Эстетик онг. Эстетик ҳис-­туйғулар. Эстетик дид


Сақлаш
16:12 / 15.12.2023 0 443

Эстетик онголамни эстетик англаш, дунёга инсон муносабатининг субъектив томони. У ижтимоий онг шаклларидан бири сифатида ахлоқий онг, сиёсий онг, ҳуқуқий онг, диний онг, фалсафий онг каби ижтимоий ҳодисалар билан бир қаторда туради. Эстетик онг маънавий-руҳий воқеа-ҳодисалар мажмуи бўлиб, улар ижтимоий ҳаёт заминида вужудга келадиган эстетик ҳис, эстетик дид, фикр, орзу-қараш назарий тизимини англатади. Эстетик онг ахлоқий онг билан баробар тарзда, ижтимоий онгнинг бошқа шаклларидан олдинроқ вужудга келган. Дастлабки пайтларда эстетик ҳис-туйғу, кечинмалар одамларнинг бевосита моддий ва маънавий фаолиятига чирмашиб кетган бўлиб, табиатни ижтимоий тараққиётнинг бу палласида эстетик ҳис-туйғу, кечинма ва мулоҳазалар вужудга келиши ҳамда ривожланиши моддий асослар билан чамбарчас боғланиб кетганида яққол кўзга ташланади. Тарихий ривожланиш эстетик ҳис-туйғулар шаклланиши, уларнинг амал қилиш суръатларига эстетик қарашлар ва ғоялар мазмунига кучли таъсир ўтказиб борган. Шунингдек, эстетик онг ривожига санъат таъсир кучининг тобора ортиб боришини ҳам таъкидлаш керак.

 

Эстетик онг ижтимоий онгнинг махсус шакли сифатида эстетик фаолият билан узвий боғлиқ бўлиб, эстетик фаолият жараёнида шаклланади ва қарор топади. Эстетик онг бадиий онг билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Улар бир-бирига яқин тушунчалар бўлса-да, айнан бир маънони англатмайди. Эстетик онг воқеликни бутун бирлигича идрок этиб, қайта ишлаш жараёнида вужудга келса, бадиий онг воқелик ёрдамида санъатни яратиш ва идрок этиш натижасидир. Бадиий онг бадиий асарлар тизимида ифодаланса, эстетик онгнинг акс этиш кўлами анча кенгдир: у одамларнинг меҳнат фаолияти, унинг натижалари, моддий ва маънавий қадриятларида ўз ифодасини топади.

 

Эстетик ҳис-­туйғулар – оламни эстетик англаш асосида шаклланган ҳис-туйғулар. Улар умуман инсон онгининг ажралмас томони бўлиб, нафосатли онг соҳасида махсус ўрин тутади. Улар эстетик онгнинг алоҳида қатлами, унинг пойдеворини ташкил қилади. Эстетик ҳис-­туйғулар эстетик онгнинг барча жабҳаларига сайқал беради ва бойитади. Руҳий ҳаётнинг бошқа бўлаклари сингари эстетик ҳис­-туйғулар ҳам воқелик инъикосини англатади, лекин бу тарздаги инъикос этиш алоҳида тусда қарор топади. Уларда билиш, кечинмалар ўзаро чирмашиб кетган бўлади. Ҳис-туйғулар ҳамма вақт инсоннинг ўз эҳтиёжлари қондирилиши ёки қондирилмаслигига бўлган муносабати билан боғлиқ ҳолда вужудга келади. Ўз моҳиятига кўра, ижтимоий табиатли маънавий ҳосилани ташкил этган нафосатли ҳис-туйғулар маълум физиологик асослар ва шарт-шароитларга ҳам эга. Улар биринчи ва иккинчи огоҳлантириш (сигнал) системаларининг амал қилиши билан боғлиқ бўлиб, уларни физиологик ҳамда руҳий-физиологик жиҳатлардан ҳам ўрганиш имкониятини яратади. Эстетик ҳис­-туйғулар ўз шакли, ўзининг намоён бўлиши ва амал қилиши жиҳатидан субъектив табиатга молик бўлиб, инсон ички дунёсининг бир қисми ва субъектив воқеликнинг бир бўлагини ташкил этади. Лекин нафосатли ҳис-туйғуларнинг конкрет мазмуни бир мақсад томон йўналтирилган инсон фаолиятида ўз ифодасини топади.

