Эстетика. Эстетик муносабат. Этикет


Сақлаш
16:12 / 15.12.2023 0 473

Эстетика (юнонча aisthetikos – ҳиссий идрок, сезги) – 1) воқеликни ҳиссий таъсирчан, эмоционал ўзлаштириш; 2) эстетик фаолият қонуниятлари тўғрисидаги фан, нафосатшунослик. Эстетикага оид дастлабки таълимотлар милоддан аввалги 2–3 минг йил муқаддам Қадимги Миср, Ҳиндистон, Хитойда вужудга келиб, Қадимги Юнонистонда Афлотун, Арасту, римлик Лукреций, Гораций сингари мутафаккирларнинг асарларида ҳар томонлама ривожланди. Ўрта асрларда Яқин Шарқ ва Марказий Осиёда ҳам ўзига хос эстетик ғоялар вужудга келди. Низомий, Саъдий, Юсуф Хос Ҳожиб, Навоий, Беҳзод каби санъаткорлар ижодида гўзаллик ва эзгуликнинг уйғунлигини тараннум этувчи эстетик тасаввурлар таркиб топди. Шунингдек, тасаввуфона қарашлар кенг ёйилди. Ўрта асрлар Европасида «илоҳий гўзаллик» (Аврелий Августин, Фома Аквинский) ҳақидаги тасаввурлар кенг ёйилди. Уйғониш даври арбоблари (Леонардо да Винчи, Л.Альберти, М.Монтень, В.Шекспир, М.Сервантес) табиат билан жамият моҳиятан гўзалдир, санъаткор эса, табиат ва инсоннинг гўзаллигини куйлаши керак, деган эстетик тамойилни қўллаб-қувватладилар. Немис мутафаккирларидан Лессинг, Гердер, шунингдек, Гёте, Шиллер санъатда ҳаққонийлик ғоясини илгари сурдилар; Кант, Фихте, Шеллинг, Гегель каби донишмандлар эстетик тафаккур тарётига самарали ҳисса қўшдилар. Чунончи, Гегель эстетика предмети нафис санъатдаги гўзалликдан иборатдир, деган ғояни илгари сурди.

 

XVIII аср ўрталарида немис маърифатпарвари Александр Готлиб Баумгартен (1714–1762) «Поэтик асарга доир баъзи масалалар хусусида фалсафий мулоҳазалар» (1735) асарида эстетикани алоҳида фан деб ҳисоблади ва унинг санъатда ёрқин намоён бўлишини кўрсатди. Шўро даврида коммунистик мафкуранинг ҳукмронлиги оқибатида эстетик фикрлар соҳасида ноилмий концепциялар вужудга келди (дунёқараш масаласида материалистик қарашнинг якка ҳукмронлиги; эстетик ҳодиса ҳисобланмиш санъатда партиявийлик, синфийлик тамойили; эстетик меросга синфий ёндашиш ва ҳоказо). Тафаккур тарихини чуқур ўрганиш эстетикани фан сифатида эътироф этиш имконини берди. Эстетика фан сифатида эстетик тафаккур тарихи, эстетиканинг назарий-методологик муаммолари ва эстетик тарбия масалаларини ўз ичига олади. Эстетика фалсафа, миллий истиқлол ғояси, социология, санъатшунослик, психология, педагогика каби фанлар билан узвий боғланган, айни вақтда, уларнинг умумэстетик маданиятни шакллантиришдаги функцияларини амалга оширишда муҳим ўрин тутади. Бозор муносабатларига ўтиш жараёнида умумэстетик эҳтиёжларнинг ортиши, уларни қондиришга қаратилган фаолиятнинг чуқурлашиб бориши, комил инсонни тарбиялаш вазифаларининг чуқурлашуви, шунингдек, ижтимоий ҳаётда миллий санъатимиз ролининг ортиб бориши жараёнида эстетикани ўрганиш ва ривожлантиришнинг аҳамияти янада кучайди.

 

Эстетик муносабатсубъект билан объект ўртасидаги ўзаро ҳаракат ва ўзаро таъсирнинг махсус турини англатувчи фалсафий тушунча. Эстетик муносабат нафосатли объектдир. Аслини олганда нафосатли бўлмаган нарсаларнинг ўзи йўқ. Муайян шарт-шароитда ҳар қандай нарса, воқеа-ҳодиса нафосатли табиатга эга бўлиб, эстетик муносабат ва нафосатли баҳо объектига айланиши мумкин. Лекин улар маълум талабларга жавоб беришлари керак: биринчидан, аниқ ҳис-туйғу, сезги-идрок қобилияти ва имкониятига эга бўлиши, иккинчидан, у ёки бу воқеа-ҳодиса инсоний алоқалар ва муносабатларга киришиб, ижтимоий аҳамият касб этиши керак. Шундагина муайян воқеа-ҳодиса эстетик муносабат объектига айланади, яъни у ўз қадрини топади, баҳолаш эса воқеа-ҳодисаларнинг қадри ёки ижтимоий аҳамиятини англашнинг махсус шаклидир. Инсоннинг воқеликка нафосатли муносабати аслида воқеликка баҳо беришнинг алоҳида тури, воқеа-ҳодисаларни нафосатли қадрлаш усулидир. Шундай қилиб, нафосатли объект одамларнинг нафосатли эҳтиёжларини қондиришга хизмат қиладиган воқеликнинг хилма-хил кўринишларида ўз ифодасини топади. Нафосатли объектнинг зарур томони эстетик муносабат субъектидир. Эстетик муносабат субъекти ўз таркибида жамиятнинг зарур бўлакларини бириктирган, турли соҳаларда моддий-маънавий фаолият олиб борадиган ижт-й гуруҳлар ҳамда айрим шахслардан иборат жуда мураккаб ижт-й ҳодисадир. Эстетик муносабатда ҳис- ҳаяжон махсус ўрин эгаллайди. Ҳис-ҳаяжон эстетик муносабатнинг барча поғоналарида амал қилиб, лаззатланиш, ҳаяжонланиш ҳолати билан якунланади.

