Қадрият


Сақлаш
17:12 / 26.12.2023 0 1208

Қадрият – инсон ва жамият маънавиятининг таркибий қисми, оламдаги воқеалар, ҳодисалар, жараёнлар, ҳолатлар, сифатлар, талаб ва тартибларнинг қадрини ифодалаш учун ишлатиладиган тушунча; «Қадриятшунослик (аксиология)»нинг энг асосий категорияси. Бу категория ўзида қадр асосининг нафақат қимматини, балки ижтимоий аҳамияти, фалсафий-аксиологик мазмуни, жамият ва инсон учун қадрини ҳам ифодалайди. Аксиологлар ундан ҳар қандай нарса, шу жумладан, инсоннинг ижтимоий қадрини, аҳамиятини ифодалайдиган умумий ва универсал категория сифатида фойдаланадилар. Қадрият турли соҳаларда хилма-хил маънода қўлланади. Қадрият сўзининг турфа хил маънода ишлатилиши унга берилган таърифларнинг турлича бўлишига олиб келган. Ижтимоий фанларнинг қандай соҳасида қадриятга доир тадқиқот олиб борилган бўлса, бу тушунчага шу жиҳатдан таъриф беришга интилиш одат тусига айланган. Ҳолбуки, қадрият категорияси аксиология (қадриятшунослик)дан бошқа фанларнинг бирортаси учун ҳам хусусий категория эмас. Кундалик мулоқот, ОАВ хабарларида қадрият, миллий қадриятлар, умуминсоний қадриятлар каби сўзлар кўп қўлланади. Маданий бойликлар, ёдгорликлар, маънавий мерос, анъана, урф-одатларга нисбатан ҳам қадриятлар иборасини умумий атама сифатида ишлатиш ҳоллари учрамоқда. Қадрият иборасининг кундалик ҳаётдаги маъноси кишилар ўртасидаги мулоқотда, ОАВ хабарларида ўзига хос тарзда намоён бўлмоқда. Кишилар ҳаёт ва фаолияти жараёнида муқаррар суръатда ўзлари учун қадрият касб этган нарсаларга дуч келадилар, уларнинг аҳамияти, фойдаси ва қадрини англашга, баҳолашга интиладилар. Бундан ташқари, одамлар ўзлари ишониб, гоҳида интилиб, қизиқиб ёки орзу қилиб яшайдиган мақсад, орзу ёки идеалларга нисбатан ҳам қадрият тушунчаси қўлланилади. Хуллас, кундалик ҳаётда кўпчилик томонидан қўлланадиган қадрият ибораси одамлар учун бирор зарур аҳамият касб этадиган объект, нарса, ҳодиса ва бошқага нисбатан ҳам ишлатилади.

 

Қадриятни аксиология нуқтаи назаридан талқин қилиш унинг категория сифатидаги моҳияти, мазмуни, объектив асоси, субъектив жиҳатлари, намоён бўлиш шакллари ва хусусиятларини ўрганиш имконини беради. Табиат ва маданият буюмларининг инсон эҳтиёжини қондириши ва унинг мақсадларига хизмат қилиши таъкидланганда, асосан, уларнинг фойдаси, қиммати назарда тутилади. Ҳақиқатан ҳам, буюмларнинг иқтисодий қиммати кишилар учун катта аҳамият касб этади. Аммо буюмнинг қадри ҳисобга олинмаса, масаланинг маънавий жиҳати очилмайди. Қадрият буюм ёки нарсанинг иқтисодий қийматини ифодалайдиган тушунчалардан фарқ қилади. Қадриятшуносликда қадрият тушунчаси билан боғланган объект ўртасида фарқ бор, деб қаралади. Дунёда қадрланадиган одамлар, нарсалар, ҳодисалар, воқеалар, жараёнлар, жойлар ва сифатлар, идеал ва мақсадлар ниҳоятда кўп. Қадрият тушунчаси эса уларнинг бирортаси учун тўғридан-тўғри исм, атама ёки бевосита ном бўла олмайди, балки уларнинг қадрини англатадиган тушунча сифатида намоён бўлади. Қадриятни маънавий-фалсафий тушуниш унинг кундалик ҳаётидаги маъносидан фарқ қилади. Бу эса қадрият тушунчасини унинг ўзи боғлиқ бўлган объектдан фарқлаш (асло ажратиш эмас) билан бирга, уни объектларнинг турли жиҳатлари (фойдалилик, кераклилик) билан айнанлаштирмаслик имконини беради. Шундай қилиб, қадрият бирор тарзда ва шаклда зоҳир бўладиган, субъект учун муайян таъсирини намоён қиладиган воқеликнинг турли-туман шакллари, кўринишлари, нарсалар, ҳодисалар, жараёнлар, муносабатлар, турли сифатлар, хусусият, ахлоқ ва маънавийлик мезонлари ҳамда бошқанинг субъект учун ижтимоий аҳамияти ва қадрини ифодалайдиган умумий аксиологик категориядир. Одамлар гарчанд битта жамиятда, бир даврда ва ўхшаш шароитларда яшаётганликларига қарамасдан, у ёки бу нарсанинг қадри турлича англаб олинади, тушунилади ва талқин қилинади. Ижтимоий жараёнлар таъсирида кишиларнинг қадриятлар тўғрисидаги тасаввури, қарашлари ўзгаради, бу эса тараққиёт жараёнида одамларнинг турмуш шароитлари, ҳаёти ва маънавий қиёфасидаги ўзгаришлар билан боғлиқдир. Турли хил жиҳатлар ҳар қандай қадриятнинг қарама-қарши томонларини ташкил қилади. Ижобийлиги ва салбийлиги, баҳоланиши ва аҳамиятига кўра бир-бирига мутлақо зид кўринадиган «яхшилик» ва «ёмонлик», «ҳақиқат» ва «ҳақсизлик», «бахт-саодат» ва «ғам-кулфат», «тадрижийлик» ва «инқилобийлик», «тараққиёт» ва «таназзул», «борлиқ» ва «йўқлик» каби тушунчалар ҳаётнинг бир-бири билан қарама-қарши боғланган жиҳатларини ифодалайди.

