Адиблар иттифоқининг Ёзувчилар уюшмасидаги жосуси


Сақлаш
12:12 / 13.12.2021 0 696

Сахий қашшоқ

 

Рауф Парфининг ҳаёт тарзидаги дарвешлик талабалик йилларидаёқ намоён бўла бошлаган эди. Шундай бир манзара хотирамга муҳрланиб қолган. Ётоқхонада турганимизда ҳар куни юқори курсда ўқийдиган, ҳамиша бир хил – қоп-қора кўйлак кийиб юрадиган бир йигит хонама-хона юриб, сигарет сўрар, “Йўқ” десак сира хафа бўлмас, назокат билан узр сўраб, яна бошқа хона эшикларини тақиллатар эди. Атоқли адиб Асқад Мухторнинг оқ йўли билан “Шарқ юлдузи” журналида шеърлари сурати билан босилганда ўша йигитнинг Рауф Парфи деган истеъдодли шоир эканини кейинроқ билганмиз.

Кунлардан бир кун талабаликда ночор кун кечираётган Рауф Парфига қариндош-уруғлари янги костюм-шим совға қилишади. Ётоқхонада ҳамма уни янги сарупо билан табриклайди. Шунда Рауф аканинг ўртоғи Айдар Усмонов (кейинчалик қримтатар адиби бўлиб етишган адиб) костюм-шимни бир кийиб кўрсам майлими, деб сўрайди.

– Марҳамат, кийинг! – дейди шоир чин юракдан.

Ҳайдар ака янги кийимни кийиб кўриб, сўрайди:

– Қалай, лойиқми?

– Лоппа-лойиқ! Ярашди сизга! Мендан сизга совға! – дейди Рауф ака.

Аввалига ҳамма бу гапни ҳазил деб ўйлайди. Аммо шоир ҳазиллашмаётганди. Яп-янги костюм-шимни қайта ечтирмай, ўша дўстига совға қилиб юборади.

 

Паст кетма

 

Шўролар даврининг жамики шон-шуҳрати ва мукофотларига сазовор бўлган, нафақат Ўзбекистонда, балки собиқ иттифоқда ҳам донг таратган колхоз раиси Ҳамроқул Турсунқулов шоир Рауф Парфининг поччаси (холаси­нинг эри) эди. Дорилфунун талабаси бўлган шоир бир куни донгдор қариндошига ҳадди сиғиб, шундай илтимос қилади:

– Почча, менга битта машинка олиб беринг, жуда қийналиб кетдим. Бизга бу нарса жуда зарур-да...

– Ҳмм... майли, ўйлашиб кўрармиз, – кутилмаган илтимосдан энсаси қотган раис шоп мўйловини асабий бураб қўяди. Оқшомда раис хотинига иддао қилади.

– Бу дейман... Турсунбойингни (шоирнинг асл исми) иштаҳаси карнай-ку! Ҳозирдан машина мингиси кеп қопти!

Ёлғиз қолишганда хола шоирни исканжага олади:

– Ҳеч эсинг кирмади-кирмади-да, Турсунбой! Уялмай-нетмай, поччангдан машина сўрадингми?

– Э, унақа – минадиган машина эмас, ёзув машинкаси сўровдим.

– Ахир поччанг ўзи айтди-ку!

– Демак, тушунмабди-да! Хўш, нима қилай, бош­қатдан...

– Э қўявер, энди паст кетма, ўша обрўйингда туравер! – дейди хола.

 

Қалтис ҳазил

 

Раҳматли Мақсуд Шайхзода қазо қилган куннинг эртаси шоир Ихтиёр Ризони кўрган дўстлари ундан сўрашади:

– Кеча Шайх аканинг дафн маросимида кўринмадинг?

– Кеча мен Рауф Парфининг дафн маросимига кетган эдим! – дадил жавоб беради Ихтиёр ака.

– Ие, Рауф... бандачилик қилдими?

– Ҳа энди... умри қисқа экан дўстимизни, Оллоҳ раҳмат қилсин.