 

Этикет (французча etiquette – маълум жойда ўрнатилган тартиб-қоида) – инсон ва жамият ташқи маданиятининг асосий қисми бўлиб, унинг қатъий русум тусини олган талаблари асрлар давомида, гўзаллик, интизом, ақл ва идрокнинг муштараклиги асосида шаклланган эстетик меъёрлар мажмуи. Ушбу ибора «этика» атамасига яқинроқ бўлиб, «одоб-ахлоқ», «одат», «маросим» каби тушунчаларни англатади. Уларнинг мажмуи умумқабул қилинган одатлар, одоб-ахлоқ меъёрлари, маросимлар ўтказиш тартиби ҳақидаги қоидаларни ўзида мужассам этган фан орқали ўрганилади. Этикет айрим адабиётларда одоб-ахлоқ, мулозамат ва муомала маданияти сифатида талқин қилинади. Этикет такаллуфнинг майда-чуйда жиҳатларигача ишлаб чиқилган одоб қоидалари сифатида ижобий, кишининг кўзини қувонтирадиган муносабат ҳодисаси ҳамдир. Айни пайтда этикет инсоннинг маданий даражасини белгиловчи, уни ахлоқий меъёрлар сари етакловчи, комилликка интилишга рағбатлантирувчи муҳим тарбиявий жиҳатларни ҳам қамраб олади. Этикетнинг қамрови кенг бўлиб, у маълум маънода халқаро миқёсда қабул қилинган муомала қонун-қоидаларини ҳам назарда тутади. У кўпроқ инсоннинг ташқи мадти, ўзаро муносабатларда ўзини тутиш қонун-қоидаларининг бажарилишини бошқаради. Муомала жараёнида инсон ўз муносабатларига ижодий ёндашиб ҳар хил вазиятларда ўзига хос тарзда муомала қилиш имконига эга бўлса, этикет муайян ҳолат учун фақат бир хил тусда қоидалаштирилган хатти-ҳаракатни тақозо этади. Бундай ҳолларда инсон ўзини қандай тутиши, қабул қилинган одоб-ахлоқ нормаларига мувофиқ ёки бу қоидаларга хилоф хатти-ҳаракат қилиши кераклигини маълум даражада мустақил ҳал қилади ва ўз ҳаракатларига ўзи баҳо беради. Иш юзасидан мулоқот – инсон ҳаётининг зарурий қисми, ижтимоий муносабатларнинг муҳим туридир. Ахлоқий нормалар бундай муносабатларни мувофиқлаштирувчи омил сифатида инсоннинг яхшилик ва ёмонлик, адолат ва адолатсизлик, тўғрилик ва эгриликка йўналтирилган фаолиятини бошқаради.

 

Асрлар мобайнида бой миллий маънавий меросимизда ўз аксини топган анъана, қадрият ва талаблар ахлоқий қирраларни ўзида мужассам этиб, жамият аъзолари кундалик хулқ-атворларини мувофиқлаштириб, шахс маънавияти ҳамда маданиятининг ажралмас қисмига айланган. Шунингдек, умуминсоний қадриятлар, қоида ва талаблар уйғунлиги асосида этикет нормалари ишлаб чиқилганки, буларнинг замирида ҳам ахлоқий меъёр ва тамойиллар ётади. Замонавий этикет – шахсда ички ва ташқи маданият уйғунлигини таъминлаб, ундан юксак ахлоқий хатти-ҳаракатни талаб қилади. Инсоннинг ташқи ахлоқий-маданий хислатларини қамраб олган этикет унинг ички маънавий-руҳий даражасига асосланади. Этикет қоидаларига амал қилган инсон интизоми ва тартиблилиги билан ажралиб туриши шарт. Бундай фазилатларга эга бўлган инсон бошқаларга қўполлик қилмайди, ноўрин, ножўя сўзлар билан ўзга кишилар кўнглини оғритмайди. Этикет, энг аввало, муомала ва урф-одатлар орқали шаклланади. Иш юзасидан бўладиган ахлоқий муносабатлар доирасида этикетнинг кўп қиррали (универсал) эканини таъкидлаш жоиздир. Этикет, биринчи навбатда, инсон шахсияти, индивидуаллигини ҳурмат қилишга ундайди. Замонавий этикет меъёрлари кишилар ўртасидаги мулоқотда мураккаблик ва жимжимадорликдан воз кечиб оддий, самимий, табиий ҳамда ақл-идрокка асосланган муносабат ўрнатиш, бир-бирини тушуниш ва ҳурмат қилишга хизмат қилади. Бизнинг ҳар бир хатти-ҳаракатимизда, инсоний муносабатларимизда тарихан шаклланган, авлоддан-авлодга ворисийлик асосида ўтадиган эикет қоида ва меъёрлари муомала маданиятимизда ўз аксини топади. Шунингдек, барча амал қилиши лозим бўлган этикет қоида ва талабларидан ташқари касбий этикет меъёрлари ҳам алоҳида ўрин тутади. У барча ходимлар томонидан касбий функцияларни ахлоқий нормалар асосида бажаришга қаратилган муносабатларнинг шаклланишига хизмат қилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

18:12 / 04.12.2024 0 7
Бунинни жиддий рақиб деб бўладими?

Биласизми?

10:12 / 03.12.2024 0 29
Пул ва минора – улар “қариндаш”ми?

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 163
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6378
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4941
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4585
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4012
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3422
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2987
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2906
Туғилган кун

//