Бир куни...
Ўзбекистон маданияти – Ўзбекистондаги тарихий-маданий ёдгорликлар, урф-одатлар, маросим-байрамлар, маънавий қадриятлар, илм-фан, ахлоқ, санъат ва дин, моддий ва маънавий бойликлар. Ўзбекистон маданияти узоқ тарихга бориб тақалади. Ўзбекистон қадимий тамаддун ўчоқларидан бири бўлиб, унинг ҳудудида минглаб археология, маданият ва санъат ёдгорликлари мавжуд. Шу сабаб уни бир неча тарихий даврларга бўлиб ўрганиш мақсадга мувофиқдир:
Биринчи давр – эрамизгача II минг йиллик. Қуйи палеолит – илк тош асри (1 миллион – 150 минг йил аввал) ашел маданиятига оид тош қуролларни Фарғона водийси (Норин ва Бақирган сой атрофи)да топилиши бу масканда ибтидоий одамлар истиқомат қилганидан гувоҳлик беради. Сел Унгур ғорида бундан 400–700 минг йил илгари одамлар яшагани ҳақида маълумотлар бор. Ўрта палеолит – Мустье даври (150–130 минг йил аввал)даги Тешиктош (Сурхондарё)дан топилган жуда кўп тош қуроллар, турли ҳайвон суяклари, ҳамда неандертал боланинг скелети ғорда яшовчи одамларда ўзига хос содда маданият асослари вужудга кела бошлаганидан далолат беради. Ибтидоий тешиктошликлар оловдан самарали фойдалана олган. 9 ёшли неандертал бола дафн этилган қабрдан ҳар хил буюмлар ва тоғэчкиси шохининг топилиши ўша даврларда диний тасаввурлар пайдо бўлганини тасдиқлайди. Тешиктошликлар эътиқоди бўйича тош ва шох мурдани ҳимоя қилган. Омонқўтон ғори (Самарқанд), Обираҳмат ва Кўл булоқ (Тошкент), Қаллачи ва Сўх (Фарғона водийси), Учтут (Навоий)га оид топилмалар (150–130 минг йил олдин), одамлар тўда бўлиб яшаб овчилик билан ҳаёт кечиргани, ов қуролларидан фойдалана бошлангани, шу билан бирга овчилик ўйинлари (овга тайёргарлик кўриш машқлари) ҳам пайдо бўлгани ҳақида маълумотлар беради. Қоя ва ғор деворларида ибтидоий одамлар чизган тасвир-расмлардан маълум бўладики, бу даврдан бошлаб одамлар ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини тушунишга ҳаракат қилганлар, уларнинг онги, ҳаракатлари, маросимларида фетишизм – одам учун керакли нарсалар (масалан, ёғоч ва тош қуроллар)ни муқаддаслигига ишониш; анимизм – бу табиатдаги барча ҳодисалар, жисмлар, ҳайвонларнинг жони борлиги ва руҳга ишониш, уларнинг илоҳий кучига сиғиниш; тотемизм – ҳайвон ва ўсимликлар билан келиб чиқишимиз бир, деб уларни муқаддаслаштириш ва сиғиниш; магия (жодугарлик) – илоҳий куч ёрдамида атрофдаги барча нарса ва ҳодисалар, жонзотларга таъсир ғояси пайдо бўлган. Сўнгги полеолит (30–12 минг йил аввал) даврида Самарқанд макони, Красноводск (Туркманистон), Учтут устахонаси (Навоий), Оҳангарондан топилган ёдгорликлар (меҳнат қуроллари)да эса, санъат (бадиий безак) белгилари кўзга ташланади. Тадқиқотлар кўрсатишича, шу даврдан бошлаб аёллар уруғи ҳукмронлиги (матриархат) бошланган бўлиб, улар катта мавқега эга бўлган. Мансаб, насл (авлод) ва мулк она уруғи бўйича мерос бўлиб ўтган. Эркаклар аёлларга бўйсунган. Матриархат даврида аёллар турмушига хос маданият устувор бўлган. Шу билан бирга, ўша даврлардан бошлаб бола тарбиялаш, рўзғор юритиш, таом тайёрлаш каби вазифаларни бажаришда аёллар асосий ўрин тутган. Ов қилиш эркаклар вазифаси бўлса-да, овдан кейинги барча тадбирларда аёллар бош роль ўйнаган. Аёллар бошчилигида овчи-эркаклар иштирокида овга, ҳайвонларга бағишланган махсус маросимлар, томошалар уюштирилган. Мезолит даври (милоддан аввалги 10–6 минг йилликлар) Мачай ғори (Сурхондарё), Обишир (Фарғона водийси)га оид маданий топилмалар диққатга