 

Қадриятлар жамият ривожи ва кишилар ҳаётининг турли даврларида турлича аҳамият касб этади, тарихий заруратга мос равишда гоҳ у, гоҳ бу қадрият ижтимоий тараққиётнинг энг олдинги поғонасига чиқади, бошқалари хиралашгандек туюлади. Натижада ижтимоий ривожланиш ва тараққиёт қонуниятларига мос равишда, олдинга чиқиб олган қадриятни барқарорлаштиришга нисбатан интилиш кучаяди. Масалан, юртни ёв босганда – озодлик, империя ҳукмронлиги ниҳоясида – истиқлол, уруш даврида – тинчлик, тутқунликда – эркинлик, хасталик ва беморлик пайтларида – сиҳат-саломатликнинг қадри ортади, уларга интилиш кучаяди. Қадриятларнинг асосий шаклларини аниқлаш борасида олимлар орасида бир хил ва ҳамма эътироф этган ягона нуқтаи назар йўқ. Қадриятларни моддий ва маънавий, умумбашарий ва умуминсоний турларга бўлиш мумкин. Қадрият шакллари ҳам уларга мос равишда табиат ва жамиятдаги нарса, воқеа, ҳодиса, жараёнлар ўзаро уйғунликда, қонуний боғланишда, умумий алоқадорликда намоён бўлади. Бундай ҳоллардаги таҳлил жараёнида илмий билишнинг тизимлилик усули, алоҳидалик, хусусийлик ва умумийлик, бутун ва бўлак категорияларининг диалектикасига асосланиш қўл келади. Бунда қадрият шакллари боғланган объект, жараёнларнинг макон ҳамда замонда зоҳир бўлиши, улар ўртасидаги боғланишлар ва алоқаларни ўрганиш, объектив асоси, субъектив жиҳатдан англаниши, умумий, хусусий ва алоҳида жиҳатларини таҳлил қилиш имкони туғилади. Бу эса қадриятларнинг намоён бўлиш шакллари ўртасидаги ўзаро алоқа, боғланиш ҳамда уларнинг инъикоси бўлган энг умумий қадрият тизимларига хос хусусиятларни ўрганиш имконини беради. Мустақилликкача қадриятлар мавзуси кенг ўрганилмас эди. Истиқлол даврида бу масалага алоҳида эътибор қаратилмоқда, қадриятлар тўғрисидаги фан – қадриятшунослик республикамиздаги ижтимоий фанлар тизимида ўз ўрнига эга бўлиб, бу йўналишда тадқиқот ва изланишлар олиб борилмоқда, кўплаб асарлар нашр этилмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

18:12 / 04.12.2024 0 7
Бунинни жиддий рақиб деб бўладими?

Биласизми?

10:12 / 03.12.2024 0 29
Пул ва минора – улар “қариндаш”ми?

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 163
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6378
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4941
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4585
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4012
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3422
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2987
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2906
Туғилган кун

//