Бир куни...
Эътиқод (арабча ишонч, иймон) – муайян мақсад, қадриятга ишонч, шу асосда шаклланган тафаккур тарзини ифода этувчи тушунча. Илмий-фалсафий адабиётда эътиқод тушунчаси турлича талқин этилади, жумладан, эътиқоднинг вужудга келиши учун билим энг муҳим асос вазифасини бажаради. Лекин эътиқод ва билим айнан бир хил тушунчалар эмас. Албатта, билимларнинг чинлиги эътиқодни мустаҳкам бўлишида ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Аммо, ҳар қандай билим эмас, балки инсон онгида қайта ишлаб чиқилган, яъни тажриба чиғириғидан ўтган, иккинчи марта қайта ҳосил бўлган билимларгина (ғоялар, назариялар) эътиқоднинг мустаҳкам бўлишини таъминлайди. Инсоният тараққиёти жараёнида яратилган билимлар инсоннинг ўзи учун, унинг эҳтиёжлари учун қайта кашф этилгандагина, чинакам эътиқод даражасига кўтарилади. Билим эътиқодга айланиши учун бир неча босқичларни босиб ўтади. Чунончи, билим ўз тараққиётининг дастлабки босқичида англаш ҳолатини босиб ўтади. Англаб олинган билим, ўз тараққиётининг иккинчи босқичида тушуниш ҳолатига киради. Инсон, билимларнинг маъно-моҳиятини тушуниб етгач, унинг тўғрилигига (ёки нотўғрилигига) ишонч ҳосил қилади. Тажрибадан маълумки, фақат мустаҳкам эътиқодга айланган билим (ғоя, назария) инсон амалий фаолиятининг такомиллашувига хизмат қилади. Инсон эътиқоди нафақат турли ҳақиқатларни ўзида акс эттирган билимлар, балки ўша билимларга берган баҳоси, унга бўлган муносабатига ҳам боғлиқдир. Шунинг учун ҳам билим (ғоя, назария)нинг эътиқодга айланиши жараёнини таҳлил этганда, у ижтимоий амалиёт маҳсули, инсоннинг билиш борасидаги фаолиятининг маҳсули эканини унутмаслик даркор.
Эътиқод қуйидаги уч ҳолатни босиб ўтади: а) билим, ғоя, назария (яъни ақлий ҳолат); б) билимга берилган баҳо, муносабат (яъни баҳолаш ҳолати); в) ўзлаштирилган билимларни ўз фаолиятига татбиқ этиш, улар асосида ўз хатти-ҳаракатини тартибга солиш (хоҳиш-ирода билан бошқариш ҳолати). Инсон дунёқарашининг асосий компоненти сифатида эътиқод билиш, баҳолаш, бошқариш каби функцияларни бажаради. Билиш функциясининг асосида оламдаги турли воқеа-ҳодисалар, жараёнлар содир бўлишига доир билимлар ётса, баҳолаш функцияси ўзлаштириб олинган билимларга таяниб, содир бўлаётган ўзгаришлар маъно-моҳиятини тушуниб олиш билан боғлиқдир. Бошқариш функцияси эса, инсоннинг ўз хулқ-атвори, хатти-ҳаракатига кўрсатаётган таъсири, уни аниқ мақсад сари йўналтира олиш қобилияти, малакаси билан боғлиқдир. Демак, билим, ғоя, назария инсоннинг амалий фаолияти чиғириғидан ўтгач, ишончэътиқодга айланади. Ишонч инсоннинг онглилиги, хулқ-атворини характерласа, иймон кишининг хатти-ҳаракатида намоён бўлади. Эътиқод инсон хулқ-атвори ва хатти-ҳаракатининг бирлиги ҳолатини ифодаловчи интегратив тушунчадир. Ўз навбатида, эътиқод инсон хатти-ҳаракати йўналишини белгиловчи асосий детерминантдир. Хоҳиш-ирода, истак каби унсурлар эътиқоднинг инсон амалий фаолиятида намоён бўлиши учун ҳал қилувчи туртки беради. Амалий фаолият эса эътиқодни инсон ҳаётий позициясига айлантиради. Шундай қилиб, эътиқод инсон дунёқарашининг энг барқарор компонентидир. Худди шу компонент инсоннинг онгли фаолияти, сўзи билан иши бирлигини таъминловчи мустаҳкам, ишончли кўприкдир. Лекин эътиқод ўз мазмуни, характерига кўра хилма-хил тарзда (гуманистик, фашистик, коммунистик, расистик ва бошқа) намоён бўлиши мумкин.