сазовордир. Бу даврда ов ва меҳнат қуроллари такомиллашиб, камон ва ёйдан самарали фойдаланилган, теримчилик, овчилик, балиқчилик билан шуғулланиш равнақ топди ва бу машғулотларга оид одатлар пайдо бўлди. Неолит – «янги тош» даври (милоддан аввалги 6–3 минг йилликлар)да Марказий Осиё халқлари ҳаёти ва маданиятида «неолитик инқилобий» ўзгаришлар содир бўлди. Қабилалар теримчилик, овчилик, балиқчилик каби ўзлаштирувчи хўжаликда банд бўлиши билан бир қаторда ишлаб чиқариш хўжалигига ҳам ўтди: ҳайвонлар хонакилаштирилди, содда деҳқончилик пайдо бўлди. Мазкур даврдаги Калтаминор маданияти алоҳида аҳамиятга эгадир. Узукўл, Тайлоқкўл (Фарғона водийси), Жонбасқалъа (Қорақалпоғистон), Тузкон (Бухоро) ва бошқа жойлардаги ёдгорликлар таҳлили шуни кўрсатадики, бу даврда икки дарё оралиғида одамларнинг турмуш тарзи анча тараққий этиб, ривож топди, тўқимачилик, кемачилик пайдо бўлди, содда деҳқончилик шаклланди, қабила уюшмалари вужудга келди. Жез даври (милоддан аввалги 3 минг йиллик – 1 минг йиллик боши) ёдгорликлари: Замонбобо (Бухоро), Сувёрган (Қорақалпоғистон), Чуст (Наманган), Амиробод (Хоразм), Сополлитепа (Сурхондарё) топилмалари бу даврга келиб Ўрта Осиё халқлари ҳаётида қатор ўзгаришлар бўлганидан, жумладан, одамларни турмуш тарзи ва маданияти равнақ топганидан гувоҳлик беради. Бу даврда чорвачилик ривожланади, ўтроқ деҳқончилик шаклланади, сунъий суғоришга асосланган ерлар ўзлаштирилади, буғдой, арпа, тариқ, сули кабилар экилади.
Иккинчи давр – эрамизгача I минг йилликнинг биринчи ярми. Милоддан аввалги VII–IV асрларда Ўрта Осиёда янги типдаги шаҳар маданияти шакллана бошлади. Жумладан, Сополлитепа, Жарқўтон (Сурхондарё); Анов, Намозгоҳ, Олтинтепа (Туркманистон); Хоразм, Мароканда, Кирошота каби жойларда қалъа – шаҳарларнинг вужудга келиши ўша даврга хос юксак маданият манзилгоҳларини вужудга келтирди. Қалъалар атрофининг ўралиши, шаҳарларда ўзига хос меъморчиликнинг бунёд этилиши, ҳунармандчиликнинг деҳқончиликдан ажралиб чиқиши, турли касб-ҳунарларнинг равнақ топиши, содда савдо-сотиқнинг тараққий этиши, бозор атрофида турли маданий-маиший масканлар, томошагоҳларнинг пайдо бўлиши, аҳолининг уй-рўзғор, кийинишга алоҳида эътибор бериши – буларнинг ҳаммаси шаҳар маданиятининг камол топишига жиддий замин яратди. Милоддан аввалги II асрда Ўрта Осиёдан йирик карвон йўллари ўта бошлайди, кейинчалик у «Буюк Ипак йўли» деб ном олди. Бунинг натижасида дашт-чўл йўлларида сарбадорлар, шаҳарларда мусофирхона (меҳмонхона), карвонсаройлар қад кўтара бошлайди. Марказий Осиё халқларида қадимдан мавжуд бўлган турли диний қарашлар (тотемистик, политеистик, жодугарлик кабилар) замирида зардуштийлик дини кенг тарқалди. Бу диннинг муқаддас китоби «Авесто» ўша даврнинг муҳим манбасига айланди. Олд Осиёда пайдо бўлган Оромий ёзуви таъсирида Хоразм, Сўғд ва Бақтрий ёзувлари пайдо бўлди. Халқ ижоди (бахшичилик, достончилик, эртакхонлик), амалий ижод турлари, халқ ўйинлари, санъат турлари (томоша, рақс, мусиқа), мавсумий маросим-байрамлар кенг ривож топди. Марказий Осиё тарихидаги сиёсий-иқтисодий ўзгаришлар, бу ҳудуддаги маданий тараққиётга ҳам жиддий таъсир қилди. Милоддан аввалги IV–III асрлар давомида Ўрта Осиё ерларининг кўпчилик қисмида эронлик Аҳамонийлар сулоласи ҳукмронлик қилган. Бу қадимги эрон маданиятининг маҳаллий маданиятга таъсирини кучайтирди. Бу даврдан бошлаб Ўрта Осиёда қадимий эрон тили, одатлари, эътиқодлари кенг тарқалди.
