Бир куни...
Қаноат (арабча мамнунлик; борига шукур қилиш; камсуқумлик) – озига ёки борига кўниш тамойилига асосланган маънавий туйғу, бори билан кифояланиш, нафси тийиқлик билан кўп нарсага, ортиқчаликка интилмаслик, қониқиш ҳисси. Қаноат бу – еб-ичиш ва кийинишда имкон ва зарурат даражасидан ортиғини талаб қилмасликдир. Қаноат борлик-йўқликка кўниш, фақирликни, камбағалликни ор деб билмаслик, оз нарса билан тирикчилик ўтказишни англатади. Қаноатли бўлиш учун кишида, аввало, сабр туйғуси мустаҳкам бўлиши керак. Айни пайтда сабр учун қаноат лозим. Шунинг учун ҳам бу икки тушунча тилимизда «сабр-қаноат» тарзида биргаликда ишлатилади. Ҳазрат Навоий қаноат хусусида шундай деган: «Кимки сабр-қаноатни ўзига касб қилган бўлса, билки, бу уни бой қилади. Олтин, кумуш билан, зебу зийнатларни бойлик деб билма, балки ҳақиқий бойлик сабр-қаноат олтинларидир. Қаноат олтини ҳеч қачон йўқолмайди. Ана шу олтинни қўлга киритиб, шу орқали бойишга ҳаракат қил. Кулбада қаноат қилиб ўтирган дарвеш таъмагир шоҳдан афзалдир. Қаноат қилганнинг жойи иззат тахтидадир». Демак, қаноат – осудалик, хотиржамлик туйғуси бўлиб, киши нафсини ҳар қандай таъмадан эҳтиёт қилишга ҳаракат қилади. Қаноатли киши сабрли, чидамли бўлиши билан бирга ҳасад, ҳирс, хорлик каби иллатлардан йироқ бўлади. Қаноат – бу кишининг маънавий бойлиги бўлиб, инсонни покликка чорлайди, муҳтожликдан узоқда бўлишини таъминлайди. Бундай кишиларни таъма тузоқларига тушириб бўлмайди. Қаноатли кишининг руҳи озод, эркин бўлади. Ҳар қандай муҳитда ҳам руҳи ҳурликда бўлиб, шикаст топмайди.
Мутафаккирлар қаноатни таъмага қарши қўядилар. Қаноатли одамнинг кўнгли, аввало, таъмадан покланган бўлади. Қаноатда чинакам фароғат, таъмада эса кони машаққат бор. Қаноатли кишининг бойлиги шундаки, у эл орасида нафси орқасидан хорлик кўрмайди. Демак, нафсига қаноат буюргани учун бу дунёда у ҳеч кимга муте бўлмайди. Қаноат йўли – иззат йўлидир. «Яримта нон – роҳати жон», «Оч қорним – тинч қулоғим», деган мақоллар ҳам бежиз тўқилмаган. Хуллас, иззат тилаган киши фақат қаноатдангина таъма қилиши керак. Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг бу ҳақдаги ҳадиси шарифларини Навоий ҳазратлари шундай зикр этган: «Иззат тиласанг, айла қаноат тамаъ, Маснади иззат узадур «манн қанаъ»». Алишер Навоийнинг «Маҳбуб ул-қулуб» асарида таърифланган инсоний фазилатлар қаторида қаноатнинг бадиий, фалсафий ва бошқа талқинларига дуч келамиз. Қаноат одамни маънан ва руҳан бойитади, уни элни хорликка маҳкум қиладиган эҳтиёжлардан қутқаради. Чунки: «Қаноат – суви олинган билан қуримас булоқ. Қаноат – сочган билан камаймайдиган хазина. Қаноат бир экин майдоники, унда иззат ва шафқат деган мевалар унади. Қаноат бир дарахтки, шохларида истиғно ва ҳурмат деган мевалар пишади. Қаноат киши кўнглига равшанлик етказади, кўз ундан ёруғлик касб этади. Қаноатли дарвишнинг қаттиқ нони таъмагир шоҳнинг ноз-неъмат тўла дастурхонидан яхшироқдир. Қаноатга одатланган фақирнинг ёвғон умочи олғир бойнинг новвоту ҳолвасидан тотлироғдир. Шоҳ удирки – олмайдию беради, гадо удирки – сочмайдию теради. Ҳар кимки қаноатга одатланган бўлса, шоҳлик-гадолик ташвишини билмайди… Қаноат бир қўрғонки, унга кирсанг, нафснинг ғалвасидан қутуласан».
Навоий талқинида қаноат барча инсоний фазилатларни муҳофаза этадиган, хорлик, муҳтожлик, қадрсизлик, ранжу азоблардан омон сақлайдиган чорадир: «Кимгаки иш бўлди қаноат фани, Билки они қилди қаноат ғани». Яъни, кишининг бойлиги қаноатни ўзига касб, одат қилиб олганлигидадир. Маърифатпарвар ватандошимиз А.Авлонийнинг қаноат ҳақидаги қарашлари ҳам бунга ҳамоҳанг: «Қаноат – ҳасад, таъма, ҳирс, хорлик каби иллатларнинг давоси, нафсимизнинг ғиносидур… Қаноат бир хазинадурки, нақдинаси кундан кун ортар. Бу хазинага эга бўлган кишилар умрларини шавқ ва роҳатда кечирурлар. Бунинг ила баробар қаноатсизликдан пайдо бўладурган ҳасад деган жоннинг энг зўр душманидан қутулурлар. Чин инсонлар кишининг молина, мулкина, саодатина, маишатина ҳасад қилмас, қаноатдан айрилмас, умрини роҳатда ўткарур». Хуллас, донишмандлар қаноатни эҳтиёжсизлик негизи, иззат ва шарафнинг чинакам тантанаси, деб билганлар. Демак, қаноат фалсафаси ҳурлик, қалб ва руҳ озодлиги фалсафаси ҳамдир.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