Ўзбек тили


Сақлаш
16:12 / 21.12.2023 0 593

Ўзбек тили – туркий тилларнинг қарлуқ гуруҳига мансуб тиллардан; янги уйғур тили билан биргаликда қарлуқ-хоразм гуруҳчасини ташкил этади. Ўзбекистон Республикасининг давлат тили. 1989 йил 21 октябрдаги «Давлат тили ҳақида»ги Қонунга мувофиқ ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган. Ўзбек тили асосан, Ўзбекистонда, шунингдек, Афғонистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон, РФ, Туркия, Саудия Арабистони, Хитой, АҚШ, Германия ва бошқа мамлакатларда тарқалган. Ўзбек тилида сўзлашувчиларнинг умумий сони 26 млн. кишидан ортиқ (Ўзбекистоннинг ўзида 20 млн.дан, Тожикистонда 1,2 млн.дан зиёдроқ, Афғонистонда эса, турли манбаларга кўра, 2,3 млн.дан 4 млн.гача, Қирғизистон ва Саудия Арабистонида 550–600 мингдан ортиқ, Қозоғистон ва Туркманистонда 320–330 мингдан ортиқ) кишини ташкил этади (2000 й.).

 

Ўзбек тили қипчоқ, ўғуз, қарлуқ-чигил-уйғур каби 3 та тил бирлиги сифатида шаклланиб, мураккаб диалектал таркиби билан ажралиб туради. Унда 3 та асосий лаҳжа бор, булар: 1) қарлуқ-чигилуйғур лаҳжаси; 2) қипчоқ лаҳжаси; 3) ўғуз лаҳжаси. Бу лаҳжалар таркибидаги кўплаб шевалар фонетик, лексик ва қисман морфологик жиҳатдан ўзаро фарқланса-да, уларнинг барчаси ҳам миллий ўзбек тилининг, адабий ўзбек тилининг шаклланишида муайян даражада иштирок этган. Ўзбек тилининг лаҳжалари орасида, одатда, қарлуқ-чигил лаҳжаси ҳамда унинг таркибига кирувчи шевалар (Тошкент, Андижон, Фарғона, Наманган, Қўқон, Жиззах, Самарқанд, Каттақўрғон, Бухоро, Қарши, Ўш, Марғилон, Жалолобод ва бошқа шаҳарларнинг шевалари) ўзбек адабий тилининг таянч шевалари ҳисобланади.

 

Ўзбек адабий тилининг меъёрларини белгилашда Тошкент шеваси фонетик жиҳатдан, Фарғона, Андижон шевалари эса морфологик жиҳатдан таянч шевалар деб олинган. Туркий халқлар учун муштарак обида ҳисобланган Ўрхун-Енисей тош битиклари, Ўрта Осиё туркий халқларининг умумий адабий тили намуналари бўлган «Девону луғотит турк», «Қутадғу билиг» каби ўлмас асарлар ўзбек халқининг дастлабки ёзма ёдгорликлари ҳисобланади. Эски ўзбек адабий тилининг шаклланиши XIV аср охирлари ва XV асрга тўғри келади. Бу давр адабий тилининг шаклланиши ва ривожланишида буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоийнинг ҳиссаси беқиёсдир. Ўзбек адабий тили Лутфий, Саккокий, Навоий, Бобур ижоди билан бошланиб, Огаҳий, Фурқат, Муқимийлар ижодида ривожланди, сайқал топди. Шўро даврида олиб борилган нотўғри тил сиёсати ва турли тазйиқлар оқибатида ўзбек тилининг турли соҳалардаги вазифалари ниҳоятда чекланиб қолган эди. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгандан кейин, айниқса, Ўзбекистон мустақилликка эришгач, ўзбек тили шаклланишининг янги даври бошланди: Ўзбек тили хўжалик ҳаётининг барча соҳаларида тўлиқ амал қиладиган полифункционал тил сифатида ривожланмоқда. Ўзбекларнинг аждодлари, барча туркий халқлар қатори, V–X асрларда Ўрхун-Енисей ёзувидан ва бошқа қадимий ёзувлардан фойдаланганлар. XI асрдан 1929 йилгача араб графикаси асосидаги, 1929–40 йилларда лотин графикаси асосидаги ёзувдан фойдаланилган. 1940 йилдан рус графикаси асосидаги ёзув жорий этилган. 1993 йил 2 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида» Қонун қабул қилди. Ушбу қонун 1995 йил 6 майда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тегишли ўзгартишлар билан қайта қабул қилинди ва «Давлат тили ҳақида»ги Қонун билан бир қаторда, унинг давоми сифатида босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккурнинг ифодаси, авлодлар ўртасидаги руҳий-маънавий боғлиқлик тил орқали намоён бўлади. Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Она тили – бу миллатнинг руҳидир.