Рауф Парфининг дўстлари бу совуқ хабарни эшитгач, Машраб Бобоев раҳбарлигида йиғилишиб, битта кичик автобусда Янгийўлнинг Шўралисой қишлоғига таъзияга жўнашади. Манзилга етгач, шоирнинг уйи олдида ҳеч ким йўқлигидан андак ажабланишади. Ичкаридан чиқиб келган кекса онахон “Ўғлимни йўқлаб келибсизлар-да”, дея суюниб, алқаганда йигитлар ҳангу манг бўлиб қолишади. Маълум бўлишича, шоир ўлмаган, дорилфунунни битиргач, шаҳардан иш тополмай, далада мол боқиб юрган экан.

Меҳмонлар Машраб ака бошчилигида шоирнинг «қайта тирилгани» ни яхшилаб “ювишади”... 

 

“Жосус”

 

Мустақилликдан илгари, Ёзувчилар уюшмасининг навбатдаги қурултойидан кейин маълум муддат иккига бўлиниб кетган уюшма аъзоларининг аксарияти ўртасида олдинги самимий муносабатлар яна давом этаверади.

Ўзларига “Адиблар Иттифоқи” деб ном қўйган янги ташкилотнинг айрим фаоллари ҳар қандай гуруҳбозликлардан юқори турувчи, беозор шоир Рауф Парфини қистовга оладилар:

– Рауф ака! Нега сиз шу маҳалгача биз томонга ўтмадингиз?

– Мен сизлар томондаман, дўстларим!

– Ишонмаймиз, ёзма равишда ариза бериб ўтмадингиз-ку!

– Шунақа расмиятчилик... шартмикин?

– Шарт! Ёзинг аризани!

Рауф ака исканжадан осонликча қутулолмаслигига кўзи етгач, ахийри шундай дейди:

– Биласизларми, мен ҳозирча ўша – Ёзувчилар уюшмасининг ичида бўлиб турганим тузук.

– Нега энди?

– Мен Адиблар иттифоқининг Ёзувчилар уюшмасидаги жосусиман!..

 

Шеърни қандай ёзиш керак

 

Бир анжуманда ёш шоир шеър ўқиётиб, ногоҳ шеърининг давомини эслолмай, тутилиб қолади. Шоша-пиша дафтарини варақлай бошлайди. Ниҳоят, ўша шеърни топади ҳам, аммо негадир ўз ёзувига “тиши ўтмай”, пешонаси тиришади. Шўрлик терлаб кетади, тингловчиларга хижолатомуз қараб қўйгач, ўзича бир нималар дея изоҳ бермоқчи бўлади. Шунда Рауф Парфи шоирга танбеҳ бериб, шундай дейди:

– Шеърни қўл билан ёзиш керак-да, шоир!

 

Зиёфатгача нима иш қилади?

 

Бир замонлар маҳалладош, ҳамкасб шоир, ёзувчилар билан аҳён-аҳён гап-гаштакка тўпланиб турардик. Машҳур хонанда Дадахон Ҳасанов – жўрабошимиз эди. Кунлардан бир кун зиёфатимиз охирлай бошлаганда жўрабоши навбатдаги “гап” қачон, кимникида бўлишини эълон қилди. Ёнидаги ҳамсуҳбати билан гурунгга андармон бўлиб қолган Рауф Парфи муҳим маълумотни тўлиқ эшитолмай қолгани учун эски дўстидан қайта сўрайди:

– Соат нечада йиғилишамиз дединг?

– Соат олтида!

– Вой бў-ўй, намунча кеч! – дейди Рауф ака ҳафсаласи пир бўлиб. – Ахир унгача нима иш қиламиз?

 

Шодмон ОТАБЕК

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Қомус

12:03 / 14.03.2024 0 90
Ҳушёрлик

Қомус

11:03 / 14.03.2024 0 96
Ҳурфикрлик

Қомус

11:03 / 14.03.2024 0 86
Ҳурмат



Кўп ўқилган

Барчаси

Қатра

20:01 / 09.01.2022 7 3612
Бир қоп ун

Қатра

15:08 / 18.08.2022 15 3516
Илк ватан

Қатра

12:08 / 21.08.2022 6 3070
Тинчлик

Қатра

20:01 / 17.01.2022 2 2823
Ўқиш пули

Бир куни...

22:12 / 08.12.2021 3 2435
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

22:12 / 27.12.2021 1 2282
Туғилган кун

Қатра

16:01 / 01.01.2022 0 2130
Қўнғироқ