Ҳиммат. Ҳожатбарорлик


Сақлаш
16:01 / 05.01.2024 0 405

Ҳиммат (арабча ғайрат, шижоат, жўшқинлик; ҳаракат, ҳафсала, қунт) – одамгарчилик, мурувват юзасидан қилинадиган яхшилик, яхши иш, ёрдам; инсонга хос туйғу, хислатни англатувчи тушунча. Ҳиммат мурувватлилик, олижаноблик, мардлик, тантилик, саҳийлик, қўли очиқлик, саховатлилик, улуғворлик, бағрикенглик, буюклик ва ҳотамтойлик каби тушунчаларни ўз ичига қамраб олади. Халқ наздида ҳимматли киши доимо мард ва танти ҳисобланган. Бундай инсонларнинг обрў-эътибори баланд, нуфузи эл орасида кучли бўлади. Халқимиз шарқона миллий урф-одатлардан бўлган ҳиммат кўрсатиш фазилатини ҳамиша ардоқлаб келган. Ўзбек халқи юрт бошига қандай ташвиш тушмасин, не балоларни бошидан кечирмасин, асл саховати билан ажралиб турган. Ҳиммат бу ахлоқнинг асосий қоидаларидан биридир. Унинг замирида саховат, покизалик етакчи ўрин тутади. Ҳимматли кишилар ҳар қандай вазиятда ҳам эл фаровонлиги учун қайғуради. Ҳимматли киши тўғрилиги, оғир-вазминлиги билан ажралиб туради, одамларга доимо саховат кўрсатиб, ночор, хайру закотга муҳтож бўлганларга ёрдам беради. Ҳимматли кишида тил ва дил юмшоқлиги, меҳрибонлик, сўз ва муомала маданияти, ёмонлик қилганга ҳам яхшилик қила олиш кучи, бағрикенглик ва дил поклиги мужассамлашган бўлади. Ҳимматли киши ҳар қандай ишга аччиғланмайди. Шерюрак бўлиш билан бирга, бағрикенг ва юмшоқ табиатли бўлади. Алишер Навоий «Маҳбуб ул-қулуб» асарида саховат ва ҳимматнинг ўзаро муштараклигини шундай таърифлайди: «Сахийлик инсоният боғининг ҳосилдор дарахтидир, балки у дарахтнинг ширин мевасидир. Одамийлик ўлкасининг тўлқинли дарёси, балки у тўлқин дарёсининг асл гавҳаридир. Саховатсиз киши ёғинсиз баҳор булути ва иси йўқ тотор мушкидир. Мевасиз дарахт ҳам биру, ўтин ҳам бир, ёғинсиз булут ҳам биру, тутун ҳам бир. Саховатсиз киши билан гавҳарсиз садафни бирдай ҳисобласа бўлади... Сахий булутдир. Иши хирмон, балки хазина бермоқ, бахил эса чумолидир, одати дон ва машоқ термоқ... Ҳимматлиларнинг ихтисоси сахийликдир. Бу икки шарафли сифат (саховатлилик ва ҳимматлилик) покиза кишиларга хосдир, сахийлик инсоннинг баданидир, ҳиммат унинг жони.

 

Ҳимматсиз киши эр сонида эмас, чунки жонсиз баданни киши тирик демас». Ҳимматли кишига хиёнат эзгулик, одамийлик, инсонпарварликка хиёнат ҳисобланади. Ҳиммат бу адолат ва диёнатнинг посбони бўлиб, ҳамиша ҳақиқатга интилиб яшайди. Ҳиммат атамаси «мурувват» ва «саховат» сўзларининг маънодошларидан бири. Бу сўз ғайрат қилиш, олижаноблик ва бахтиёрлик маъноларини ҳам билдиради. Ҳимматнинг негизида ҳам мардлик ётади. Бошқалардан ёрдамини аямайдиган, ўзини қўйиб, ўзгани ўйлайдиган, бағрикенг, қўли очиқ, сахий инсонларни халқимиз азал-азалдан «Ҳиммати баланд» деб таърифлаб келган. Бировнинг оғирини енгил қилиш, бор бисотини бошқаларнинг бахти йўлида сарфлаш, молу жонини аямаслик қадимдан энг савоб ишлардан саналган. Шунинг учун ҳам назари паст, ҳимматсиз, саховатдан йироқ одамни халқимиз ҳеч қачон суйган эмас. Ҳимматли зотлар бўлган аждодларимиз ўз авлодлари учун ахлоқ-одоб ҳақида кўплаб ўгитлар, насиҳатлар, ривоятлар, асарлар қолдиришган. Ўзбекистоннинг мустақиллиги туфайли уларнинг ҳиммати бугунги кунда юксак салобат касб этмоқда. Меҳр-мурувват, хайрия, саховат ҳақида гапирганда, барчамиз ҳимматлиликнинг мазмун-моҳиятини тушуниб олмоғимиз керак. Бир оғиз ширин сўз айтиш ёки бир пиёла чойга таклиф этиш ўзбек халқига хос фазилатдир. Ширин сўз, юздаги табассум инсон учун энг олий ҳимматдир. Ҳимматлилик ўзининг саховати, меҳр-муҳаббати билан одамлар қалбига сингиб кетади, ҳамиша эзгуликка хизмат қилади.

 

Ҳожатбарорликбир инсон томонидан бошқа кишига кўмак бериш, унинг ҳожатини чиқариш ифодаловчи тушунча. Ҳожатбарорлик сўзи «сахийлик» атамасига маънодош бўлиб туюлиши мумкин. Аслида бу икки сўз ўртасида катта фарқ мавжуд. Ҳожатбарорлик сўзида кимгадир яхшилик қилаётган инсоннинг ўз манфаатларини кўзлаган ҳолда, яъни қилмоқчи бўлаётган яхшилигидан умидворлик туйғуси илинжида бўлиши мумкин. Сахийлик эса чин кўнгилдан, сидқидилдан, беминнат қилинади. Шунинг ҳожатбарорлик сўзи кўпгина ҳолларда салбий маънода қўлланади. Чунки кимгадир яхшилик қилиб, яъни ҳожатини чиқариб, бундан наф кутадиган инсонларни худбинлар қаторига киритиш ҳам мумкин.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

10:12 / 03.12.2024 0 25
Пул ва минора – улар “қариндаш”ми?

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 163
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6343
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4941
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4583
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4011
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3422
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2987
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2906
Туғилган кун

//