Учинчи давр – эрамизгача IV аср охири – эрамизнинг IV асри Милоддан аввалги 329–327 йилларда Ўрта Осиё жанубий-ғарбий қисмини Александр Македонский босиб олди ва юнон-македон ҳукмдорлиги 150 йил давом этди. Юнон-македонлар ҳам Ўрта Осиё маданиятига ўз таъсирини ўтказди. Жумладан, бу ҳудудда ҳам юнон архитектураси, ҳайкалтарошлик санъати, театр томошалари пайдо бўлди. Бу таъсирни Ўрта Осиё жанубида пайдо бўлган Юнон-Бақтрия давлатида яққол сезса бўлади. Натижада, жанубда юнон ва бақтрия маданиятлари уйғунлашди. Милодий аср бошланиши арафасида Кушон подшолиги (I–IV асрлар) вужудга келади ва у борган сари кенгайиб (Ўрта Осиё, Афғонистон, Шимолий Ҳиндистонни ўз ичига олиб), ўша даврда дунёдаги 3та йирик империялар қаторига қўшилади. Кушон даври маданияти инсоният тарихида ўзининг муносиб ўрнига эга. Меъморчилик, ҳайкалтарошлик, деворий ранг-тасвир, темир, тош, суякдан юксак бадиий савиядаги асарларни яратиш Кушон маданиятининг таркибий қисмига айланди. V–VI асрларда туркий жанговор кўчманчи қабилалар бирлашмаси асосида вужудга келган Эфталитлар давлатида деҳқончилик ва ҳунар мандчилик маданиятига алоҳида эътибор берилган, улкан меъморчилик иншоотлари бунёд қилинган, рангли шишадан турли идиш ва санъат асарлари яратилган, танга пул зарб этиш юқори даражага кўтарилган.
Тўртинчи давр – VII–VIII асрлар. Бу асрларда араблар Ўрта Осиёни босиб олгандан сўнг бу ерга исломий маданият – араб ёзуви, ислом дини, одатлари ва байрамлари олиб келинди. Маданий обидалар (масжид, мадраса, мақбара, намозгоҳ кабилар) қурилди ва уларда маънавий-маърифий фаолиятлар олиб бориш тажрибаси ва усуллари йўлга қўйилди. Исломгача мавжуд бўлган маданият ёдгорликлари, оташпарастлик ва бошқа динлар билан боғлиқ ақидаларга қарши кураш олиб борилди. Маданият араблар келгунга қадар юқори даражада ривожланган бўлса-да, бироқ, бу улкан ҳудуд аҳолисини бирлаштирадиган ягона ҳокимият ва ягона мафкура етишмас эди. Ислом Марказий Осиё халқларини маънавий бирлаштириб, бу ҳудудда янги дунёвий маданият равнақ топишига асос солди.
