Бир куни...
Ўзликни англаш – инсоннинг ўзини алоҳида вужуд сифатида бутун борлиқдан ажрата билиши, баҳолаши ва қадрият сифатида англашини ифодаловчи тушунча. Ўзликни англаш шахснинг ўзини ҳақиқий инсон муайян моддий ва маънавий бойликларнинг эгаси ва улар учун масъул эканини, ягона тил, урф-одатлар, анъаналар, қадриятлар ва давлатга мансублигини, манфаатлар ҳамда эҳтиёжлар умумийлигини тушуниб етиши жараёнида шаклланади. Ўзликни англаш жамият олдида турган вазифаларни тўғри англаш, ижтимоий тажрибалардан фойдаланиш қонуниятларини билиш, Ватан, миллат олдидаги масъулият туйғуси ҳамдир. Ўзликни англаш мудом тарихий ривожланиб борадиган шакл ва кўринишларда, турли даражаларда намоён бўлади. Унинг биринчи шаклида инсон ҳис этиш орқали ўзини табиатдан, теварак-атрофдаги нарса ва ҳодисалардан ажрата билади. Ўзликни англашнинг иккинчи шакли янада юқори даражада намоён бўлиб, унда инсон ўзини бирор-бир жамоа, у ёки бу маданиятга тегишли эканлиги орқали англайди. Ва ниҳоят, учинчи, энг юқори даража – ўзини «мен» орқали бошқалар нуқтаи назаридан баҳолаши, эркинлигини ҳис этган ҳолда ҳар бир хатти-ҳаракатига бўлган масъулиятни ҳис этиши, ўзи қилаётган ишларининг тўғри-нотўғрилиги, ҳақ ёки нохақлигини назорат қила билишидир. Бунда инсоннинг дунёқараши, маънавияти ва маърифатлиги, унинг индивидуал тарзда шакллангани билан белгиланади. Ўзликни англашнинг шаклланиш жараёни ва омиллари Шарқ ҳамда Ғарб алломалари томонидан ҳар тарафлама ўрганилган. Шарқ алломаларидан Имом Бухорий, Имом Термизий, Форобий, Ибн Сино, Насафий, Навоий, Мирзо Бобур ва бошқалар ўзликни англашнинг руҳий, ботиний жиҳатларини, инсон маънавиятининг таркибий қисми, олам ва одам муносабатини билиш асоси экани каби масалаларга эътибор қаратганлар. Ғарб алломаларидан Суқрот, Ф.Бекон, Т.Гоббс, Р.Декарт, Ф.Ницше, З.Фрейд, Э.Эриксон, В.Гегель, И.Кант, Н.Бердяев ва бошқалпр ўзликни англашнинг зоҳирий жиҳатларини, уни ижтимоий борлиқ, макон ва замоннинг фаол ижодкорлиги омили сифатида ўрганганлар. «Индивидуал онг – ўзини англашдир», деб ёзади И.Кант. Тарихий зарурият остида «инсоннинг жамият ва бошқа кишилар билан муносабатлари жараёнида ўзини назорат этиш ва ўзини идора қилиш каби ҳаётий муҳим восита сифатида пайдо бўлган. Агар меҳнат ва жамият пайдо бўлмаганида кишида ўзликни англаш ҳам шаклланмас эди. Шундай экан, ўзликни англашсиз жамият ва ҳақиқий инсоний меҳнат ҳам муваффақиятли ривожланмас эди».
Кишидаги индивидуал онг, ўзликни англаш, ўзини назорат этиш, бошқариш тарихий ривожланиш жараёнида, меҳнат ва ижтимоий муносабатлар таъсирида шакллана борган. XVIII аср охири – XIX аср бошларида янги давр файласуфлари ва немис мумтоз файласуфлари томонидан ривожлантирилган ўзликни англаш тўғрисидаги қарашлар ҳам эътиборга моликдир. Жумладан, янги давр ижтимоий-сиёсий таълимотларида хусусан, Декарт қарашларида ўзликни англаш «cogito ergo sum» тушунчаси орқали ифодаланган. Декарт «Агар мен ҳар қандай нарса ва ҳодиса ҳақида фикр юритадиган бўлсам, мен ўзимни субъект сифатида мавжудлигимни ҳис қиламан», деган. Ўзликни англаш – бу фақат индивидуал ҳодиса ёки жараён бўлмай, балки жамоа ёки бирорбир халқнинг мақсадли фаолиятидан ҳам иборат. Шу нуқтаи назардан ҳам миллий ўзликни англашнинг этнопсихологик жиҳатларини тадқиқ қилиш шартдир. Масалан, уни шахс (миллат вакили) ва гуруҳ (этнос), миллат ва бошқа миллат, анъанавий онг ва замонавий менталитет, этнос ва суперэтнос онги, миллий ўзликнинг меҳнат фаолиятида, миллатлараро муносабатларда, турмуш тарзида намоён бўлиши каби йўналишларда очиб бериш мумкин. Гегель биринчи бўлиб руҳ билан ўзликни англаш масаласини уйғунликда қаради. «Билишнинг ҳақлиги ўзликни англашдадир, ўзликни англаш эса билишнинг асосидир, чунки бошқа предметни ҳар қандай билишнинг мавжудлиги ўзликни англашдадир. Мен биламанки, предмет меники (у менинг тасаввурим), шунинг учун уни билганимда ўзимни англайман». Гегель ўзини англашни: 1) ўзи-ўзи учун мавжуд, «ёлғиз ўзини англаш» ёки ўз нафсига берилган ўзини англаш; 2) ёлғиз ўзини англашнинг бошқа ўзини англашга ўтиши ёки якка ва умумийнинг бирлашиши; 3) бир-бирига яқинлашган ўзини англаш, яъни «умумий ўзини англаш» даражасига ўтишига ажратади. Кейин у ушбу босқичларнинг фалсафий-психологик моҳияти ва механизмлари ҳақида фикр юритади. Ўзликни англаш, вазиятни идрок этиш, юзага келган муаммога оқилона ёндашиш эмас, кимнингдир, гоҳо «доҳий»ларнинг даъвоси, шиори оммани ҳаракатга келтиради. Шунинг учун омма иррационалга, ҳиссиётларга тўла бақириққа, даъватга бўйсунади. Бугунги кунда ўзликни англаш ижтимоий сиёсий жараёнларда фаол иштирок этишни, бўлаётган воқеа-ҳодисаларни теран англаб етишни билдиради. Ўзлигини англаган шахс, айниқса, ёшларимиз ҳар қандай мафкуравий хуружларга берилмайди.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