Биласизми?
Ҳасад – ўзга кишидаги ютуқ, омаднинг ўзида бўлишига ички ва ташқи хоҳиш, бошқанинг ҳаёти, фаолияти, атрофдагилар хулқ-атворини кўролмасликни ифодаловчи тушунча. Абдулла Авлоний фикрича: «Ҳасад деб, бир одамга жаноби ҳақ тарафиндан берилган неъмат ва давлатнинг заволини тиламакни айтилур. Ғийбат, бўҳтон, суъизан каби ёмон хулқлар ҳасаддан туғилур». Ҳасад барча динларда қораланади. Масалан, христиан динида ҳасад еттита гуноҳи кабиралардан бири ҳисобланади. Чунки бу динда айтилишича, ҳасад қилиш Худо томонидан ўрнатилган тартибдан норозиликни билдиради. Ҳасад ислом динида ҳам қаттиқ қораланади. Масалан, Қуръони Каримнинг «Фалақ» сурасида таъкидланишича, «Паноҳ тилаб илтижо қилурман тонг Парвардигорига, яратган нарсалари ёвузлигидан, зулматга чўмган тун ёвузлигидан, тугунчаларга дам солувчи аёллар ёвузлигидан, ҳамда ҳасадчининг ҳасади ёвузлигидан». Ҳасад туйғуси одамлар орасида низо, келишмовчиликлар келиб чиқишига сабаб бўлади. Жамоаларда эса ҳасад маънавий-ахлоқий иқлимни бузади, корпоратив маданиятни емириб ташлайди. Одамзод ва жамият ҳаётида оғир асоратлар қолдирадиган ҳасад туйғуси авваламбор бошқаларни кўролмаслик, уларнинг ютуғидан қувониш ўрнига, қандайдир куйиниш, ичиқоралик оқибатида пайдо бўлади. Шунинг учун ҳам муқаддас китобларимизда ҳасад инсонийликка мутлақо зид бўлган жирканч одат сифатида қаттиқ қораланади. Жумладан, муборак ҳадисларда «Бировга ҳасад қилишдан сақланинг, чунки олов ўтинни қандай куйдириб тугатса, ҳасад ҳам қилган савоб ишларингизни худди шундай куйдириб тугатади», деб айтилгани бежиз эмас.
Азал-азалдан очиқкўнгил, самимий ва меҳнаткаш, яхшиликни юксак қадрлайдиган халқимиз бундай иллатлардан доимо ҳазар қилиб келади. Лекин, минг афсуски, умр йўлларида ҳасад балосига кўп дуч келамиз. Олис ва яқин тарихимизда не-не буюк зотлар ҳасад ва бахиллик, кўролмаслик туфайли қандай азоб-уқубатларни бошидан кечиргани, соғлиғи, ҳатто ҳаётидан жудо бўлганини аччиқ мисолларда кўриш мумкин». Шарқ донишмандлари ҳасаднинг зарарли иллат экани тўғрисида шундай фикр юритади: «Дунёда ҳасад ва гинадан оғирроқ гуноҳ йўқ. Чунки, ҳасадчи кимса одамларнинг шодлигидан пайваста ғам остида юради. Ўзгалар роҳатидан доимо заҳмат тортади» (Муҳаммад Ҳусайн); «Ҳасад балоси улкан фасодлар пайдо қилур. Чунки ҳасад бағоят жирканч хислатдир», «Ҳасад, бошқаларнинг роҳатини кўролмаслик – ҳамма сифатларнинг пастроғидир. Ҳасад ҳиммат пастлиги ва кўнгил хасталигидан ҳосил бўлади (Ҳусайн Воиз Кошифий); «Ҳасад билан ғазаб икки қанот бўлиб ҳаракатга келса, тоза ва чиройли ҳаётларни хира ва кудуратли қилиб юборади» (Абу Райҳон Беруний). Ҳасад ижтимоий иллат сифатида ҳам инсоният бошига катта кулфатлар келтирган. Турли халқлар, миллатлар бошқа миллат ва давлатларнинг ютуқ ва муваффақиятларини ижобий қабул қила олмаслик, уни ўзиники қилиб олишга интилиш замирида айнан ҳасад ҳисси ётади. Юртимиздаги беҳисоб табиий бойликлар, унинг геостратегик шароити жаҳонда бизга нисбатан фақат хайрихоҳлик ёки ҳавас туйғусини эмас, балки ҳасад, қора ниятларни ҳам уйғотиши сир эмас. Атрофимизда бизга ҳавас билан қарайдиганлар билан бирга, ҳасад кўзини тикиб турганлар ҳам йўқ эмас. Бундай вазият барчамизни доимо огоҳ, сезгир ва ҳушёр бўлишга, ягона уйимиз, қўрғонимиз, муқаддас оиламиз бўлмиш Ўзбекистонимизнинг куч-қудратини мустаҳкамлашга даъват этади, фидойиликка чорлайди.
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қатра
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