Бешинчи давр – IХ-ХII асрлар. Бу даврда Мовароуннаҳр (икки дарё оралиғи)да илму фан тараққий этди, жаҳонга машҳур тасаввуф илми вужудга келди. Яссавия, Нақшбандия, Кубровия, Бектошия, Увайсия, Қадария, Равшания каби тариқатлар кенг тарқалди. IХ–ХII асрлар мобайнида маънавий маданият гуллаб-яшнади. Фалсафа, риёзиёт (математика), фалакиёт (астрономия), жуғрофия (география), тиббиёт (медицина) каби фанлар равнақ топди. Юртимизда дунёвий кашфиётлар (алгебра – ал-жабр асослари, ернинг шарсимонлиги, тиббиёт қонунлари кабилар) яратилди. Буюк математик, астроном ва географ, алгебра илмининг отаси – Муҳаммад ал-Хоразмий, «Шайх ур-раис», «Донишмандлар султони», «Табиблар шоҳи» каби буюк ва мўътабар номларга сазовор Абу Али ибн Сино, қомусий билимлар соҳиби, умумжаҳон фани ва маданиятига бебаҳо ҳисса қўшган Абу Райҳон Беруний, иккинчи Арасту номи билан машҳур, жаҳон фалсафа, мусиқа ва математика илмлари пойдеворини тиклаган Форобий, Навоий таъбири билан айтганда, кўзи олдида осмон паст бўлган Мирзо Улуғбек, ислом маданияти ва фани иқлимида жуда катта ўрин тутган Имом Бухорий, Аҳмад Яссавий, туркий адабиёт султони ҳазрат Алишер Навоий, ҳам қалам, ҳам жанг майдонида кўрсатган жасорати билан машҳур Бобур Мирзо шу тупроқ фарзандларидир.
Олтинчи давр – ХIV–ХVI аср боши. ХIV–ХVI асрлар – Темурийлар даврида Марказий Осиёда юксак дунёвий маданият вужудга келди. Темур ёрдами билан «Карвон йўллари»нинг тикланиши ҳамда Самарқандда оламга машҳур олиму фузалолар, ёзувчи, шоирлар, меъмору ҳунармандлар тўпланиши натижасида юртимиз жаҳон маданий марказларидан бирига айланди. Темур даврида меъморчилик, наққошлик, заргарлик, ўймакорлик, кулолчилик, ойнасозлик, хаттотлик, адабиёт ҳамда илму фан ривож топди. Самарқанд ва унинг атрофида жаҳонга машҳур боғлар вужудга келди. Кутубхона, расадхона, мадраса ва мақбаралар қурилди. Улуғбек яратган «Юлдузлар харитаси» жаҳон фалакиёт илмига қўшилган муносиб ҳисса бўлди, Улуғбек обсерваторияси эса дунёдаги энг илғор илмий иншоотларнинг бирига айланди. Улуғ мутафаккир–шоир А.Навоийнинг ижоди ва фаолияти ўзбек адабий тилининг шаклланишида муҳим ўрин тутди.
Еттинчи давр – ХVII–ХIХ аср боши. Хонликлар даврида санъат, адабиёт ва илм-фан жадал ривожланди. Ҳар бир хонлик маданияти ўзига хос кўриниш ва шаклларда ривожланди. Қўқон хонлигида кенг адабий муҳитнинг яратилгани кўплаб жаҳонга машҳур шоир ва шоираларнинг етишиб чиқишига замин яратди. Бу даврда ўзбек театр санъатининг асосий турлари: масхарабозлик, қизиқчилик, қўғирчоқ бозлик ва дорбозлик камол топди. Рақс санъати соҳасида Фарғона, Хоразм ва Бухоронинг ўзига хос услублари яратилди. Айниқса, Фарғонада «Катта ўйин», «Ўт ўйин», Бухоро ва Самарқандда «Чавки» кабилар халқ орасида кенг шуҳрат қозонган. Ўзбек мусиқа санъатининг маиший, маросим ва тарихга оид турлари кенг тарқалди. Муайян вақтда ижро этиладиган тўй («ёр-ёр»), меҳнат («майда», «ёзи»), мотам («йиғи», «садр») қўшиқлари ҳамда исталган вақтда куйланадиган терма, қўшиқ, лапар, алла, ашула, ялла кабилар халқ орасида машҳур бўлган. Хоразм, Бухоро, Фарғона, Тошкент мақомлари юқори мумтоз санъат турига айланди. Халқ чолғу асбоблари ичида ғижжак, сато, қўбиз, дўмбира, дутор, танбур, рубоб, ганч, сибизға, гажир, най, қўшнай, сурнай, карнай, доира, ноғора, сароил кабилар ижрочилик мусиқа санъатининг равнақ топишида асосий ўрин тутди.
