, “У кишим энди “юф”-да!” дегандек ҳасад-ҳавас аралаш гаплар ҳам юрарди.
Шоиримиз айтганидек, “ўзга эрур имло бу кун”. Бугун энди номингизни истаган шаклда ёздиришингиз, ўзгартиришингиз ёки тахаллус танлашингиз мумкин. Ана, илк шеърига қофия қидириб юрган болалар ҳам ўзига “Парвоз”, “Виқор” дея тахаллус қўйиб оляпти. Замон эркин, ихтиёри!
Истиқлолимизга пешвоз чиққан дастлабки қонун давлат тили ҳақида эди. Унга ҳам ўн етти йил бўлди. Лекин камина ҳамон -овман! Нега? (Албатта, гап мен ҳақимдагина бораётгани йўқ.) Ўша тарихий ҳужжатда исм-фамилиямизни миллий-анъанавий шаклда ёзишга изн берилган эди-ку! Шу чоққача неча киши бунга амал қилди – исми шарифини расман ўзгартирди? Умуман, шунга шахсий ва оммавий рағбат борми ўзи?
Эътироф этайлик – сезилмаяпти. Лоақал “эски” исм-фамилияларнинг турли расмий ҳужжат ёки газеталардаги имлосига назар солинг. Айниқса, депутатликка номзодлар рўйхати ёки лавозимга тайинловлар эълон қилинганда кўрсангиз! Сиз Дўстқораев деб юрган одам “Даскараев” бўлиб чиқади. Ортиқ мисол келтиришга ҳожат йўқдир, чунки расмона тўғри ёзилганини камдан кам учратасиз.
Инсоф билан айтганда, 17 (ўн етти!) йил озмунча муддат эмас. Бу давр мобайнида бутун-бутун давлатларнинг ҳам номи ўзгариб кетгани маълум. Нега бўлмаса бизда бу қадар сусткашлик, ҳафсаласизлик?! Балки ўша қонунимизни амалга ошириш юзасидан махсус яна бир қонун керакдир? Кейин уни бажариш учун ҳам бир қонун... Ахир, миллий ўзлик дегани – ўзимиздан, ўзимизнинг номимиз, ҳар биримизнинг исми шарифимиздан бошланмайдими? Ўзини билган мардум исмини бузиб ёки ўзгача – ёт мақомга солиб аташларига қандай чидайди? Тўғри, бу ишнинг маълум расмиятчиликлари бор – вақт керак, ҳафсала керак. Лекин шунга ҳафсала қилмаган... миллат саналадими? Эртага бир кун буни авлодларимизга нима деб тушунтирамиз?
“-ов”, “-ов”, “-ов”... “-вич”, “-вич”, “-вич”... Оҳанрабонгиз бунчалик зўр бўлмаса!
Эркин АЪЗАМ
2006 йил
Биласизми?
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
1 Изоҳ
Абдулбоқий
07:02 / 28.02.2024
Худди кеча ёзилгандай. 1998 йили Наманган ТВсига ишга кирганман. Ўшанда раҳбаримиз Муҳаммаджон Мақсудовнинг талаби ва ишга қабул қилиш шарти туфайли паспортимни алмаштирганман миллийсига. Шунда паспорт стол бошлиғи раҳматли ...ака исми фамилиямни қизил паспортимда қандай бўлса шундай Ибрагимов Абдулбаки тарзида ёзишларини айтганда давлат ТИЛИ талабларидан келиб чиққан ҳолда ИБРОҲИМОВ АБДУЛБОҚИЙ деб ёзилишини талаб қилганман ва шунга эришганман. Ҳатто пенсияга чиқаётганимда муаммо бўлишини айтиб қўрқитганлар. Пенсияга ҳам чиқдим. Ҳеч қандай муаммо бўлмади. Хуллас, ҳаммаси ўзимизга боғлиқ. Дунё айвонида кечаётган манзаралар, айрим, отдан тушса ҳам эгардан тушмаганларнинг иддаолари ҳам, агар биз ўзимизни, ўзлигимизни яхшилаб таниб олсак, камаяди, албатта.