Яхшилик


Сақлаш
17:12 / 20.12.2023 0 331

Яхшилик – асосий маънавий-ахлоқий тушунча бўлиб, эзгуликнинг синоними тарзида қўллансада, моҳиятан, бир-биридан фарқ қилади. Хусусан, эзгулик чексизликда, яхшилик эса муайян чегара доирасида намоён бўлади. Эзгулик ижтимоийлик хусусиятига эга бўлса, яхшилик, асосан, шахснинг одоби, хулқига боғлиқ бўлган ижобий ҳодиса; унда мардлик, очиқкўнгиллилик, ҳалоллик сингари ахлоқий меъёрлар тажассум топади. Бироқ унга асос бўлган амалий хатти-ҳаракатлар қаҳрамонлик, жасорат, ватанпарварлик каби ахлоқий тамойиллар даражасига кўтарила олмайди. Масалан, ҳазрат Алишер Навоий бутун умрини ижодий меҳнатга бағишлади, халқимиз, инсоният учун «Хазойин ул-маоний», «Хамса»дек буюк асарлар яратиб, эзгулик тимсолига айланди. Эзгулик маълум маънода абадийлик хусусиятига эга, чунки Навоий асарлари миллионлаб одамларга асрлар мобайнида завқ-шавқ улашиб, уларни комилликка чорлаб келмоқда. Айни пайтда, Навоийнинг ўзи бевосита кўплаб яхшиликлар қилди – муҳтож одамларни қўллаб-қувватлади, аҳолининг солиқларини ўз ҳисобидан тўлади, халқ учун ўнлаб иншоотлар қурдирди ва ҳоказо. Унинг бу яхшиликлари ҳар қанча ижобий ҳодиса бўлгани ҳолда, ўткинчилик табиатига эга. Демак, эзгулик, асосан, билвосита амалга ошириладиган, узоқ келажакка мўлжалланган, яъни стратегик аҳамиятга молик ахлоқий хатти-ҳаракатлар мажмуи; яхшилик эса, одатда, бевосита муайян давр учун долзарблик хусусиятига эга ахлоқий фаолиятдир. Шундай қилиб, яхшиликни юксак ижтимоий-маънавий ҳодиса – эзгулик билан айнанлаштириш тўғри эмас. Бу фазилатларнинг яна бир фарқи шундаки, шахс ва жамият ҳаётида воқе бўлган эзгулик ҳеч қачон ёмонликка айланмайди яхшиликда эса бундай эмас: бирор объектга қилинган яхшилик бошқа бир объект учун ёки яхшилик қилган субъект учун ёмонликка айланиши мумкин. Ахлоқ ва ахлоқсизлик, маънавият ва маънавиятсизликни фарқлашда яхшилик муҳим рол ўйнайди. Кенг маънода барча ижобий ахлоқий-маънавий сифатлар яхшилик билан боғлиқдир. Масалан, қаҳрамонлик, мардлик, ватанпарварлик ижобий ахлоқий сифатлар сирасига киради ва яхшилик билан узвий боғлиқ. Ёки бўлмаса, маънавият тизимидаги «муҳаббат» яхшиликнинг ибтидоси сифатида талқин қилиниши мумкин. Муҳаббатнинг акси бўлган нафрат ўз объекти учун яхшиликка асос бўла олмайди.

 

Яхшилик инсонларнинг моддий ёки маънавий манфаатлари билан боғлиқ тарзда намоён бўлади. Одамлар ўзларининг манфаатларига зид бўлган ҳаракатларни яхшилик сифатида баҳоламайди. Бу фикрдан яхшилик ва манфаатлар ўртасида айнанлик мавжуд, улар орасига тенглик белгисини қўйиш мумкин, деган хулоса келиб чиқмайди. Баъзан одамлар ўз манфаатларига зид бўлган ҳодисаларни ҳам яхшилик сифатида баҳолаши мумкин. Масалан, раҳбар томонидан ходимга берилган адолатли жазо адолатпарвар ходим томонидан яхшилик сифатида баҳоланиши мумкин. Фалсафа, фан тарихида яхшилик объектига нисбатан турлича талқинлар мавжуд. Яхшиликни ҳар ким қилиши керак, яхшиликни ҳар куни қилиш керак, деган ёндашув билан бир қаторда, яхшиликни ҳаммага қилиш керак, деган ғоя ҳам илгари сурилган. Яхшилик одамларга ахлоқий баҳо беришда асосий мезонлардан бири сифатида хизмат қилади. Ахлоқий баҳо уларнинг сўзларига эмас, амалларига қараб берилар экан, уларнинг фаолияти жамиятга, кишиларга нисбатан Яхшиликка йўналтирилганми ёки ёмонликка йўналтирилгани ҳақида хулоса қилишга асос бўлади. Масалан, Навоийнинг: «Одами эрсанг, демагил одами, Ониким йўқ халқ ғамидин ғами», деган мисраларида одамийликка яхшилик нуқтаи назаридан баҳо берилади.

 

Кундалик ҳаётда бу мезондан четга чиқиш ҳоллари ҳам учрайди. Одамларни баҳолашда баъзан уларнинг амалларига эмас, сўзлари, хушомадлари, лаганбардорлигига эътибор берилади. Яхшилик тушунчаси мутлақ хусусиятга эга эмас. Яхшиликнинг нисбий жиҳатлари ҳам мавжуд. Айни пайтда яхшилик тушунчасидаги нисбий жиҳатларни мутлақлаштириш ҳам тўғри эмас. Яхшилик тушунчаси таркибида нисбий жиҳатлар билан бир қаторда, барқарор хусусиятлар ҳам мавжуд. Яхшилик таркибидаги нисбийлик айнан бир ҳодисага турли шахслар ёки турли даврларда турлича баҳо берилишида кўринади. Яхшилик кўпайиб, ёмонлик камайиб бораётган жамият маънавий юксаклик, фаровонликка тезроқ эришади. Дунёда яхшилик билан ёмонлик ёнма-ён юрганидек, бу тушунчалар фанда жуфт категориялар ҳисобланади. Яхшилик тушунчаси нафақат ахлоқий ҳодисаларга, балки ижтимоий-сиёсий ҳодисаларга нисбатан ҳам қўлланиши мумкин.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

18:12 / 04.12.2024 0 7
Бунинни жиддий рақиб деб бўладими?

Биласизми?

10:12 / 03.12.2024 0 29
Пул ва минора – улар “қариндаш”ми?

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 163
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6378
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4941
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4585
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4012
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3422
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2987
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2906
Туғилган кун

//