 

Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг сўзлари билан айтганда, «Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур»... мустақиллик арафасида ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш масаласида ниҳоятда қизғин, баъзида кескин ва муросасиз баҳс ва тортишувлар бўлиб ўтган эди. Ниҳоят, 1989 йилнинг 19 октябрь куни бу ўта муҳим масала Олий Кенгаш сессияси муҳокамасига қўйилди. Ва қарийб бир ярим асрлик қарамликдан сўнг мамлакатимизда ўзбек тили давлат тили деб эълон қилинди. Халқимизнинг муқаддас қадриятларидан бири бўлмиш она тилимиз ўзининг қонуний мақоми ва ҳимоясига эга бўлди. Бу Ватанимиз тарихида том маънодаги буюк воқеа эди.

 

Қабул қилинган қонунда давлат тили билан бирга юртимиздаги барча миллат ва элатларнинг тилларини ривожлантириш, давлат йўли билан ҳимоя қилиш, тили, дини ва миллатидан қатъи назар, ҳар бир фуқаронинг ўз она тилида таълим, ахборот, керакли маълумот олиш каби хуқуқларини кафолатлаш масалалари аниқ белгилаб қўйилган эди. Бу қонун ўша пайтда бошқа республикаларда қабул қилинган тилга оид ҳужжатлардан ўзининг демократик моҳияти билан ажралиб туради. Жумладан, мазкур қонун давлат идораларида ишлаш, таълим олиш, мансаб лавозимлари бўйича кўтарилиш, фуқаролик сингари масалаларда одамларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини камситадиган турли шартлар ва «ценз»лардан холи экани билан жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилган талаб ва қоидаларга тўлиқ жавоб берар эди. Шунинг учун ҳам у кўпмиллатли халқимиз томонидан ижобий кутиб олингани бежиз эмас.

 

1992 йил 7 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан аниқ белгиланиб, мустаҳкамлаб қўйилди. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси, Конституцияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас тимсолларидан бирига айланди. Ўтган давр мобайнида давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва таъсирини кучайтириш, уни том маънодаги миллий қадриятга айлантириш йўлида илгари тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган улкан ишлар амалга оширилди. Истиқлол йилларида ўзбек тилининг қўлланиш доираси амалда ниҳоятда кенгайгани, уни илмий асосда ривожлантиришга қаратилган тадқиқотлар, тилимизнинг ўзига хос хусусиятларига бағишланган илмий ва оммабоп китоблар, ўқув қўлланмалари, янги-янги луғатлар кўплаб чоп этилаётгани жамият тафаккурини юксалтиришга ўз ҳиссасини қўшмоқда.

 

Айниқса, давлат тилининг халқаро миқёсда ҳам фаол мулоқот воситасига айланиб бораётгани эътиборлидир. Хусусан, хорижий мамлакатлар раҳбарлари билан бўладиган учрашув ва суҳбатлар, музокаралар, тегишли ҳужжатларни имзолаш маросимларида, нуфузли саммитларда, расмий матбуот анжуманларида ўзбек тилининг ўрни ва аҳамияти ортиб бораётгани ҳаммамизга ғурур-ифтихор бағишлайди. Шу борада ўзбек тилининг компьютер ва Интернет, аниқ фанлар, тиббиёт, иқтисодиёт каби махсус термин ва тушунчаларни талаб қиладиган соҳаларда ҳам кенг қўллана бошлагани унинг имкониятлари нечоғлиқ катта эканини кўрсатади. Ҳолбуки, бундан йигирма йил олдин оддийгина ариза ёки маълумотномани ҳам ўзбек тилида ёзишнинг имкони йўқ эди. Бугун бу ҳақда гапирсангиз, кўпчилик ёшларнинг ишониши қийин. Чунки ҳозирги пайтда олий ҳокимият идораларидан тортиб маҳаллий бошқарув идораларигача иш юритиш она тилимизда амалга оширилмоқда.

 

Биз аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган бебаҳо бойликнинг ворислари сифатида она тилимизни асраб-авайлашимиз, уни бойитиш, нуфузини янада ошириш устида доимий ишлашимиз зарур. Айниқса, фундаментал фанлар, замонавий коммуникация ва ахборот технологиялари, банк-молия тизими каби ўта муҳим соҳаларда она тилимизнинг қўлланиш доирасини кенгайтириш, этимологик ва қиёсий луғатлар нашр этиш, зарур атама ва иборалар, тушунча ва категорияларни ишлаб чиқиш, бир сўз билан айтганда, ўзбек тилини илмий асосда ҳар томонлама ривожлантириш миллий ўзликни, Ватан туйғусини англашдек эзгу мақсадларга хизмат қилиши шубҳасиз».

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

18:12 / 04.12.2024 0 7
Бунинни жиддий рақиб деб бўладими?

Биласизми?

10:12 / 03.12.2024 0 29
Пул ва минора – улар “қариндаш”ми?

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 163
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6378
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4941
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4585
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4012
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3422
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2987
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2906
Туғилган кун

//