 

Энг мураккаб ва турғун эстетик ҳис-­туйғулар қаторига гўзаллик, олижаноблик, фожиалилик ва кулгилилик ҳислари киради. Бу қаторда марказий ўринни эстетик ҳис эгаллайди. Эстетик ҳис-­туйғулар кечинмалардан ажралган ҳолда намоён бўла олмайди, нафосатли ҳис-туйғунинг ўзи алоҳида кўринишдаги кечинмалар жараёни сифатида содир бўлади. Унинг ўзига хос белгиси субъект билан объектнинг қўшилиб кетишида намоён бўлади. Эстетик кечинма енгиллик, ҳузурланиш, эстетик объектга нисбатан ишончли муносабатда бўлиш каби белгиларни ўз ичига олади. У субъектнинг алоҳида фаоллиги, хусусан, хаёл, тасаввур қила билиш кучи билан белгиланади.

 

Эстетик дид – воқеа-ҳодисаларнинг эстетик сифатларини идрок этиш ва баҳолаш жараёнида олинадиган қониқиш ёки қониқмаслик туйғуси, эстетик мезон. Эстетик дид инсоннинг фикр-мулоҳазалари, хулқ-атвори, хатти-ҳаракатлари, моддий ва маънавий ижод маҳсулотларида ўз ифодасини топади. Эстетик дид заминида гўзалликни хунукликдан ажрата билиш ва ундан беғараз шодланиш ҳамда лаззатланиш қобилияти ётади. Эстетик дид одамларнинг дунёқарашидан, айниқса, эстетик қарашларидан ажралмаган ҳолда амал қилади. Эстетик билимлар ва қарашлар дидда ифодаланиши учун улар шахснинг ички дунёсига, идрок қилиш жараёнининг ўзига сингиб кетиши, шахснинг мустаҳкам эътиқодига айланиши лозим. Эстетик дид ўзида бевосита ва билвосита, ҳиссий ва ақлий, якка одам ва жамият эстетик диди қарама-қаршиликлари бирлигини мужассамлаштиради. Эстетик диднинг зиддиятли табиати ҳақида дастлаб Кант муносабат билдирган эди. Кант назарида дид якка одамга хос бўлган инсоннинг туғма қобилиятидир. Дид шу қадар якка тартибда ифода топадики, уни ҳеч қандай далиллар билан инкор этиб бўлмайди.

 

Дид мулоҳазаси ниҳоятда шахсий табиатга моликдир. Шу боисдан ҳам «дид тўғрисида баҳслашмайдилар». Лаззатланиш объекти бўлган ҳиссийлик, нафосат барча учун баробар даражада аҳамиятлидир, у фақат мазкур шахснинг ўзигагина эмас, балки ҳаммага ёқади. Инсон ўзига ёққан нарсаларни бошқаларга ҳам ёқади деб ўйлайди. Демак, дидлар учун умумий ҳисобланадиган томонлари ҳам бор. Шу сабаб дид тўғрисида баҳслашиш асослидир. Кант иккала мулоҳазани антиномия сифатида таърифлайди. Инсон амалиётининг бой ва хилма-хиллиги маънавий муносабатларнинг ҳам бой ва хилма-хил бўлишига олиб келади, дид эса, уларнинг энг муҳим намоён бўладиган туйғуларидан ҳисобланади. Алоҳида шахснинг эстетик диди унинг бетакрор ҳаётий тажрибаси заминида шаклланади. Табиийки, алоҳида тарбия шароитлари, ҳаётий тажриба, табиати ва эҳтироси таъсири остида у ёки бу эстетик қадриятлар табиат ҳодисалари, инсон моддий фаолияти маҳсулотлари, бадиий қийматларга кўпроқ мойиллик вужудга келади. Эстетик онг билан бадиий онгни тенглаштириб бўлмаганидек, эстетик дид билан бадиий дидни ҳам тенглаштириш мумкин эмас. Эстетик дид бадиий дид билан боғлиқ бўлиб, кўп жиҳатдан унинг устига қурилади, лекин у билан қўшилиб кетмайди. Бадиий ва эстетик дид ўртасидаги тафовут уларнинг турлича идрок этиш объектларига эга бўлиши билан боғлиқдир. Икки дид ўртасидаги фарқни ҳисобга олиш билан бирга, уларни бир-бирига қарама-қарши қўймаслик лозим. Бадиий дид ҳамма вақт эстетик дидга асосланади, ундан келиб чиқади.

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

18:12 / 04.12.2024 0 7
Бунинни жиддий рақиб деб бўладими?

Биласизми?

10:12 / 03.12.2024 0 29
Пул ва минора – улар “қариндаш”ми?

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 163
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6378
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4941
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4585
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4012
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3422
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2987
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2906
Туғилган кун

//