Бир куни...
Қобилият – инсоннинг маънавий қиёфасига хос хислатлардан бири, унинг индивидуал салоҳияти, имкониятларини ифодаловчи тушунча. Қобилият билимдан муайян даражада фарқланади. Чунончи, билим бу мутолаа натижаси ҳисобланса, қобилият шахснинг психологик ва физиологик табиатига хос хусусияти саналади. Қобилият тушунчасига ёндош ва турдош атамалар қаторига «кўникма» ҳамда «малака» ибораларини киритиш мумкин. Аксарият илмий манбаларда моҳирлик қобилият билан айнанлаштирилади. Қобилият инсон томонидан кўникма ва малакаларнинг эгалланиши жараёнида такомиллашиб боради.
Ҳар қандай қобилият тури шахсга тегишли мураккаб психологик хусусиятларга асосланиб, муайян фаолият талабларига мутаносиб хусусиятлар тизимини ўз ичига қамраб олади. Шунинг учун қобилият деганда бирорта хусусиятнинг ўзини эмас, балки шахс фаолиятининг талабларига жавоб бера оладиган ва бу жараёнда юқори кўрсаткичларга эришишни таъминлашга қурби етадиган хусусиятлар синтези тушунилади. Барча қобилият учун таянч хусусият – бу кузатувчанлик, яъни инсоннинг фаҳмлаш, объектдан муайян жиҳатларни кўра билиш, ажрата олиш кўникмасидир. Бу ҳолат инсон томонидан нарсаларнинг ўзига хослигини, ижодий фаолият маҳсули материалларини кўра билиш имконини намоён қилади. Қобилиятнинг етакчи хусусиятларидан яна бири – нарса ва ҳодисалар моҳиятини ижодий тасаввур қилишдир. Қобилият шахснинг шаклланиш ва ривожланиш натижаси бўлиши билан бирга, табиий манбага ҳам эга. Мазкур манба кўпинча «зеҳн» тушунчаси билан юритилади. Зеҳн муайян фаолиятга ёки кўплаб нарсаларга нисбатан ўта қизиқувчанлик, мойиллик ва интилишда намоён бўлади. Зеҳн нишоналари деганда қобилият ички имкониятларининг табиий асосини тушуниш керак. У иштиёқ, мойиллик, меҳнатсеварлик, ишчанлик, талабчанлик маҳсулидир. Қобилиятлар умумий ва махсус туркумларга ажратилади. Умумий қобилият деганда юксак ақлий имконият ва тараққиёт тушунилади. Қобилиятлар табиий равишда шаклланиши ва муайян режа асосида ривожлантирилиши мумкин. Қобилиятнинг режа асосида ривожланишида оз куч сарфлаган ҳолда катта самара олиш имконияти мавжуд.
Қобилият шаклланиши ва ривожланишининг қуйидаги йўлларини ажратиш мумкин: 1) маълум фаолиятга мойиллик ёки интилиш ва фаолият натижалари сифатига биноан, табиий зеҳн нишоналарини аниқлаш орқали; 2) мутахассис раҳбарлигида узлуксиз фаолиятга жалб этиш орқали шахснинг табиий хусусиятларини такомиллаштириш; 3) умуминтеллектуал вазифаларни бажариш; 4) ноёб қобилиятни такомиллаштиришнинг инновацион воситаларини қўллаш; 5) шахснинг фаоллик аломатларини имкон даражасида ривожлантириш; 6) инсон шахсига индивидуал муносабатни умумий талаблар билан уйғунликда олиб бориш ва бошқа Талант ва даҳолик (генийлик) қобилият босқичлари ҳисобланади. Муайян фаолиятнинг муваффақиятли ва ижодий равишда бажарилишини таъминлайдиган қобилиятлар (истеъдодлар) мажмуаси талант дейилади. Муайян жамият ва миллат ҳаётида ижтимоий-тарихий фаолиятда намоён бўлувчи юксак даражадаги истеъдод, ақл-заковат тараққиётининг чўққиси, нодир индивидуал хусусият даҳолик деб аталади.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