Авторитаризм ёки зўравонлик, маъмурий буйруқбозлик ёки ирқчиликка асосланган ҳар қандай эътиқод шахс мустақиллигини емиради, инсонни буйруқни бажарувчи қўғирчоққа айлантиради. Аниқроғи, дунёқарашида фашистик ёки ғайриинсоний, ирқчилик, буюк давлатчилик шовинизми ёки диний фанатизм устуворлик қилган эътиқодга асосланган ҳар қандай инсон, ҳеч қачон мустақил шахс даражасига кўтарила олмайди. Дунёқарашида бундай эътиқод устуворлик қилган киши мустақил фикрлаш, мустақил ишлаш, мустақил яшаш маданиятидан маҳрум бўлади. Чинакам билим, ишончга таянган, турмуш синовларидан ўтган илмий ғоя ва назарияга асосланмаган эътиқод ғайриилмий эътиқоддир. Шунингдек, эътиқод – психологик ҳамда ижтимоий-психологик тушунча бўлиб, одамнинг муайян қараш, таълимот-назария, ҳаётий ақида, қадрият ёки фаолият тамойилларини эмоционал-ҳиссий қабул қилиш жараёнида шаклланган собит фикр ва тасаввурлар мажмуи ҳамдир. Бошқача айтганда, эътиқод маълум қадриятлар, диний ёки дунёвий маслак, муносабатларнинг инсон қалбида яшаш фалсафаси, фаолият дастури сифатида қабул қилинишидир. Агар шу жараённинг оқибати ўлароқ одамда диний ёки дунёвий маслак, ишонч каби турғун муносабатлар шаклланган бўлса, биз уни эътиқодли одам деб атаймиз. Инсоннинг инсонлиги, унинг жамиятдаги ўрни ва нуфузи ҳам маълум маънода унинг эътиқоди билан белгиланади. Айрим инсонлар бутун умри мобайнида фақат битта нарсага эътиқод қилади. Масалан, франциялик машҳур сайёҳ Кусто ва унинг маслакдошлари бир қарашда, бутун умрини денгиз ҳаёти ва ундаги сирли воқеалар, ҳайвонот дунёсини кашф этишга бағишлагандек кўринади. Денгиздан жуда узоқда яшайдиган, ундан манфаат кўрмайдиган одамлар учун бу тадқиқотчиларнинг ҳаёти ва фаолияти кераксиз нарсадек туюлади. Лекин Кустонинг ўз ишига садоқати, эътиқоди шу даражада кучлики, уни бутун дунё, соғлом фикрловчи ҳар бир инсон жуда юксак қадрлайди. Бу каби одамларнинг бошқа соҳалардаги хизмати кам бўлиши мумкин, аммо башарият уни юксак эътиқоди учун ҳурмат қилади. Демак, эътиқодсизликдан қўрқиш керак, агар ҳеч нарсага ишонмайдиган, мақсад-маслаги номаълум кишини кўрсангиз, унга ёрдам бериш лозим, чунки бу одамдаги эътиқодсизлик нафақат унинг ўзига, балки атрофдагиларга ҳам зиён келтиради.
Эътиқодли одам, аввало, фойдали иш билан шуғулланади, ўзгаларга зиён келтирувчи амаллар қилмайди, ёлғон гапирмайди. У ҳамиша лафзига амал қилади, яъни бир нарсани қиламан, деб аҳд этса, бутун кучи ва иқтидорини сафарбар қилиб, уни албатта бажаради, бошлаган ишини охирига етказади. Эътиқодли инсон нима қилаётганини, нима учун айнан шу ишни қилаётганини жуда яхши билади. Шу боис ҳақиқий эътиқод эгаси илмга интилади, ўз олдига аниқ мақсад қўйиб яшайди, ҳар томонлама баркамол бўлишга тиришади, яхшиларга ошно бўлиш, буюкликка ҳавас унинг ҳаётий шиорига айланади. Ҳақиқий эътиқод соҳиби ўзидан оиласига, фарзандларига, инсониятга нимадир қолдиришни истаб яшайди. Шунинг учун ҳам эътиқод, шахсдаги журъат, мардлик, фидоийлик, ирода, виждон, қатъият, ҳалоллик, инсонпарварлик, ватанпарварлик каби фазилатлар билан боғлиқдир.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