Саккизинчи давр – XIX аср охири ва XX аср бошлари. Бу даврда Россия томонидан Ўрта Осиёнинг босиб олиниши ўзбек маданиятига жиддий таъсир кўрсатди. Истилочилар ўз маданиятини жорий этишга интилдилар. Бироқ, бу ҳодисага нисбатан маҳаллий зиёлилар орасида турли қарашлар, сиёсий-маданий оқимлар пайдо бўлди. Дин арбоблари соф ислом анъаналари ва қадриятларини бошқа маданият таъсиридан сақлашга ва Европа маданиятига қарши курашга интилдилар. Маҳаллий зиёлилар орасида пайдо бўлган жадидчилик ҳаракати намояндалари маданият ва маърифат усулларини янгилаш ва бойитишга ҳаракат қилдилар. Рус истилочилари ичидан чиққан нигилистик қарашга эга вакиллар «пролеткульт» оқимини вужудга келтирди. Пролеткультчилар миллий маданиятни таг-томири билан қўпориб, мутлақо янги маданият барпо этиш ғоясини илгари сурдилар. XIX аср охири XX асрнинг биринчи ярмида Ўзбекистон маданиятига қатор янгиликлар кириб келди. Европага хос клуб, музей, театр, цирк, опера, балет, хор, оркестр, эстрада каби шакллар маҳаллий маданий ҳаётда ўз ўрнини топа бошлади. Жойларда кўп жанрли ҳаваскорлик ижоди тараққий этди. Маданият ва санъатни тарғиб қилишда ОАВ – радио, матбуот, ТВ муҳим ўрин эгаллай бошлади. Шўро ҳокимияти даврида муайян ишлар амалга оширилган бўлса-да, бироқ миллий онг, халқ анъаналари, маънавий қадриятларга қарши норасмий кураш олиб борилди. Натижада, ўзбек халқ анъанавий маданияти ўз «томирлари»дан керакли куч ололмай, яхши тараққий эта олмади.
Тўққизинчи давр – 1991 йилдан то бугунги кунгача. Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритгандан сўнг аждодларимиз томонидан минг йилликлар ичида яратилган бебаҳо мерос – халқ анъанавий маданиятини тиклаш, сақлаш ва тараққий эттириш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Мустақилликнинг илк йилларидаёқ Ўзбекистон БМТга (1992 й.), ЮНЕСКОга (1993 й.) аъзо бўлди. Бугунги кунда юртимиздаги 4000дан ортиқ маданий қадриятлар ЮНЕСКО рўйхатига олинган. ЮНЕСКО қарорига мувофиқ, Бухоро ва Хива шаҳарларининг 2500 йиллиги, Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллиги, Қарши шаҳрининг 2700 йиллиги, Марғилоннинг 2000 йиллиги кенг нишонланди. Тошкент шаҳрининг 2200 йиллигини тантанали нишонлашга қарор қилинди. Миллий байрамлар, урф-одатлар ва диний қадриятлар қайта тикланмоқда, заминимиз дан етишиб чиққан буюк тарихий шахслар ва мутафаккирларнинг мерослари ўрганилиб, номлари эъзозланмоқда. Аҳмад Фарғоний, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбанд, Амир Темур, Улуғбек, Навоий каби мутафаккирларнинг юбилейлари ўтказилди. Янги маънавий-ғоявий йўналишлар шаклланди. Бу ижодий изланишлар доирасини кенгайтириб, бадиий тафаккур ривожининг янада жадаллашишига олиб келмоқда. Тарихий-маданий, маънавий, ахлоқий қадриятларнинг кенг қатламларини қайта идрок этиш ғоялари, янгиланиш тамойиллари меъморлик, тасвирий ва амалий безак соҳаларида, мусиқа ва томоша санъатларида, бадиий ва ҳужжатли кино, ТВ тизимида яққол намоён бўлмоқда.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
1 Изоҳ
Усман
14:03 / 16.03.2024
МУАЛИФИ ҚАНИ БУ МАҚОЛАНИ