Ҳамдардлик


Сақлаш
16:01 / 04.01.2024 0 424

Ҳамдардлик инсонпарварлик кўринишларидан бири бўлиб, шахснинг бошқаларга муносабати, уларнинг фикр ва туйғуларини тушуниш ҳамда қўллаб-қувватлашни англатувчи тушунча. Ҳамдардлик – юксак инсоний фазилат, маънавият, инсонпарварлик, олижаноблик белгисидир. Ҳамдардлик ва яхши сўз кишига умид ва илҳом бахш этади. Ҳамдардлик инсонлар ўртасидаги самимийлик, табассум ва беғубор муносабатларда, ўз яқинлари ва бошқанинг дардига малҳам бўлиш, эътибор, бошқаларни ўйлаб яшаш, меҳмондўстлик, мулоқот, ширинсўзлик, яхшилик қилиш, муносабатлар маданиятида намоён бўлади. Ҳамдардлик мамлакатлараро ва инсонлараро муносабатларда ҳам тажассум топади. Ўзаро ҳамдардлик яхши қўшничиликнинг муҳим шартидир. Кишининг тўйига-ку ҳамма ҳам келади, лекин бошига кулфат тушганда биринчи бўлиб қўшнилар ҳамдардлик билдиради. Инсон бошига ўлим тушганда яхши қўшнилар ҳам, содиқ дўстлар ҳам, қариндош-уруғлар ҳам шундай уқубатли, қайғули, ташвишли пайтларда азадорнинг ёнида таянч ва кўмакдош бўлиш, тўйларда ҳам эҳтиёжманд тарафнинг фикр ва туйғуларини тушунишга чин қалбдан ёндашиш, қўллаб-қувватлаш, маслаҳат ва кўмак бериш, виждон амри билан ҳаққоний, адолатли фикрлар айтиб, ижобий хулосалар қилиш, яъни ҳамдардлик бўлиш чин инсоний фазилатлардан ҳисобланади.

 

Ҳамдардликдан ташвиш ва ғам енгиллашади. Қандайдир фалокат рўй берганда ҳам, масалан, қўшнининг уйига ўт кетганда, қўни-қўшниларнинг бир жону бир тан бўлиб кўмаклашиши, уй ёниб-куйиб хароб бўлгач, яшаш учун шароит қолмагач, маҳалла аҳли ҳашар йўли билан қўшнининг уйини тиклаши, ҳар кимнинг қўлидан келганича ёрдам бериши ҳам яхши инсонларнинг ҳамдам ва ҳамдардликидан далолатдир. Масалан, ҳамдардликнинг мамлакатлараро кўринишида бирор табиий офатдан зарар кўрган, кулфат оқибатида талафот кўрган давлат аҳолисига қўшни мамлакатлар яхши сўз, таъзия изҳор этиб, дардларига шерик бўлишади, моддий ва маънавий томондан кўмаклашади. Инсон ҳаётининг оғир, мусибатли кунларида атрофдаги одамларнинг ҳамдардлигига, маънавий-руҳий кўмакка муҳтож бўлади. Илиқ ва самимий муомала, очиқ чеҳра билан чин юракдан олиб борилган дўстона суҳбат, дардга шерик бўлиш билан ҳамдардлик билдириш кишига нажот, руҳига тетиклик, қалбига умид бағишлайди. Ҳамдардлик жамоадаги маънавий-руҳий иқлимни соғломлаштирувчи, бошига мусибат тушган инсоннинг келажак ҳаётга ишонч билан қарашига сабаб бўлувчи муҳим омилдир. Маънавий тубан кишилар ҳақиқий ҳамдардлик билдира олмайди, ҳамдардлик билдирганда эса, уларнинг ҳамдардлиги сохта чиқади. Ҳақиқий ҳамдардлик юксак маънавий сифатлар, фазилатларга эга инсонлар томонидан қилинади. Ҳамдардлик умуминсоний қадриятлардан бири бўлиб, турли халқларда турли кўринишларда учрайди. Ҳамдардликнинг икки кўриниши мавжуд. Биринчиси, халқ, миллат, яқин танишлар, қариндош-уруғлар бошига тушган мушкулликларга иқтисодий ёрдам орқали билдириладиган ҳамдардликдир. Иккинчиси, инсонга яқин кишилари вафоти муносабати билан таъзия изҳор қилиш, Қуръон тиловати орқали ҳамдардлик билдириш одатидир. Бундай қадриятни нотўғри изоҳловчи ваҳҳобийлик, акромийлик каби тажовузкор оқимлар халқимиз томонидан қаттиқ қораланади. Халқлар ва мамлакатлар орасидаги ўзаро ҳамдардлик башариятга хос муносабат бўлиб, халқаро муносабатларнинг мустаҳкамланишига, одамлар орасидаги ҳамдардлик эса меҳр-оқибатнинг кучайишига хизмат қилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

10:12 / 03.12.2024 0 25
Пул ва минора – улар “қариндаш”ми?

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 163
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6343
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4941
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4583
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4011
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3422
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2987
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2906
Туғилган кун

//